Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 49 / Солиқ солиш

Ишбилармонлик обрўсини текширинг

 

Хизмат автомобили учун эҳтиёт қисмларини корпоратив карточкадан сотиб олдик. Сотувчи терминал чеки ва қоғоз шаклидаги ҳисобварақ-фактурани берди. ЭҲФни тақдим этиш сўралганда узрли сабабларсиз рад жавоби берилди. Бундай вазиятда бухгалтер қандай йўл тутиши керак? Хўжалик операцияси амалга оширилган. Уни қандай ҳисобга олиш лозим? 

 

Ушбу вазиятни ДСҚ солиқ маслаҳати бошқармасининг бўлим бошлиғи Улуғбек ДАДАХОНОВ ва «Norma» компанияси эксперти Ольга БУСАРОВА шарҳлаб бердилар.

 

Улуғбек ДАДАХОНОВ:

– Солиқ тўловчилар контрагентларни танлаш чоғида лозим даражада эҳтиёткорлик қилиши, уларнинг ишбилармонлик обрўсини текшириши шарт. Лозим даражада эҳтиёткорлик қилмаганлик оқибатида кўрилган зарарлар харидорнинг зиммасига тушади (СК 15-м. 1-қ.).

Тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги битимлар ҳисобварақ-фактуралар билан расмийлаштирилади (СК 47-м.). Ҳисобварақ-фактура шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиб олиш тартиби тўғрисидаги низомда (14.08.2020 йилдаги 489-сон ВМҚга 2-илова) қайд этилишича, сотувчи корпоратив пластик карта ёрдамида харид қилиш чоғида харидорнинг талабига биноан ЭҲФни тақдим этиши шарт (5-б.).

СКнинг 47-моддасидан келиб чиқадиган бўлсак, назорат-касса техникаси чеки ёки белгиланган намунадаги бошқа ҳужжат тўлақонли равишда электрон ҳисобварақ-фактура ўрнини боса олади. Банк картаси ёрдамида ҳисоб-китобларни амалга оширишда сотувчи тўлов терминали чеки билан бирга назорат-касса машинаси чекини ҳам бериши шарт (6.09.2019 йилдаги ПФ-5813-сон Фармоннинг 5-б.).

Сотувчи онлайн-НКМга ўтган бўлса, бу харидорга икки марталаб қўл келади, сабаби шахсий кабинетдаги «Онлайн-НКМ ва виртуал касса чекларини рўйхатдан ўтказиш» хизмати ёрдамида чек электрон ҳисобварақ-фактура ўрнини тўлақонли боса оладиган ҳужжатга айланиши мумкин ва қўшимча ҳаракатларни амалга оширишга ҳожат қолмайди.

Сотувчи ЭҲФни тақдим этишни рад қилганлиги ёки назорат-касса техникасининг чекини бермаганлиги ҳолати унинг ишончлилигига шуҳба уйғотиши мумкин. Ахир бугунги кунда барча тадбиркорлик субъектлари электрон ҳисобварақ-фактурага ўтганлар ва уларнинг барчасида бундай ҳужжатни тақдим этиш имконияти мавжуд. Шунингдек харидорни нега бу ҳолат тўхтатиб қолмаганлиги тушунарсиз бўляпти. Автомобиль эҳтиёт қисмлари бозорида рақобат жуда яхши ривожланган, бошқа дўкондан қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилган ҳолда харид қилиш имконияти мавжуд бўлган бир пайтда харидор нега бундан фойдаланмаган.

Албатта, ушбу вазиятда харидор Солиқ кодекси нормалари ва талаблари бузилганлиги ҳақида солиқ органларига хабар беришга ҳақли. Сотувчи назорат-касса техникасини қўллаган ҳолда ҳисоб-китобларни амалга ошириш қоидаларини бузганлиги учун жаримага тортилиши мумкин. Ҳуқуқбузарлик ҳолатига қараб жарима 5 млн сўмдан 20 млн сўмгача бўлган миқдорни ташкил этади (СК 221-м.). Шунингдек бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш тартибини бузганлик учун санкциялар назарда тутилган. МЖТКнинг 175-1-моддасига мувофиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатига қараб мансабдор шахсларга 5 БҲМдан 20 БҲМгача миқдорда жарима солиниши мумкин (МЖТК 175-1-м.).

 

Ольга БУСАРОВА:

– Ваколатли органларга сотувчи устидан шикоят қилиш-қилмасликни харидор ўзи ҳал этиши лозим. Биз солиқ ҳисоби нуқтаи назаридан ушбу вазиятнинг оқибатларини кўриб чиқамиз.

Эслатиб ўтаман: харидор корпоратив картадан харид қилиш чоғида сотувчидан товар сотилган ойнинг охирги санасига қадар ЭҲФни расмийлаштиришни талаб қилиши мумкин (Низомнинг 5-б.).

ҚҚС тўловчиси ҳисобланган харидор ЭҲФ ёхуд онлайн НКМ ёки витуал касса чеки мавжуд бўлмаган тақдирда ҚҚСни ҳисобга ололмайди (СК 47-м. 2-қ., 266-м. 1-қ. 2-б.; Низомнинг 10-б.).

Фойда солиғини ҳисоблашда бухгалтер хизмат автомобили учун эҳтиёт қисмларни олишда сарфланган суммаларни корхонанинг чегириладиган харажатларини ҳисоб-китоб қилишда ҳисобга олади. Фикримча, унда бунинг учун асос – бошланғич ҳужжатлар: терминал чеки (24.09.2004 йилдаги 445-сон ВМҚнинг 4-б.; АВ томонидан 18.04.2005 йилда 1470-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 7-б.) ва карта сақловчисининг ҳисоботи бор. Дарвоқе харид қилинган ТМҚни ҚҚС билан ҳисобга олиш лозим.

Харидор айланмадан олинадиган солиқни тўловчи бўлса, унда ҚҚСни ҳисобга олишда муаммолар бўлмайди. Юқорида таъкидланганидек, харажатларни ҳисобга олиш учун бошланғич ҳужжатлар мавжуд.

Прочитано: 136 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика