Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 49 / 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни

Фақат муросасиз кураш билангина коррупцияни енгиш мумкин!

 

«Яллама» операцияси

2019 йил 5 август. Одатий иш куним. Кутилмаганда хизмат хонамдаги телефон жиринглаб қолди. Қарасам, ўзимизнинг «СБ»дан (биз одатда Давлат божхона қўмитасининг Коррупцияга қарши курашиш ва ўз хавфсизлик бошқармасини шундай атаймиз) қўнғироқ бўляпти.

Тез келинг!

Бундай вақтда ортиқча савол бериш ноўрин. Тезда етиб бордим. Темир эшик очилиб, ичкаридан қарши олишди. Мени кутишаётган хонага қараб юрар эканман, узун йўлак бўйлаб бошларини эгганча, деворга юзланиб бир гуруҳ ходимлар ва фуқаролар ерга қараб туришарди.

Қандайдир ёмон воқелик рўй берганини аллақачон сезгандим. Бошқарма ходимлари нега чақиришгани сабабини айтиб, муддаога кўчишди!

– Ҳозиргина тезкор тадбир ўтказилди. «Яллама» чегара-божхона ­постига туташ ҳудудда ўтказилган тадбирда жисмоний шахслар ва божхона ходимларидан иборат жиноий гуруҳ фаолияти фош қилинди. Бу ҳақда жамоатчиликка маълум қилиш керак!

– Тушунарли!

Пайқадим, демак, боя йўлакда ушлаб турилганлар ўшалар! Аммо, шу топда мени ҳайратлантирган нарса бошқа эди – нега энди буни жамоатчиликка етказиш керак? Ахир, бу ўзимизни ўзимиз шарманда қилиш, нуфузимизни тушириш эмасми, деган саволлар ёғила бошлади.

Хуллас, шу куннинг ўзидаёқ ­Давлат божхона қўмитаси расмий веб-сайтида «Яллама» чегара божхона пости орқали юк автотранспортларидан тамагирлик қилиб келган жиноий гуруҳ фош қилинди» сарлавҳали хабар эълон қилинди ва бир зумда Интернетнинг миллий сегментини «портлатди!»

Очиғи, бу хабар ўшанда менга кўп нарсани англатди – энди божхона органларида коррупцияга қарши кураш хўжакўрсинга, номигагина эмас, балки муросасиз равишда кечишини «Яллама воқеаси» мисолида кўриш мумкин эди.

Чунки бу воқеликнинг алоҳида қайд этиш лозим бўлган 2 та муҳим жиҳати бор эди.

Биринчидан, таркибида божхона ходимлари ҳам бўлган жиноий гуруҳни қўлга олиш бўйича тезкор тадбирга Давлат божхона қўмитаси раисининг шахсан ўзи раҳбарлик қилди ва иштирок этди.

Иккинчидан, ахборот хизматидаги салкам 12 йиллик фаолиятим давомида ҳанузгача бирон марта жиноий жавобгарликка тортилган божхона ходимлари ҳақида божхона органларининг ўзи оммага ҳисоб берган эмас эди.

 

Хўш, бу қандай рўй берган эди?

Тошкент вилоятининг қўшни Қозоғистонга туташ ҳудудидаги «Яллама» чегара божхона пости юк автотранспортлари энг кўп ҳаракатланувчи ўтказиш пунктларидан бири ҳисобланади. Масалан, 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида мазкур пост орқали 123 мингдан зиёд юк автотранспорт воситалари ҳаракатланган.

Чиноз туманида истиқомат қилиб келган 3 нафар шахс – Алишер, ­Истам ва Шоҳруҳ (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) постдаги транспорт воситаларининг гавжум ва серқатновлигини яхши билишарди ва бундан устомонлик билан фойдаланишга ҳаракат қилишади.

Режа эса бир қарашда жуда оддий – сунъий навбатларни юзага келтириш орқали ҳайдовчилардан пул ундириш ва бунинг эвазига муаммоларсиз ўтказишни йўлга қўйиш! Ҳолва деган билан оғиз чучирмиди? Энди бу режани амалга ошириш учун «толкач»лар, энг аввало, ушбу постдан ҳамтовоқлар топиш керак. Яъни постда хизматни олиб бораётган божхона ходимларини ўзлари томонга оғдиришлари лозим.

Хўш, бу «эзгу мақсад»ни уларга ким етказади? Ким воситачилик қилади? «Кўр кўрни қоронғуда топади» деганларидек, жиноий гуруҳ мазкур масалада шерик топишга қийналмади. Тошкент шаҳар божхона бошқармаси тасарруфидаги божхона постларидан бирининг инспектори Жамшид уларнинг «ёнидан кирди». У эса «Яллама» чегара-божхона постининг 4 нафар ходимларини жиноят сари етаклади.

Аввалига барчаси силлиқ кеча бошлади. Жиноий гуруҳнинг шартларига рози бўлган юк автотранспорт воситалари муаммосиз ўтказилар, бунинг учун улар божхона ходимларига пароль сўзни – «Истам» ва «Шоҳруҳ»нинг исмини тилга олишса ёки тақдим этилаётган ҳужжатларнинг бурчагига олдиндан келишилган белгини қўйишса, бас.

Ўз ўрнида, бу шартларга кўнмаган, улар билан келишмаган ҳолда пост ҳудудига кириб келган автотранспорт воситалари эса турли баҳоналар билан қайтариб юборила бошланди.

Вазият шу даражагача етиб бордики, постда божхона ходимлари бор имкониятларини ишга солиб, сунъий «барьер»ларни юзага келтиришар, қачонки, «толкач»лар тегишли «йиғим» ундирилгани ҳақида хабар беришганидан сўнггина автотранспортларнинг ўтишига рухсат беришарди.

Табиийки, ҳақ-ҳуқуқини яхши таниган ҳайдовчилар ҳам учраб турарди. Улар ҳеч қандай шартларга кўнмай, қонуний талаб этиб, божхона постидан ўтишга муваффақ бўлган тақдирда ҳам пост ташқарисида уларни «кўнгилсизликлар» кутиб турарди.

«Толкач»лар ва божхона ходимларидан иборат жиноий гуруҳнинг бу қадар «қутуриши»дан божхона органлари махсус хизматларининг хабари бор эди. Аммо, сиртдан қаралганда, ҳеч қандай жиноят ёки қонунбузарлик аломатлари сезилмайдиган жиноий гуруҳнинг ўзаро алоқалари, олди-бердилари шу қадар яширин ва махфий тарзда йўлга қўйилган эдики, тўданинг ноқонуний фаолияти тўғрисида маълумот олиш, ичига кириш ва фош қилиш аввалига имконсиздек туюлди.

Шу сабабли Давлат божхона қўмитаси раиси бошчилигида ушбу жиноий гуруҳни фош этишнинг кўп босқичли режаси ишлаб чиқилади. Режада асосий эътибор тўданинг ичига «вакил» киритишга қаратилди.

Шундай қилиб, дастлаб муқаддам Тошкент вилоятида ишлаб, кейинчалик бошқа бир ҳудудга хизматга юборилган божхона ходими жиноий гуруҳ ичига «киритиш» учун яна «Яллама» божхона постига қайта ротация қилинади. Унинг зиммасига уюшган жиноий гуруҳ ишончига кириш ва унинг фаолиятини фош этиш бўйича аниқ вазифалар юкланади.

Бу гал ушбу ходим постнинг бош инспектори – смена бошлиғи сифатида ишга киришади. Постда автотранспорт воситаларининг мунтазам ҳаракатланишини таъминлаш смена бошлиғининг зиммасида эканлиги боис, жиноий гуруҳ аъзолари ҳам зудлик билан ушбу ходимнинг «кўнглига йўл» қидира бошлашади. Бу эса тезкор операциянинг асосий мақсади эди.

Янги смена бошлиғининг гўёки ўзлари томонга оғганидан хурсанд бўлган жиноий гуруҳ яна енг шимариб ишга киришади.

Одатда, юқорида тилган олинган чинозлик «учовлон» ой давомида навбатсиз ўтказилган автотранспорт воситалари ҳайдовчиларидан олинган порани ҳар ой якунида жамлаб, божхона ходимларига етказиб туришарди. Бу гал ҳам шоввозлар 640 та юк ташувчи автотранспортлар ва 250 та махсус техника воситаларининг чегара божхона пости орқали ҳаракатланганлиги учун «ундирилган» пулларнинг 35 минг АҚШ долларини божхона постидаги ҳамтовоқларига ўзларининг ишончли вакили бўлган пост ходими Эргаш орқали киритиб юборишади.

Эргаш эса пулларни янги смена бошлиғига етказади. Чунки, бу пулларни пост ходимлари ўртасида тақсимлаш янги смена бошлиғининг «ваколати»да эди-да! Айнан шу ерга келганда, жиноий гуруҳнинг барча қилмишлари фош қилинди.

Келинг, жўнгина ҳисоб-китоб қилиб кўрамиз: 35 000 / 890 = 39,3. Демак, жиноий гуруҳ аъзолари ҳар бир ҳайдовчидан салкам 40 АҚШ долларидан «йиғим» ундиришган.

Шу ўринда савол туғилади. Янги смена бошлиғи келгунига қадар ишлаб кетган аввалги смена бошлиғи-чи? У сувдан қуруқ чиқдими? Йўқ, албатта!

Ўша вақтда Тошкент вилоятидаги бошқа божхона постида хизмат олиб бораётган ушбу ходим – Нодир ҳам айбига тўла иқрор бўлди. Маълум бўлишича, Нодир транспорт воситаларининг божхона кўриги ва расмийлаштирувини тезлаштириб берганлиги учун ҳайдовчилардан олинган ва «толкач»лар қўлида жамланган пулларни ҳар ойда шаҳарнинг турли нуқталарида кўришиб, олиб турган ва сўнгра ходимлар ўртасида тақсимлаган.

Тезкор тадбир давомида Нодир ўзи истиқомат қилаётган хонадонда сақланаётган ва ноқонуний йўллар билан топилган 88 минг 700 АҚШ долларини олиб келтириб, белгиланган тартибда топширди.

Хуллас, жиноий гуруҳ фаолиятига ўз вақтида чек қўйилди. Суднинг биринчи инстанцияда қабул қилинган ҳукмига биноан жиноий гуруҳнинг барча аъзолари жазога тортилди.

Жумладан, 1 нафар божхона ходими 8 йилу 6 ойга, 1 нафар божхона ходими 8 йилу 1 ойга озодликдан маҳрум қилинди, 2 нафар божхона ходимига 4 йилу 6 ойга, 1 нафарига 4 йилу 3 ойга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Шунингдек, чинозлик «учовлон»нинг бири 6 йилу 6 ойга, яна бири 6 ойу 1 ойга, бири эса 6 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Бундан ташқари ўша вақтда «Яллама» чегара божхона постида хизмат олиб борган, атрофда рўй бераётган қинғирликларга кўз юмиб келган 7 нафар ходим божхона органларидан бўшатилди, 2 нафари интизомий жазога тортилди, шунингдек, 18 нафар ходим коррупция хавфи нисбатан паст бўлган бошқа лавозимларга ротация қилинди.

 

Божхонадаги порахўрликни шахсан Президент таъкидлади!

Хабарингиз бор, Президентимиз жорий йилнинг 31 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда божхона постларидан бирининг раҳбари ҳибсга олингани ва унинг уйидан 400 минг АҚШ доллари топилгани ҳақида гапирган эдилар.

Масаланинг коррупцияга қарши курашишда кишига оптимистик кайфият берадиган жиҳати шундаки, бугун ҳар қандай соҳада рўй бераётган порахўрлик ҳолатларидан шахсан Президентимизнинг хабари бор! Бу эса бирон «ёпиғлиқ қозоннинг ёпиғлигича» қолмаслигини англатади.

Ҳақиқатан яқинда айни шу мавзуга доир қўшимча тафсилотларни Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Н.Йўлдошев ҳам оммага тақдим қилди.

Унга кўра, божхона пости бошлиғи бошчилигидаги бир гуруҳ божхона ходимлари пора эвазига турли субъектлар томонидан импорт қилинган товарлар қийматини пасайтириб кўрсатиб, давлат манфаатларига қарийб 9 млрд сўм зарар етказган.

Ушбу масаланинг кенг жамоатчиликка ҳали унча маълум бўлмаган муҳим жиҳати бор. Аслида, юқорида таъкидланган божхона қонун ҳужжатлари бузилганлик ҳолати юзасидан ҳам жиноят ишини айнан божхона органларининг ўзи ­қўзғатиб, ўзи тергов органларига тақдим қилган экан.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тергов жараёнлари давом этаётгани боис, воқеаларнинг тўлиқ ­тафсилоти юзасидан келгусида албатта жамоатчиликка маълум қилинади.

Президентимиз томонидан ­билдирилган танқидий фикрлардан кўп ўтмай, 2020 йил 12 февраль куни Тошкент шаҳар божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, 2 нафар ўринбосарлари, бошқарманинг 4 нафар бўлим бошлиқлари, 2 нафар божхона пости бошлиқлари, «Арк-булоқ» божхона пости бошлиғи ўринбосари эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди. Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг ўша вақтдаги бошлиғига эса аввалига интизомий жазо берилди, кейинчалик эса ножўя ҳаракатлари сабаб у тизимдан ҳайдалди.

 

Жиноятга ундаган омиллар қандай бартараф этилади?

Аҳамият берсак, «Яллама» воқеасида сунъий навбатларни юзага келтириш орқали ҳайдовчилардан пул ундириш мақсад қилинган. Хўш, сунъий навбатни юзага келтирмаслик учун қандай ишлар амалга оширилди?

Бу масала Президентнинг 2020 йил 5 июндаги «Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги ­ПФ-6005-сон Фармонида алоҳида назарда тутилган.

Фармонга биноан, 2020 йил 1 июндан божхона органларидаги «Хавфни бошқариш» тизими синов тариқасида автомобиль чегара божхона постларида ҳам амалиётга жорий этилди. Бу эса, ўз навбатида, чегара божхона постларидаги навбатларнинг олдини олишга ҳисса қўшмоқда.

Айнан «Яллама» чегара божхона постида Инновацион (ақлли) божхона пости амалиётга жорий этилади.

Бунда чегара божхона постлари орқали ҳаракатланаётган автотранспорт воситаларини давлат назоратидан ўтказиш ва пост ҳудудидан чиқиб кетиши назоратини «электрон шлагбаум»га асосланган, чегара божхона постларида фаолият кўрсатаётган давлат идоралари уланган «Транспорт назорати» автоматлаштирилган ахборот тизими амалиётга жорий этилади.

Ушбу тизим ёрдамида товар ва транспорт воситалари чегара ўтказиш пунктларига кириб келишидан чиқиб кетгунгача бўлган назорат тадбирлари замонавий қурилмаларни татбиқ этган ҳолда «Ягона дарча» тамойили асосида автоматлаштирилади.

«Арк булоқ» божхона постида рўй берган қонунбузилиш ҳолатларида эса божхона қийматини сунъий пасайтириш орқали моддий манфаатдор бўлишга уринишганини инобатга олсак, бу йўналишда ҳам жиддий қадамлар ташланди.

Жумладан, божхона органлари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлаш тўғрисидаги тартибни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори лойиҳаси тайёрланди. Лойиҳа асосида Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини тўғри аниқлаш тартиби белгиланмоқда.

Мазкур тартибнинг жорий қилиниши тадбиркорлик субъектлари учун бир қатор қулайликлар яратиши билан бирга, расмийлаштирув жараёнида товарларнинг божхона қийматини белгилашда турли божхона қонунбузилишлари олдини олиш, божхона тўловларини тўғри ҳисоблашга хизмат қилади.

Товарнинг божхона қийматини аниқлаш имкони бўлмаган тақдирда эса уни шартли чиқариб юборишнинг аниқ механизмларини белгилаш мақсадида, Вазирлар Маҳкамасининг «Декларант ёки божхона брокери томонидан товарнинг божхона қийматини аниқлаш имкони бўлмаган тақдирда шартли божхона қийматини қўллаш орқали чиқариб юбориш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори лойиҳаси ҳам тайёрланди.

Табиийки, ушбу 2 муҳим ҳужжатнинг қабул қилиниши келгусида тизимда коррупцияга элтувчи омилларни максимал даражада бартараф қилади.

 

Бефарқликнинг «меваси»

Хизмат тақозосига кўра, Давлат божхона қўмитаси раҳбарияти иштирокидаги аксарият профилактик учрашув ва тадбирларни видеотасвирга муҳрлаб борамиз. Танқидий таҳлил руҳида ўтадиган бу каби учрашувларда куюнчаклик билан билдириладиган фикрлар, ходимларни ўз хизмат вазифасидан оғишмасликка ундовчи даъватлар, очиғи, анчагача қулоғим остида жаранглаб юради.

Аҳамият берсам, «Яллама операцияси» 5 августда рўй берган. Ундан сал аввал – июль ойида ўтказилган хизмат йиғилишида эса Тошкент вилояти божхона бошқармаси шахсий таркиби коррупциянинг жиддий ҳуқуқий оқибатларидан қатъий огоҳлантирилган эди.

«Арк булоқ» постидаги воқеалар 2020 йилнинг январь ойида содир бўлган. Ваҳоланки, 2019 йилнинг декабрь ойи бошларида шахсан ДБҚ раиси Тошкент шаҳар божхона бошқармаси шахсий таркибини йиғиб, қарийб 4 соат профилактик учрашув ўтказган эди.

Биз коррупция ҳақида кўп ва хўп гапиришимиз мумкин. Мансаб ваколатини суииъстемол қилган, тамагирлик йўли билан порахўрликка қўл урган божхона ходимлари ўзлари содир этган ноқонуний хатти-ҳаракатлари учун қонун олдида жавоб беришлари тайин.

Аммо, айнан божхона ходимларининг ўзлари қайсидир ҳамкасбининг пора билан қўлга тушиши ва юзи шувут бўлишига бефарқ бўлмаслиги керак. Аксинча, агар ёнимизда биз билан елкама-елка хизматни ўтаётган ҳамкасбимизнинг юриш-туришидаги ўзгаришларни ўз вақтида пайқаганимизда, «Менга нима?» қабилида иш тутмай, уни тўғри йўлга бошлаганимизда, эҳтимол, бу каби аянчли ҳолатлар содир этилмаган бўлармиди?

Энг ёмони, бугун хато қилган ҳамкасбларимизни қанчалар қораламайлик, уларнинг ортидан бўзлаб қолган муштипар ота-онаси-ю мурғак фарзандлари кўз олдимиздан ўтаверади, ўтаверади.

 

Отам ўгити

Шундоқ ҳам мураккабликлар, машаққатлар билан ўтаётган 2020 йил мен учун оғир келди. Етти ой муқаддам отамни йўқотдим. Отам ҳаётлик чоғларида йўл-йўлакай айтиб ўтган насиҳатларини ўша пайтлари шунчаки тавсия сифатида қабул қиларканман, мавриди келганда айтилган шунчаки гап-да, дердим.

Аммо, отам дунёдан ўтгач, уларнинг тириклик чоғларида айтган ҳар бир сўзларини энди ҳаётий маслак, чуқур панд ва энг муҳими, васият сифатида қабул қила бошладим.

Беш-олти йиллар аввал отамга ишимдан, ойлигим камлигидан нолигандим. Дадам эса қисқа ва лўнда қилиб жавоб бердилар.

– Болам, кўпми-камми, билмадим, аммо, ойлигингни ҳалоллаб ол! Чунки, шу пулдан бола-чақанг ризқланади.

Мана шу ўгит қулоғимга муҳрланиб қолган. Ҳар куни иш столимга қўйилган отамнинг суратига тикилар эканман, ишимни виждонан, тўлиқ бажаришга ҳаракат қиляпман. Чунки, отам айтганидек, ойлигимни ҳалоллаб олишим, фарзандларимга ҳалол луқма едиришим керак.

Киши сабр қилса, ҳаммасига эришар экан. Отам билан бўлиб ўтган ўша суҳбатдан оз вақт ўтиб, 2018 йил 24 ноябрда Президентимизнинг «Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5582-сон Фармони қабул қилинди ва унга биноан божхона ходимларининг маошлари бир неча баробар оширилди.

Ҳа-я, виждоннинг энг муҳим асосларидан бири қаноатдир. Виждонли инсонлар, энг аввало, шу ҳаётига, эришган даражасига, топган-тутганига қаноат қилиб яшайдилар.

Қаноатсизлик эса кишини нафс ўпқонига итаради. Нафсига қул бўлган кимсалар учун эса элу юрт манфаати, давлат манфаати бир пулга қиммат бўлиб қолаверади.

 

р.s.

Шу билан божхонада ҳаммаси жойида, ҳаммаси изига тушиб кетди деган фикрни айтишдан йироқман. Тезкор ходимлар шу кунларда ҳам мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб келаётган айрим божхона ходимларини фош этишга қаратилган тезкор тадбирларни давом эттиришаётир.

Келинг, бу кейинги мақолаларимизга мавзу бўла қолсин!

 

Ҳусан ТАНГРИЕВ, журналист.

Прочитано: 746 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика