Ўзбекистонда жариманинг 70%и тўланганда унинг қолган қисми бекор қилинади.
Барча жарималарни тўлашда бундай имтиёзлар берилмайди.
Йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчилар энди жариманинг 30%идан озод этилиши мумкин. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати маълум қилади.
Таъкидланишича, қоидани бузган ҳайдовчига жарима белгилаш тўғрисидаги қарор қабул қилинган кундан эътиборан 15 кун ичида жариманинг 70%ини ихтиёрий равишда тўлаган фуқаро қолган сумманинг 30%идан озод этилади.
Бироқ шундай ҳолатлар ҳам мавжудки, ушбу устуворлик қўлланилмайди. Ҳайдовчига суд томонидан жарима тайинланган ёки жаримага тортиш тўғрисидаги қарор билан судга мурожаат этилган бўлса, шунингдек бундай ҳуқуқбузарлик бир йил давомида такрор содир этилган тақдирда ҳайдовчига 30%га озод қилиш ҳуқуқи берилмайди.