УМШга директорни ташқи ўриндошлик бўйича ишга қабул қилиш мумкинми?
– Ҳа, мумкин, қонун ҳужжатларида бу тақиқланмаган.
Бироқ УМШга ўриндошлик бўйича директорни ишга қабул қилишда ишлаб чиқариш зарурати ва асосий иш жойидан бўш вақтида фаолиятни амалга ошириш зарурати ва имконияти кўриб чиқилиши лозим.
УМШ директорининг меҳнат фаолиятини ўриндошлик бўйича амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлигини ширкат аъзоларининг умумий йиғилишида кўриб чиқишни ва локал ҳужжатда қайд этишни тавсия этамиз. Уй-жой эгаларининг умумий йиғилиши бунга қарши бўлса, ходим УМШ директори лавозимига ўриндошлик бўйича ишга қабул қилинмайди.
УМШ директорини ўриндошлик бўйича ишга олиш тўғрисида ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, қуйидагилар назарда тутилиши лозим:
- ўриндошнинг иш вақти давомийлиги мазкур тоифадаги ходимлар учун белгиланган иш вақти нормасининг ярмидан ошмаслиги лозим;
- ўриндош учун иш вақти давомийлигининг бир кунлик ярим нормасига риоя этилмайдиган бўлса, иш вақтининг жамланма ҳисобини юритишга йўл қўйилади. Жамланган ҳисоб юритишда ўриндошлик бўйича иш вақти давомийлиги ҳисоб даврида эгалланган лавозим бўйича иш вақти нормасининг ярмидан ошмаслиги лозим. Бунда ҳисоб даври 1 ойдан, бир кунлик иш (смена) давомийлиги 12 соатдан ошмаслиги керак (Низомнинг 7-банди, ВМнинг 18.10.2012 йилдаги 297-сон қарорига 1-илова);
- ўриндош билан тузилган меҳнат шартномасида иш вақти давомийлиги кўрсатилиши шарт (Низомнинг 8-банди).