Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2020 год / № 47 / Паспорт масалалари

ID-карта: кимга, нима учун керак

 

Президентнинг «Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (22.09.2020 йилдаги ПФ-6065-сон) чиқиши муносабати билан «Норма маслаҳатчи» газетаси таҳририятига фуқаролар томонидан ушбу ҳужжатни олиш қоидаларини тушунтириб бериш сўралган мактублар келиб тушмоқда. Шунингдек ўқувчиларимиз ID-карталар жорий қилинишининг сабабини билмоқчи бўляптилар (ахир биометрик паспортлар 2011 йилда чиқарилган ва бунга ҳали кўп бўлмаган). ID-карталарни ишлаб чиқишда халқаро тажриба ўрганилганми ва ҳисобга олинганми? Ниҳоят, улар қандай тузилишга эга ва уларни бериш тартиби қандай? «Norma» компанияси эксперти Санжар Хўжааҳмедов ушбу саволларга жавоб берди.

 

Хавфсизлик чораси зарур

Ҳозирги замонда шахсни идентификацияловчи ID-карталарга ўтиш шахс ҳақидаги маълумотларни битта ташувчида сақлаш хавфсизлиги нуқтаи назаридан зарурий чора ҳисобланади.

Шахсий маълумотларни сақловчи барча турдаги пластик карталар идентификация карталари ҳисобланади: электрон гувоҳнома, банк картаси, ҳайдовчилик гувоҳномаси. Бугунги кунда ID-карта кўпгина давлатларда жорий қилинмоқда, айрим давлатларда расмий ҳужжатнинг берилиши мажбурий тартиб-таомил, бошқаларида эса ихтиёрий ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгандан буён бу фуқаронинг шахсини тасдиқловчи расмий ҳужжатнинг учинчи марта алмаштирилишидир. Халқаро амалиётнинг кўрсатишича, кўп функцияли ID-картадан бугунги кунда жаҳоннинг кўпгина мамлакатларида фойдаланилади ва у қоғоз шаклидаги ҳужжатнинг ўрнини муносиб равишда боса олади.

Ўзбекистонда 2011 йилги намунадаги ички паспортни ID-картага алмаштириш барча фуқаролар учун мажбурий таомилга айланади ва 2021 йилдан 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилади. Ушбу муддат тугагач аввал берилган ҳужжат ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. ID-карта қуйидаги муддатларга берилади: янги туғилган болага 1 ёшгача – 2 йил муддатга; 1 ёшдан 16 ёшгача – 5 йил муддатга; 16 ёшдан – 10 йил муддатга.

 

ID-карта нима учун керак

Фуқарони рақамли идентификация қилиш вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари билан ўзаро ҳамкорлик қилинганда шахсни тезкор аутентификациялашга имконият яратади, бу аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш бўйича сервислар ишини осонлаштиради ва оптималлаштиради.

Таъкидлаш жоизки, ID-карта чипига ёзилган маълумотлар махфий саналади, улар муайян хизмат томонидан фойдаланиладиган даражасида қатъий чекланган. Масалан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бир турдаги маълумотлардан, тиббиёт ёки ижтимоий хизмат эса бошқа маълумотлардан фойдаланиши мумкин. Ҳужжат эгаси ҳақидаги маълумотлар хавфсизлик жиҳатидан келиб чиққан ҳолда шифрланган, картага юкланган иловаларни эса ҳеч ким ўқий олмайди. Қоидага кўра, ID-картадан фойдаланишда авторизациялаш ва операцияларни тасдиқлаш учун якка тартибдаги PIN-кодлар кўринишидаги 2-даражали ҳимоя тизими қўлланилади.

 

Расмийлаштириш ва бериш тартиби

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификация ID-картаси тўғрисида низомга (ПФ-6065-сон Фармонга 1-илова) мувофиқ ID-картани расмийлаштириш ва бериш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

  • ота-оналар, васийларнинг (ҳомийларнинг) ихтиёрига кўра – бола туғилгандан бошлаб 16 ёшга тўлгунига қадар;
  • фуқаро 16 ёшга тўлганда;
  • Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинганда ёки ЎзР фуқароси сифатида тан олинганда;
  • ID-картанинг амал қилиш муддати тугаганда;
  • фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми, миллати, туғилган санаси, жинси ўзгарганда;
  • ID-картага ёки чипга киритилган маълумотларда ноаниқликлар, хатолар ва техник нуқсонлар мавжудлиги аниқланганда;
  • ID-карта ёки чип яроқсиз ҳолга келганда;
  • ID-карта ашёвий далил сифатида олиб қўйилганида;
  • ID-карта йўқотиб қўйилганда.

ID-карта эгасининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, жинси ўзгарганлиги ёки ID-картага киритилган маълумотларда ноаниқликлар мавжудлиги аниқланганлиги муносабати билан алмаштирилаётганда, фуқаро томонидан маълумотларни йиғиш пунктига ушбу ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилади ва ариза келиб тушган кундан бошлаб 5 иш кунида кўриб чиқилади.

Фуқаро ID-картани йўқотган тақдирда, янгиси белгиланган тартибда ID-карта йўқолганлиги ҳақида ариза келиб тушган кундан бошлаб 5 иш кунида берилади.

ID-картаси бўлмаган фуқаро 16 ёшга тўлганда 1 ойдан кечикмасдан маълумотларни йиғиш пунктига ID-картани олиш учун мурожаат этиши шарт.

Фуқаро ID-карта олиш учун маълумотларни йиғиш пунктига қуйидагиларни тақдим этади:

  • белгиланган шаклдаги ариза-анкета;
  • илгари берилган паспорт ёки ID-карта;
  • туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома (ID-карта биринчи маротаба расмийлаштирилаётганда);
  • ваколатли органнинг қарори (ID-карта ашёвий далил сифатида олиб қўйилганида);
  • давлат божи тўланганлиги ҳақида квитанция (электрон тўлов тизимлари орқали тўланганда квитанция мажбурий эмас).

ID-карта маълумотларни йиғиш пункти томонидан ҳужжатлар тўлиқ қабул қилиб олингандан сўнг 1 иш куни мобайнида берилади.

Ўзгалар ёрдамига муҳтож қариялар, соғлиғининг ҳолатига кўра мустақил ҳаракатланиш имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар ID-карта олиш учун маълумотларни йиғиш пунктига шахсан ўзлари ёки қонуний вакиллари орқали (оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклда) мурожаат этганда, ID-карта маълумотларни йиғиш пунктининг масъул ходими томонидан 15 кун муддатда ушбу шахсларни яшаш манзилига борган ҳолда расмийлаштирилади ва берилади. Бунда кўрсатилган хизмат учун қўшимча тўлов ундирилмайди.

Ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаб, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервига бўшатилган ва ЎзР фуқаросининг биометрик паспорти ёки ID-картаси бўлмаган ҳарбий хизматчиларга ID-карта контракт асосида хизмат қилган ҳарбий хизматчининг шахсини тасдиқловчи гувоҳнома ёки Қуролли Кучлари офицерининг шахсини тасдиқловчи гувоҳнома асосида маълумотларни йиғиш пункти томонидан берилади.

Ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга ID-карталар ҳарбий қисм жойлашган жойдаги маълумотларни йиғиш пункти томонидан тегишли ҳарбий қисм раҳбарларининг ёзма илтимосномалари асосида берилади.

Маълумотларни йиғиш пункти тақдим этилган ҳужжатлар асосида аризачининг биографик ­маълумотларини, электрон кўринишдаги қўл бармоқ изларини йиғади, шахсни олд томондан рақамли форматда суратга олади ва ID-картани расмийлаштириш учун талабнома шакллантиради.

Аризачига аввал жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами бириктирилмаган ёки жисмоний шахснинг аввалги шахсий идентификация рақами хатолик билан бириктирилган бўлса, талабнома ID-картага ЖШШИРни бириктириш учун маълумотларни йиғиш пункти томонидан Давлат персоналлаштириш марказига юборилади.

Давлат персоналлаштириш маркази талабномадаги ЖШШИР мавжудлиги ва тўғрилигини текширади, мавжуд бўлмаган ҳолларда эса реал вақт режимида уни шакллантиради ва шакллантирилган талабномани маълумотларни йиғиш пунктига юборади.

Фуқаро қўл бармоқ излари олинишидан бош тортса ёхуд кўзойнакда ёки бош кийимда суратга тушиш истагидан қайтмаса, маълумотларни йиғиш пункти фуқарога ID-карта расмийлаштиришни рад этади.

ID-картани расмийлаштириш учун давлат божи ундирилади.

ID-карта расмийлаштириш ва бериш жараёнида унда техник нуқсонлар аниқланса, башарти улар маълумотларни йиғиш пункти томонидан йўл қўйилган бўлса, ID-карта бепул алмаштирилади.

16 ёшга тўлмаган шахсларнинг ID-карталари уларга ID-карта бериш бўйича мурожаат қилган ота-оналари ёки васийларига (ҳомийларига) берилади.

 

ID-карталардан фойдаланиш бўйича халқаро тажриба

Марказий Осиё давлатлари орасида идентификация картаси Қозоғистон ва Қирғизистонда амал қилади.

  • Шахсни тасдиқловчи ҳужжат сифатида янги намунадаги чипли смарт-карта Қозоғистонда 2008 йил 26 июнда жорий қилинган, 2014 йил 1 декабрдан бошлаб унга бироз ўзгартиришлар киритилган, бунда оқ-қора тасвирдаги фотосурат ранглисига алмаштирилган ва ҳужжат эгасининг голографик тасвири кўринишидаги қўшимча ҳимоя элементи қўшилган. ID-карталар 10 йил муддатга мўлжалланган ва 16 ёшга тўлган фуқароларга берилади.
  • Қирғизистонда идентификация картаси 2004 йил 27 июлдан жорий қилинган, 2017 йил 1 майдан эса янги намунадаги чипли еID-карталар чиқарилган, унга ҳужжат эгаси ҳақидаги шахсий, шу жумладан биометрик маълумотлар киритилган. Шахсни тасдиқловчи ҳужжат 16 ёшга тўлган фуқароларга 10 йил муддатга берилади.
  • Малайзия биринчи бўлиб фуқаролар ҳақида қуйидаги шахсий идентификация маълумотлари киритилган ID-карталарни жорий этиш тўғрисида инновацион қарорни қабул қилган давлат ҳисобланади: сурат, шахсий ва биометрик маълумотлар. 2001 йил сентябрь ойида MSC Malaysia дастури доирасида, собиқ бош вазир Махатхир Мохамаднинг ташаббуси билан смарт-картадан фойдаланиш лойиҳасини амалга ошириш бошланган. Малайзияда ID-карта 12 ёшдан ошган ҳар бир фуқарога берилади, у нафақат шахсни тасдиқловчи ҳужжат саналади, балки ҳайдовчилик гувоҳномаси, банк картаси, очиқ калит, электрон ҳамён ҳам ҳисобланади ва лояллик дастури бўйича кўпгина иловаларда фойдаланилади. 2019 йил июнь ойида Малайзияда Digital ID лойиҳаси доирасида рақамли идентификаторлар тизимини ишлаб чиқариш бўйича тендер эълон қилинган.
  • 2000-йиллар бошида Сингапур Республикаси биринчилардан бўлиб электрон паспорт жорий қилган, у шахсни тасдиқловчи ҳужжат ва давлат хизматлари учун калитни ўзида бирлаштирган, бироқ тўлов воситаси сифатида ушбу лойиҳани ҳанузгача тижорий ривожланишига эришилмаган.
  • Америкада идентификация картаси ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган шахслар учун шахсини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади. Барча штатларда икки ҳужжатнинг мавжудлиги нолегал саналади. ID-карта эгаси ҳайдовчилик гувоҳномасини олганда картадан воз кечиши керак бўлади. Идентификация картасининг эгаси банкда ҳисобрақам очиши, ижтимоий ва тиббий ёрдам олиши, никоҳдан ўтиши, турар жой сотиб олиши, автомобиль олиши, уй ҳайвонларини боқиши, дорихонада рецепт бўйича препаратларни олиши, қон донори бўлиши ва бошқаларга ҳақли. АҚШда ID-картани исталган ёшда олиш мумкин, бунинг учун Транспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш департаментига мурожаат қилиш лозим. Карта 6 ва 10 йил муддатга берилади.
  • 2019 йил 1 августдан бошлаб Европа иттифоқида фуқаролар ва резидентларга чипли миллий ID-карталар берилган, чипда ҳужжат эгаси ҳақида қуйидаги маълумотлар сақланади: шахсий маълумотлар, идентификация рақами, сертификатлар ва криптографик калит.

Идентификация картасидан Европа иттифоқи бўйлаб ҳаракатланишда ва унинг ташқи чегараларини кесиб ўтишда шахсни тасдиқловчи ҳужжат сифатида фойдаланилади. ID-карта 10 йил муддатга, вояга етмаганларга 5 йил муддатга, 70 ёшдан ошган шахсларга умрбод берилади.

  • Эстонияда идентификация смарт-картаси 2002 йилдан бошлаб фуқароларга берилган, у шахсни тасдиқловчи дастлабки ҳужжат бўлиб, давлат ҳудудида ҳақиқий ҳисобланади, шунингдек Европа иттифоқи томонидан расмий ҳужжат сифатида эътироф этилган. Европа иттифоқи ҳудудидан ташқарига сафарлар учун, Швейцария, Исландия, Норвегия, Черногория ва Македония бундан мустасно, эстонлар ёнида биометрик паспортни олиб юришлари лозим. Смарт-картадан давлат хизматларида, электрон овоз беришда, web-колонкаларга шарҳларда ва виртуал йўл чиптаси сифатида фойдаланиш мумкин.
  • Исроилда идентификация картаси «теудат-зеут»ни – давлат ичкарисида шахсни тасдиқловчи, 16 ёшга тўлган барча фуқароларга бериладиган ҳужжатни англатади. 2013 йилда мамлакатда ишончли ҳимоя тизимига эга бўлган биометрик смарт-карталарни синовдан ўтказиш бошланган, шу боис 2017 йилдан 1 июндан бошлаб шахсларга нобиометрик гувоҳномалар берилиши тўхтатилган.
  • Украина 2016 йил 1 январдан бошлаб шахсни идентификация қилиш учун расмий ҳужжат сифатида пластик ID-карталарни жорий қилган ва яқин 5 йил ичида қоғоз шаклидаги ички паспортлар ушбу ҳужжатга тўлиқ алмаштирилади. ID-карта 14 ёшга тўлган Украина фуқароларига берилади.
  • Россияда 2023 йилдан, Москвада эса 2020 йил июлдан электрон паспортларни бериш режалаштирилмоқда. Қоғоз шаклидаги паспортни ID-картага алмаштириш босқичма-босқич амалга оширилади.
Прочитано: 2117 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика