Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2020 год / № 38 / Расмий ҳужжатлар

«Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

 

Сўнгги тўрт йил давомида хорижда ишлаётган фуқароларга нисбатан муносабат тубдан ўзгариб, меҳнат мигрантлари билан мулоқот ўрнатилди, уларнинг муаммо ва эҳтиёжларини ўрганиш ҳамда ҳал қилиш бўйича янги тизим жорий қилинди.

Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) ташкил этилди, меҳнат мигрантларининг ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш, уларнинг оила аъзолари учун ипотека кредитларини ажратиш амалиёти жорий қилинди.

Шу билан бирга, хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш, меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларнинг реинтеграциясини таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича комплекс чора-тадбирларни қабул қилиш талаб этилмоқда.

Ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги ваколатли органларнинг фаолиятини такомиллаштириш, хорижда ишламоқчи бўлган шахсларни талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, фуқароларнинг чет элда бўлиш даврида ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қайтиб келган меҳнат мигрантларининг бандлигини таъминлаш, шунингдек, уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ташкиллаштирилган ҳолда хорижда ишга жойлаштириш, улар билан доимий мулоқот қилиш ва муаммоларини тизимли ҳал қилишни ташкил этиш, ватанга қайтиб келганидан сўнг иш билан таъминлаш бўйича Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри, вилоятлар, туман ва шаҳарлар ҳокимликларининг фаолияти қониқарсиз деб топилсин.

2. Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизими 1-иловага** мувофиқ тасдиқлансин ҳамда қуйидагилар унинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини чет элга вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ташкиллаштирилган ҳолда юбориш ҳажмини ошириш, ушбу мақсадда вазирлик, идоралар ва маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг вазифа ва ваколатлари доирасини кенгайтириш;

ташқи меҳнат миграцияси соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, хориждаги ватандошлар ташкилотлари ва ўзбек диаспоралари билан алоқаларни мустаҳкамлаш;

хорижга ишлашга кетишдан олдин Ўзбекистон Республикаси фуқароларини касб-ҳунарга ва хорижий тилларга ўқитиш амалиётини самарали йўлга қўйиш, уларга касбий малакани тасдиқловчи халқаро тан олинадиган сертификатларни бериш тизимини жорий қилиш;

хорижда мураккаб шароитга тушиб қолган меҳнат мигрантларини молиявий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш амалиётини кенгайтириш, улар учун маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш;

чет элда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашга ва кўмаклашишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш, уларга қулай шарт-шароитларни яратиш;

меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларни реинтеграция қилиш, шу жумладан уларнинг бандлигини таъминлаш, касбий малакасини ошириш ва тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш.

3. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳудудий филиаллари ишини ташкил этишнинг қуйидаги тартиби ўрнатилсин:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳудудий филиалларга умумий раҳбарлик қилади ҳамда уларга юклатилган вазифаларнинг самарали бажарилиши учун масъул ҳисобланади;

ҳудудий филиал раҳбарлари бир вақтнинг ўзида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимининг ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича ёрдамчилари ҳисобланади;

ҳудудий филиал раҳбарлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ҳамда лавозимидан озод этилади;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан ҳудудий филиалларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда уларнинг фаолиятига фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида малакали мутахассисларни жалб қилиш чораларини кўради;

ҳудудий филиаллар ходимлари ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси улушини ошириш ҳамда меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларнинг бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар самарадорлигига қараб моддий рағбатлантирилади;

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳудудий филиалларга меҳнат миграцияси масалалари бўйича методик ёрдам кўрсатади, хорижий меҳнат бозори ҳамда салоҳиятли иш берувчилар тўғрисида маълумот беради, ходимларини рағбатлантиради ва моддий-техника базасини мустаҳкамлашга кўмаклашади.

4. Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ҳудудий филиалларига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

хорижий иш берувчилар билан келишувлар тузиш ҳамда тузилган келишувларга асосан хорижга фуқароларни ишга юбориш;

Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхоналари билан чет давлатларда ишлаётган меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ҳамкорлик қилиш;

хорижий мамлакатларнинг ҳудудий миграция ва бошқа давлат органлари билан алоқалар ўрнатиш ва музокаралар ўтказиш;

хориждаги ватандошлар ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш;

хорижий (халқаро) молия институтлари ва бошқа ташкилотларнинг миграция соҳасини ривожлантиришга ажратиладиган техник кўмак маблағлари ва грантларини жалб қилиш.

5. Қуйидагилар:

Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизими доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури 2-иловага** мувофиқ;

Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизими доирасида Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури 3-иловага** мувофиқ;

2020-2021 йилларда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ташқи меҳнат миграцияси соҳасида амалга ошириладиган ишларнинг асосий кўрсаткичлари 4-иловага** мувофиқ;

2021 йилда хорижий мамлакатларда ўтказиладиган маданий-маърифий тадбирлар дастури 5-иловага** мувофиқ тасдиқлансин.

6. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2021 йил 1 январдан бошлаб ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси йўли билан хорижга чиқиб кетаётган шахслар ишга юборилишидан олдин давлат ва нодавлат таълим ташкилотларида касб-ҳунарга ўқитилади, хорижий иш берувчининг малака талабларига жавоб берадиган шахслар бундан мустасно.

7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 августдаги «Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4804-сон қарорига мувофиқ меҳнат миграциясига чиқиб кетаётган шахсларни касб-ҳунар ва чет тилларига ўқитиш учун ҳудудларда «Ишга марҳамат» мономарказлари, касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитиш курслари, маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

8. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, тасарруфида профессионал таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда:

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жойлашган коллежлар ва техникумларда меҳнат мигрантлари учун қисқа муддатли касб-ҳунар ва чет тилларига ўқитиш курсларини 6-иловага** мувофиқ ташкил этсин;

қисқа муддатли курсларнинг ўқув дастурларини хорижий йирик иш берувчиларнинг талабларига мослаштирсин;

хорижий иш берувчилар ва хусусий бандлик агентликлари билан узвий алоқаларни ўрнатсин ҳамда қисқа муддатли курсларда улар учун зарур бўлган касблар бўйича малакали мутахассисларни тайёрласин;

хорижий йирик ўқув марказлари билан икки томонлама битим имзоласин ҳамда қисқа муддатли курслар ўқитувчиларини малака оширишга юборишни ташкил этсин.

Белгилансинки, қисқа муддатли курсларда ўқитиш харажатлари Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари, ушбу мақсадларга Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар, янги ишчиларни касбга тайёрлаш учун буюртма берган ташкилотлар маблағлари ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.

9. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига Жамғарма маблағлари ҳисобидан меҳнат мигрантлари учун қисқа муддатли ўқитиш дастурларини ишлаб чиқиш, методик таъминотни яратиш, хориждаги йирик корхоналарнинг малакали мутахассисларини ва етакчи таълим муассасаларининг педагог кадрларини жалб қилиш, ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш таълим усталарининг педагогик маҳоратини ошириш ҳуқуқи берилсин.

10. 2021 йил 1 январга қадар:

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Япония иш берувчилари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳридаги «Ишга марҳамат» мономарказида «Япон тили ва касбий малака» тест марказини;

Фарғона вилояти ҳокимлиги Россия Федерациясининг Пайвандчилик назорати миллий агентлиги билан ҳамкорликда Фарғона шаҳридаги «Ишга марҳамат» мономарказида пайвандчилар мактабини;

Сирдарё вилояти ҳокимлиги Бирлашган Араб Амирликларининг «Тadbeer» рекрутинг марказлари билан ҳамкорликда Гулистон шаҳридаги «Ишга марҳамат» мономарказида хизмат соҳасида фаолият кўрсатадиган ишчиларни тайёрлаш ўқув марказини;

Наманган вилояти ҳокимлиги вилоятдаги профессионал таълим муассасаларида давлат-хусусий шериклик асосида «IT School» ўқув марказларини, Япония ва Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда чет тилларига ўқитиш ва хизмат соҳаси бўйича касбларга тайёрлаш ўқув марказларини ташкил қилсин.

11. Белгилансинки, 2021 йил 1 январдан бошлаб:

«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали кам таъминланган оила аъзоси сифатида эътироф этилган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси йўли билан вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга чиқиб кетаётган шахсларга микроқарзлар бериш тартиби жорий қилинади;

микроқарзлар хорижда ишга жойлашиш (шу жумладан, йўл ҳақини тўлаш ва меҳнат фаолиятига рухсат олиш) билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун 10 миллион сўмгача миқдорда бир йил муддатга берилади;

микроқарз фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошадиган, лекин асосий ставканинг 1,5 бараваридан кўп бўлмаган қисми Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан компенсация қилинади.

Бунда, микроқарз ҳамда унга ҳисобланган фоизлар қарз олувчининг (оила аъзоларининг) топшириғига мувофиқ уларнинг ҳисобварақларига халқаро пул ўтказмалари тизимлари орқали келиб тушган маблағлардан ушлаб қолиш йўли билан ҳамда қонун ҳужжатларида кўрсатилган бошқа усулларда тўланиши мумкин.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бир ой муддатда манфаатдор тижорат банклари билан микроқарзларни бериш, уларнинг таъминотига қўйиладиган талаблар ва қайтариш тартибини назарда тутувчи келишув битимини тузсин.

12. 2021 йил 1 январдан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси йўли билан хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турларига тенглаштирилади ва унга ўзини ўзи банд қилган шахслар учун белгиланган солиқларни тўлаш ҳамда пенсия миқдорини ҳисоблаш тартиби қўлланилади.

13. Вазирлар Маҳкамаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

2021 йил 1 январга қадар Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг паспорт-виза хизмати ваколатхонасини Ўзбекистон Республикасида очиш ҳамда ушбу ваколатхонада вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширишга рухсатномани (патентни) тайёрлаш, расмийлаштириш ва бериш хизматларини кўрсатиш;

2021 йил 1 июнга қадар Болгария, Латвия, Исроил, Финляндия, Польша ва Канада билан Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг мазкур давлатлардаги ташкиллаштирилган меҳнат фаолияти тўғрисида ҳамкорлик битимларини тузиш;

2021 йил 1 январга қадар Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Екатеринбург, Новосибирск, Самара, Уфа, Чимкент ва Истанбул шаҳарларидаги ваколатхоналарини очиш ҳамда ушбу ваколатхоналар фаолиятини мазкур ҳудудлардаги Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари билан мувофиқлаштириш чораларини кўрсин.

14. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг чет давлатларда мураккаб молиявий аҳволга тушган ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, маблағларсиз қолган фуқароларга тўланадиган бир марталик моддий ёрдам миқдорини базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан икки бараваригача кўпайтириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

15. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги:

2021 йил 1 январга қадар Россия Федерацияси, Қозоғистон ва Туркия Республикаларида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига миграция ва меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши билан боғлиқ масалалар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида мазкур давлатлардаги адвокатлик ташкилотлари ўртасида очиқ танловни ўтказсин ва танлов ғолиблари билан битимлар тузсин;

уч ой муддатда меҳнат мигрантларига ҳуқуқий ёрдам бериш бўйича онлайн платформани яратсин, хусусий секторни жалб қилган ҳолда Россия Федерацияси ҳудудини доимий хизмат билан қамраб оладиган «Call-марказ»ни ташкил қилсин;

адвокатлик фирмалари ҳамда «Call-марказ»нинг хизматлари қийматини Жамғарма маблағлари ҳисобидан қопласин.

16. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ташқи ишлар вазирлигининг:

хорижий мамлакатларда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга муносиб иш топиб бериш ва бошқа йўналишларда яқиндан ёрдам кўрсатиб келаётган шахсларни дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасаларининг «фахрий консули» ҳамда маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг «жамоат маслаҳатчиси» этиб тайинлаш;

«фахрий консул» ва «жамоат маслаҳатчи»ларини давлат мукофотлари билан тақдирлаш ва уларга фахрий унвонлар бериш амалиётини жорий қилиш;

дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалари ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхоналари ҳузурида хориждаги ватандошлар, иш берувчилар ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароларига мунтазам равишда ёрдам кўрсатиб келаётган бошқа шахслар иштирокидаги Маслаҳат кенгашларини ташкил этиш;

Маслаҳат кенгашлари томонидан хорижий давлатларда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муаммоларини ҳал қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, хорижий экспертлар иштирокида давра суҳбатларини ўтказиш, меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича тажриба алмашиш;

хориждаги ватандошлар ташкилотлари, иш берувчилар ва Маслаҳат кенгашларининг «labor migration» дастурий мажмуасидан фойдаланиш имкониятларини ошириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

17. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2021 йил 1 январдан бошлаб «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали кам таъминланган оила аъзоси сифатида эътироф этилган ва хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириб, қайтиб келган шахсларга:

а) Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидаги харажатларни қоплаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача миқдорида субсидия тўланади:

якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган ёки кичик корхоналар ва микрофирмаларни давлат рўйхатидан ўтказган вақтдан бошлаб биринчи уч ой давомида ижарага олинган бино ва иншоотларнинг ижара ҳақини тўлаш;

тадбиркорлик асослари ва молиявий саводхонликка ўқиш;

кредит олишда таъминот сифатида тақдим этиладиган суғурта полиси бўйича тўловларни амалга ошириш;

б) Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун ажратилган кредитлар бўйича кредит фоизи ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошадиган, лекин асосий ставканинг 1,5 бараваридан кўп бўлмаган қисми компенсация қилинади.

18. Молия вазирлиги 2021 йил ва кейинги йиллар учун Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда мазкур қарорнинг 11 ва 17-бандларида белгиланган чораларни амалга ошириш учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳамда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасига зарур маблағлар ажратишни назарда тутсин.

19. Белгилаб қўйилсинки, туман ва шаҳар сектор раҳбарлари, маҳалла раислари ва меҳнат инспекторлари хорижга ишлаш учун кетган фуқаролар оила аъзоларининг:

ҳолидан мунтазам хабар олиб, муаммолари ва эҳтиёжларини аниқлайди ҳамда уларни ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатади;

моддий ва ижтимоий ҳолатини яхшилаш, уларга зарур тиббий патронаж хизматини кўрсатиш, ипотека кредитлари асосида уй-жойлар ажратиш, фарзандларининг таълим олишидаги муаммоларини ҳал қилиш, меҳнатга лаёқатли аъзоларини иш билан таъминлашга кўмаклашади.

Туман ва шаҳар сектор раҳбарлари мазкур бандда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимининг ташқи меҳнат миграция масалалари бўйича ёрдамчисига ҳар ойда бир марта ахборот бериб борсин.

20. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги:

бир ҳафта муддатда хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ масалалар бўйича мурожаатларни қабул қилиш имконини берувчи узлуксиз ишлайдиган «1282» қисқа рақамли ишонч телефонини ташкил этсин;

ривожланган давлатлардан таклиф этилган иш берувчилар, малакали мутахассислар ва экспертлар иштирокида халқаро меҳнат ярмаркалари, конференция ва семинарларни ўтказиш амалиётини йўлга қўйсин.

21. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда оммавий ахборот воситаларида:

а) қуйидагилар:

хорижий мамлакатларда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш тартиби ва шартлари, чет давлатларнинг меҳнат ва миграция тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, меҳнат бозорида мавжуд бўлган талаб юқори бўлган касблар, мазкур касбларга ўқитадиган таълим муассасалари тўғрисида;

вилоят, туман (шаҳар) ҳокимликлари ва секторлар, маҳалла ва меҳнат органлари, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан меҳнат миграцияси соҳаси бўйича амалга оширилаётган ишлар, чет мамлакатларда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга оширмоқчи бўлган шахсларга давлат томонидан кўрсатиладиган қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида махсус дастур ва лавҳаларни эфирга узатиб борсин;

б) ушбу қарорнинг мақсад ва вазифалари кенг миқёсда ёритилишини таъминласин ҳамда Ўзбекистон телеканалларининг Россия, Қозоғистон, Туркия ва бошқа давлатларда эфирга узатиш қамровини янада кенгайтирсин.

22. Мазкур қарорда белгиланган чора-тадбирларнинг самарали ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида:

бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э. Мухитдинов – Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини амалга ошириш ва янада такомиллаштириш, ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси улушини тубдан ошириш, республикадан ташқарига ишлаш учун кетаётган фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантларининг бандлигини таъминлаш чораларини кўрсин;

ташқи ишлар вазири А.Камилов – Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ва консуллик муассасаларининг меҳнат мигрантлари билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқот ўрнатиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича фаолияти самарадорлигини оширсин ҳамда мазкур жараёнга хориждаги ватандошлар ташкилотларини жалб қилсин;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари – Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳудудий филиалларининг фаолиятини лозим даражада ташкил қилсин, меҳнат мигрантлари ҳамда улар оила аъзоларининг уй-жой ва маиший шароитларини яхшилаш, молиявий ёрдам бериш, ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш бўйича зарур чораларни кўрсин;

Бош вазир маслаҳатчиси – Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаменти бошлиғи М.Хайриддинов – фуқароларни ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига юбориш мақсадида дастлабки касбий тайёргарлик, мослашув тадбирларини амалга ошириш, меҳнат мигрантларини хорижда ишга жойлаштириш, уларга, шу жумладан ўз Ватанига қайтиб келганидан сўнг ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш жараёнларини мувофиқлаштириб борсин;

Бош вазир ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.Қўчқоров – мазкур қарорда назарда тутилган молиявий механизмларни тўлиқ жорий этиш, меҳнат мигрантларининг пенсия ва кредит олиш масалаларини ҳал қилиш бўйича ишларни мувофиқлаштириб борсин, шунингдек, ушбу мақсадда ажратилаётган маблағларнинг манзилли сарфланишини таъминласин;

Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов – ҳукуматлараро комиссиялар доирасида меҳнат миграциясида бўлган шахсларга меҳнат фаолиятини амалга ошириши учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда ушбу масалалар бўйича халқаро битим ва келишувларга эришишга доир ишларни мувофиқлаштириб борсин.

23. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 июлдаги «Ўзбекистон Республикасининг ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3839-сон қарорида:

1-банднинг тўртинчи хатбошисидаги «Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб юритилади)» сўзлари «Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги марказий аппаратининг таркибий бўлинмаси (бўлинмалари)» сўзлари билан алмаштирилсин;

2-банднинг саккизинчи хатбошисидаги «Агентликнинг» сўзи «Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг (кейинги ўринларда – Агентлик)» сўзлари билан алмаштирилсин.

24. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

25. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

Қабул қилинган чора-тадбирлар натижадорлиги тўғрисида 2020 йил 1 декабрь ҳамда 2021 йил 1 июлга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилсин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ.

Тошкент ш.,

2020 йил 15 сентябрь

ПҚ-4829-сон.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 16.09.2020 йилдан кучга кирди.

**Қарорга 1–6-иловалар «СБХ»да чоп этилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 532 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика