Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 51 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан солиқ тўловчиларнинг солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида»

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори

 

Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига мувофиқ, шунингдек, солиқ тўловчилар учун солиқ тўловларини амалга оширишда қулайлик яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан солиқ тўловчиларнинг солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш тартиби тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

солиқ тўлаш муддатини ўзгартириш бўйича солиқ тўловчилар томонидан мурожаат қилиш тартиби;

солиқ тўлаш муддатини ўзгартириш бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарори лойиҳасини тайёрлаш тартиби;

солиқ тўлаш муддатини ўзгартириш бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қарор қабул қилиш тартиби.

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, ер солиғи ва ягона ер солиғи бўйича тўлаш муддатини узайтириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2019 йил 25 ноябрдаги 951-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А.Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Ш.Д.Кудбиев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2020 йил 11 декабрь

776-сон.


ЎзР ВМнинг 2020 йил 11 декабрдаги 776-сон қарорига
ИЛОВА

МАҲАЛЛИЙ ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ ОРГАНЛАРИ ТОМОНИДАН СОЛИҚ ТЎЛОВЧИЛАРНИНГ СОЛИҚ ТЎЛАШ МУДДАТЛАРИНИ ЎЗГАРТИРИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА
НИЗОМ

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Ушбу Низом маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан мол-мулк солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ва айланмадан олинадиган солиқни (кейинги ўринларда – солиқлар) тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тартибини белгилайди.

Ушбу Низомнинг амал қилиши қонун ҳужжатларига мувофиқ юридик ва жисмоний шахсларга татбиқ этилади.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

солиқ қарзи – Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси (кейинги ўринларда – Солиқ кодекси) талабларига мувофиқ ҳисоблаб чиқарилган (ҳисобланган) ва белгиланган муддатларда тўланмаган солиқларнинг, шу жумладан, улар бўйича бўнак ва жорий тўловларнинг суммалари, шунингдек, Солиқ кодексида белгиланган муддатда тўланмаган молиявий санкциялар ва пенялар;

солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш – солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш орқали солиқ тўлашнинг муддатини кейинроқ муддатга кўчириш;

солиқ тўлашни кечиктириш – солиқ қарзини бир йўла тўлашни назарда тутган ҳолда солиқ тўлаш муддатини ўзгартириш;

солиқни бўлиб-бўлиб тўлаш – солиқларни тенг улушларда босқичма-босқич тўлашни назарда тутган ҳолда солиқ тўлаш муддатини ўзгартириш;

ваколатли орган – Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари;

манфаатдор шахс – ушбу Низомда белгиланган солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш бўйича мурожаат қилган солиқ тўловчи.

3. Солиқни тўлаш бўйича муддатни ваколатли орган томонидан ўзгартириш имконияти манфаатдор шахсга, башарти унинг молиявий аҳволи ушбу солиқни белгиланган муддатда тўлаш имконини бермаса, бироқ кўрсатилган солиқ тўловчида бундай солиқни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш учун берилган муддат мобайнида тўлаш имконияти юзага келади деб тахмин қилиш учун етарлича асослар (аниқ ҳисоб-китоблар, бажарилган ишлар ва (ёки) кўрсатилган хизматларнинг ҳақини тасдиқловчи ҳужжатлар) мавжуд бўлган тақдирда берилади.

4. Солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш имкониятини бериш Солиқ кодексининг 100 ва 101-моддаларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Солиқ кодексининг 100-моддасида назарда тутилган асослардан бири мавжуд бўлган манфаатдор шахс томонидан товарлар ёки хизматларни ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш ушбу Низомга 1-иловада келтирилган мавсумий хусусиятга эга бўлган тармоқлар ва фаолият турлари рўйхатида мавжуд бўлганда, солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш имконияти ушбу шахснинг умумий даромадларида унинг мавсумий хусусиятга эга бўлган фаолиятдан (қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ҳамда сақлаш фаолияти ва бошқалар) олинган даромадларининг улуши камида 50 фоизни ташкил этишини тасдиқловчи ҳужжат ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳудудий бошқармаларининг маълумоти асосида тақдим этилади.

5. Солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш имкониятини бериш Солиқ кодексига мувофиқ мол-мулк гарови, кафиллик ёки банк кафолати билан таъминланиши мумкин.

6. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш имкониятини бериш ушбу Низомга 2-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

 

2-БОБ. СОЛИҚ ТЎЛАШ МУДДАТЛАРИНИ ЎЗГАРТИРИШ ИМКОНИЯТИНИ БЕРИШ ТАРТИБИ

7. Солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш имконияти ваколатли органнинг қарори асосида берилади.

8. Манфаатдор шахс томонидан солиқ солиш объекти жойлашган жой бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига (кейинги ўринларда – ҳокимликлар) солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш имкониятини бериш тўғрисида ушбу Низомга 3.1-3.2-иловаларга** мувофиқ шакл бўйича тақдим этилган қоғоз ёки электрон шаклдаги ариза ҳамда Солиқ кодексининг 101-моддасига мувофиқ илова қилинган зарур ҳужжатлар ваколатли органнинг қарори (кейинги ўринларда – қарор) лойиҳасини тайёрлаш учун асос ҳисобланади.

Бунда манфаатдор шахслар томонидан электрон шаклдаги аризалар уларнинг «шахсий кабинети» орқали тақдим этилади.

9. Ҳокимликлар манфаатдор шахснинг аризаси олинган кундан эътиборан беш иш куни мобайнида тақдим этилган ҳужжатларнинг асослилигини ўрганиб чиқиб, солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш имкониятини бериш ёхуд уни беришни рад этиш тўғрисидаги қарор лойиҳасини ваколатли органга кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун киритади.

10. Ваколатли орган солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш ёхуд уни беришни рад этиш тўғрисидаги қарор лойиҳаси киритилган кундан эътиборан ўттиз кун мобайнида қарорни қабул қилади.

Қарор ваколатли органнинг раҳбари (раиси) томонидан имзоланади.

Бунда қарорда солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш имкониятини бериш назарда тутилган тақдирда:

кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилаётган солиқ тури (турлари);

қарз суммаси;

кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилаётган солиқ тури (турлари) бўйича муддат;

қарз суммасини ва ҳисобланган фоизларни тўлаш тартиби ҳамда муддатларини ўзида акс эттирган қарорнинг нусхаси ҳокимликлар томонидан манфаатдор шахс ҳисобда турган жойдаги солиқ органига ва манфаатдор шахсга ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч иш куни мобайнида юборилади.

Қарорда солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш имкониятини бериш рад этилиши назарда тутилган тақдирда, ҳокимликлар ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир иш куни мобайнида асосланган рад этиш сабабларини кўрсатган ҳолда қабул қилинган қарор тўғрисида манфаатдор шахсни ёзма равишда хабардор қилади.

11. Солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш имкониятини бериш ёки рад этиш тўғрисидаги қарорга мувофиқ солиқ органи томонидан қарор олинган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида манфаатдор шахснинг шахсий карточкасига ёзув киритилади ва икки томонлама далолатнома тузилади.

12. Солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш имкониятини беришдан фойдаланганлик учун фоизларни ҳисоблаб чиқариш пеняни ҳисоблаш учун назарда тутилган тартибда амалга оширилади ва манфаатдор шахснинг шахсий карточкасида кечиктирилган солиқлар учун ҳисобланган фоизлар сифатида акс эттирилади.

13. Қарор ушбу қарорда белгиланган кундан эътиборан кучга киради. Бунда солиқни тўлаш учун белгиланган кундан эътиборан ушбу қарор кучга кирадиган кунга қадар бўлган бутун вақт учун тегишли пенялар, агар тўловнинг кўрсатилган муддати ушбу қарор кучга кирадиган кундан олдин бўлса, қарз суммасига киритилади.

Агар солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш имконияти мол-мулк гарови эвазига бериладиган бўлса, уни бериш тўғрисидаги қарор фақат Солиқ кодексида назарда тутилган тартибда мол-мулк гарови тўғрисидаги шартнома тузилгандан кейин кучга киради.

14. Манфаатдор шахсларга солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш имконияти:

жорий йил давомида солиқ аудити ўтказилмаган ҳолда таъминлаш чораларисиз;

солиқ органлари томонидан камерал назорат ўтказилганда қўшимча солиқ ҳисобланган ҳолда таъминлаш чоралари (мулк гарови, кафиллик ёки банк кафолати) асосида берилади.

 

3-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

15. Солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш имкониятини бериш бўйича солиқлар суммалари ўз вақтида тўланишини назорат қилиш манфаатдор шахс давлат рўйхатидан ўтган ёки солиқ тўловчи сифатида ҳисобда турган давлат солиқ инспекцияси томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

16. Давлат солиқ хизмати органлари ҳокимликлар томонидан тақдим этилган солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш тўғрисидаги ахборотлар асосида алоҳида электрон шаклда ҳисобот юритади.

17. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

18. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

 

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан солиқ тўловчиларнинг
солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА

МАВСУМИЙ ХУСУСИЯТГА ЭГА БЎЛГАН ТАРМОҚЛАР ВА ФАОЛИЯТ ТУРЛАРИ
РЎЙХАТИ

1. Қишлоқ хўжалиги тармоғи:

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва сақлаш фаолияти;

қишлоқ хўжалиги корхоналарига хизмат кўрсатиш фаолияти.

2. Балиқчилик саноати тармоғи:

балиқ ва бошқа денгиз жониворлари ва маҳсулотларини овловчи ҳамда уларнинг хом ашёларини қайта ишловчи корхоналар – балиқпазлик ва балиқ консервалари комбинатлари ва корхоналари, балиқ саноати музхоналари, балиқ уни ва мойи заводлари, балиқ овловчи хўжаликлар ва балиқларни ҳаво кемаларида қидирувчи хизматлар фаолияти.

3. Қурилиш материаллари саноати тармоғи:

пиширилган ва силикатли ғиштлар, сопол блоклар ва панеллар, ғиштдан блок ва панеллар, сопол черепицалар ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти;

уячали ва зич силикатли бетондан йирик блоклар ишлаб чиқарувчи, йирик ва майда деворбоп бетон блоклар, шлакобетон блоклар, табиий тош блоклар (чиғаноқтош, туф ва бошқалар) ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти;

оҳак ва доломит кукуни, майдаланган гипс хом ашёси ва озуқабоп бўр ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти.

4. Ёғ-пишлоқ ва сут саноати (сут консерваларини ишлаб чиқаришсиз) тармоғи:

музқаймоқ ишлаб чиқариш фаолияти.

5. Пиво ишлаб чиқариш тармоғи:

пиво ва солод ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти.

6. Вино маҳсулотларини ишлаб чиқариш саноати тармоғи:

узумдан вино ишлаб чиқариш фаолияти.

7. Пахта тозалаш саноати тармоғи:

пахта толаларини тайёрлаш ва йигириш фаолияти.

8. Азот саноати тармоғи:

ўғитлар ва азотли бирикмалар ишлаб чиқариш фаолияти.

9. Соғломлаштириш ва дам олиш муассасалари тармоғи:

болалар оромгоҳлари, дам олиш уйлари, даволаш фаолияти билан шуғулланмайдиган пансионатлар ва бошқа дам олиш муассасалари фаолияти.

10. Иссиқлик таъминоти тармоғи:

коммунал-маиший ва аҳолининг иссиқликка бўлган эҳтиёжи бўйича иссиқлик тақсимлаш тармоқлари ва иссиқлик таъминоти бўйича фаолият юритувчи ташкилотлар.

 

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан солиқ тўловчиларнинг
солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА

МАҲАЛЛИЙ ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ ОРГАНЛАРИ ТОМОНИДАН
СОЛИҚ ТЎЛАШ МУДДАТЛАРИНИ ЎЗГАРТИРИШ ИМКОНИЯТИНИ БЕРИШ
СХЕМАСИ

Босқичлар

 

 

Субъектлар

 

 

Тадбирлар

 

 

Муддатлар

 

 

 

 

 

 

 

 

1-босқич

 

 

Манфаатдор шахс

 

 

Мол-мулк солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш имкониятини бериш учун қоғоз ёки электрон шаклда солиқ солиш объекти жойлашган жой бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ариза беради.

 

 

Заруратга кўра

 

 

 

 

 

 

 

 

2-босқич

 

 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

 

 

1. Аризани ва унга илова қилинган ҳужжатларни Низом талабларига мувофиқ кўриб чиқади ва ваколатли орган қарори лойиҳасини тайёрлайди.

2. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоят халқ депутатлари Кенгашлари ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашига қарор лойиҳасини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун киритади.

 

Манфаатдор шахснинг аризаси тушган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида

 

 

 

 

 

 

 

 

3-босқич

 

 

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоят халқ депутатлари Кенгашлари ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгаши

 

 

Солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш имкониятини бериш ёхуд уни беришни рад этиш бўйича қарор қабул қилади

 

 

Солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш ёхуд уни беришни рад этиш тўғрисидаги қарор лойиҳаси киритилган кундан эътиборан ўттиз кун мобайнида

 

 

 

 

 

 

 

 

4-босқич

 

 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

 

 

1. Солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш имкониятини бериш тўғрисидаги қарорнинг нусхаси ушбу шахс ҳисобда турган жойдаги солиқ органи ва манфаатдор шахсга юборилади.

 

 

Қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида

 

 

 

2. Солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш имкониятини бериш рад этилиши назарда тутилган тақдирда, асосланган рад этиш сабабларини кўрсатган ҳолда қабул қилинган қарор тўғрисида манфаатдор шахсни ёзма равишда хабардор қилади.

 

 

Қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир иш куни мобайнида

 

 

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 11.12.2020 йилдан кучга кирди.

**Низомга 3.1-3.2-иловалар «СБХ»да чоп этилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 348 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика