Болани 2 ёшгача парваришлаш нафақаси қандай ҳисобланади?
Ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин ишлайдиган аёллар болани 2 ёшга тўлгунга қадар парваришлаш нафақасини олишга ҳақли, у ходиманинг аризасига кўра иш жойидан (нобюджет соҳаларида) тўланади (МК 234-м.; АВ томонидан 14.03.2002 йилда 1113-сон билн рўйхатдан ўтказилган Низом).
Аёллар болани 2 ёшгача парваришлаш таътили даврида тўлиқ бўлмаган иш вақти режимида ёки уйда ишлашлари мумкин (МК 234-м. 4-қ.).
Ходим томонидан болани 2 ёшга тқлгунга қадар парваришлаш нафақаси миқдори ҳар йили қатъий миқдорда белгиланади. 2020 йилда у 434 000 сўмни ташкил этган (Президентнинг 30.12.2019 йилдаги ПҚ-4555-сон қарорига 2-илованинг 2-банди).
Нафақа уни тайинлашни сўраб мурожаат қилинган ойдан, бироқ ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин тўланади. Тўлиқ бўлмаган ой учун нафақа ушбу ойда онанинг ёки унинг ўрнини босувчи шахснинг таътилда бўлган календарь кунлари сонига мутаносиб улушда тўланади (Низомнинг 3-банди).
Аёлга боласи 3 ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил расмийлаштириладиган бўлса, бола 2 ёшдан 3 ёшга тўлгунга бўлган таътил даврида корхона нафақа тўлаши шарт эканлиги қонун ҳужжатларида қайд этилмаган. Болани парваришлаш таътиллари даврида аёлга таътил пули тўланмайди ҳамда унинг иш жойи ва эгаллаган лавозими сақланади (МК 234-м.).
Бола 2 ёшга тўлгунга қадар парваришлаш нафақаси ЖШДСни ҳисоблашда жами даромадга киритилмайди ва унга солиқ солинмайди (20.07.2020 йилдаги ПФ-6029-сон Фармоннинг 9-банди).
Иш берувчи молиявий имкониятлардан келиб чиққан ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган нафақа миқдоридан ошадиган суммани, шунингдек 2 ёшдан 3 ёшгача бўлган давр учун нафақа тўлаши мумкин. Бироқ бу қонун ҳужжатларига мувофиқ нафақа тўлашнинг мажбурий тартибдаги талаблари ҳисобланмайди ҳамда уларга солиқ солинади.
Азизахон Тошхўжаева,
«Norma» МЧЖ эксперти.