Корхона ходими молиявий қарз олган. Бироқ ходим қарзни пул маблағларининг мавжуд эмаслиги сабабли шартномага мувофиқ муддатда қайтара олмайди.
Қарз шартномасини учинчи шахсга қайта расмийлаштириш мумкинми?
– Ҳа, мумкин.
Қарздор ўз улушини кредиторнинг розилиги билан бошқа шахсга ўтказиши мумкин (ФК 322-м.). Буни ҳисобга олган ҳолда, қарздор бўлган ходим корхона олдидаги қарзини улар ўртасида тузилган шартномага асосан ва олдиндан корхонанинг розилигини олиб (ёзма шаклда бўлгани мақбул) учинчи шахсга ўтказиши мумкин.
Шунингдек уч томонлама келишув тузиш ҳам мумкин, бунда ходим – қарз шартномаси бўйича қарздор, учинчи шахс – қарз шартномаси бўйича ҳуқуқий ворис (янги қарздор), корхона – қарз берувчи бўлади.
Бундан ташқари, учинчи шахс кафиллик шартномасига асосан қарздорнинг ўрнига қарзни сўндириши мумкин, бунда учинчи шахс корхона олдида қарздорнинг кафили ҳисобланади (ФК 292-м.).
Нурали Нурмуҳамедов,
«Norma» МЧЖ эксперти.