Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 51 / Амалий бухгалтерия

Онлайн-НКМ харажатлари бухгалтерия ҳисоби

 

Корхона айланмадан олинадиган солиқни тўлайди, 4 та фаолият тури билан шуғулланади. Онлайн-НКМни 2 990 000 сўмга олди, «Янги технологиялар» ИАМ» ДУКга фискал модуль учун 223 000 сўм тўлади. Шунингдек техник хизмат кўрсатиш марказига бир йилда бир марта 550 000 сўм ўтказилиши керак. Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китоби шаклида имтиёзлар НКМ харид қилишда барча фаолият турлари учун умумий солиқ суммасига қўлланилади.

1. Онлайн-НКМни инвентарь сифатида кирим қилишда фискал модуль учун харажат унинг қийматига киритиладими? Бу қандай бухгалтерия ўтказмаси билан акс эттирилади? Бухгалтерия ҳисобида Техник хизмат кўрсатиш марказига техник хизматлар учун қилинган тўлов қандай ҳисобдан чиқарилади?

2. Бухгалтерия ҳисобида НКМни харид қилиш чоғидаги имтиёз суммасини корхонанинг танловига кўра асосий фаолият тури бўйича айланмадан олинадиган солиқдан ёки барча фаолият турлари бўйича тушум суммасига ёки солиқ суммасига мутаносиб равишда ҳисобдан чиқариш мумкинми?

 

 

1 Фискал модуль – ДСҚ ҳузуридаги «Янги технологиялар» ИАМ» ДУК томонидан ишлаб чиқилган, махсус ҳимояланган дастурий таъминотга эга бўлган, ўзи уланган қурилманинг ҳисоблаш қуввати ва дастурий маҳсулотини ишлатмаган ҳолда фискал маълумотларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда миллий стандартлар асосида криптографик ҳимоясини таъминловчи фискал хотира вазифасини бажарувчи ихтисослаштирилган физик қурилма (Низомнинг 2-б. 5-хатбошиси, ВМнинг 23.11.2019 йилдаги 943-сон қарорига 1-илова).

Фискал модуль билан таъминлаганлик ва «Янги технологиялар» ИАМ» ДУК томонидан хизматлар кўрсатилганлиги учун тадбиркорлик субъектларидан бир йилда бир марта 1 БҲМ миқдорида тўлов ундирилади (Низомнинг 55-б.).

Бошқача қилиб айтганда, корхона фискал модулни 1 БҲМга (ҳозирда 223 000 сўм) сотиб олиб, онлайн-НКМни ишлатишда фойдаланиладиган дастурий маҳсулотга, шунингдек, ушбу маҳсулотни ўзида сақловчи қурилмага эга бўлади. Кейинчалик корхона томонидан фискал модулдан фойдаланганлик учун ҳар йили 1 БҲМ тўланади. Қурилма хотираси тўлиб қолганда, «Янги технологиялар» ИАМ» ДУК уни янгисига алмаштириб беради.

Бинобарин, фискал модуль қиймати корхона харажатларига олиб борилади. Сиз уни бир йўла битта сумма билан ёки бир йил давомида қисмларга бўлиб ҳисобдан чиқаришингиз мумкин. Фискал модуль товарларни (хизматларни) реализация қилишда фойдаланилганлиги сабабли унинг қийматини сотиш харажатларига (9410-счёт) ҳисобдан чиқариш тўғри бўлади (ВМнинг 5.02.1999 йилдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 2.1.2.18-б.).

Бухгалтерия ўтказмалари қуйидагича бўлади:

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Дебет

 

Кредит

 

Сумма бир йўла ҳисобдан чиқарилганда

 

Фискал модуль харид қилинди

 

9410-«Сотиш харажатлари»

 

6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар»

 

Сумма бир йил мобайнида ҳар ойда ҳисобдан чиқариб борилганида

 

Фискал модуль харид қилинди

 

3190-«Бошқа келгуси давр харажатлари»

 

6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар»

 

Унинг нархи харажатларга ҳисобдан чиқарилди (ойма-ой)

 

9410-«Сотиш харажатлари»

 

3190-«Бошқа келгуси давр харажатлари»

 

 

Техник хизматлар кўрсатиш маркази томонидан онлайн-НКМга техник хизмат кўрсатилишига оид харажатларнинг бухгалтерия ҳисоби ҳам худди шундай тарзда амалга оширилади.

 

2 Онлайн-НКМдан фойдаланишга ўтганда, корхона 2021 йил 1 январга қадар онлайн-НКМни солиқ органларида рўйхатга қўйилса, тўланиши лозим бўлган айланмадан олинадиган солиқ суммасини уни харид қилиш, ўрнатиш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатлар суммасига, лекин БҲМнинг 10 бараваридан ошмаган миқдорда камайтириши мумкин бўлади (6.09.2019 йилдаги ПФ-5813-сон Фармоннинг 3-б. «а» кичик б.). Имтиёз солиқ базасини эмас, балки солиқ суммасини камайтириш тарзида берилган. Бироқ ҳисобот шакллари ушбу имтиёзни акс эттириш учун мўлжалланмаган. ДСҚнинг расмий Телеграмм-каналида берилган тушунтиришга мувофиқ имтиёздан фойдаланиш мумкин, бунда Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобига ­2-«Солиқ солинадиган жами даромадни камайтириш» иловасининг 030-сатри тўлдирилади (АВда 2020 йил 24 февралда 3221-сон билан рўйхатга олинган қарорга 9-илова).

Бироқ буларнинг ҳаммаси имтиёзни қўллаган ҳолда солиқ ҳисоботи шаклини тўлдириш учунгина қилинади. Бухгалтерия ҳисобида имтиёз бундай тарзда ҳисобланмайди. Сиз солиқни ҳисоблашингиз, камайтириладиган суммани чегириб ташлашингиз, натижада бюджетга тўлаш учун қолган суммага қуйидаги бухгалтерия ўтказмасини беришингиз лозим:

● Дт 9820-«Фойдадан ҳисобланган бошқа солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича харажатлар»

● Кт 6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз (турлари бўйича)».

 

Азизахон ТОШХЎЖАЕВА,

«Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 377 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика