Norma.uz

Нима учун ва қандай қилиб ўз СТИР реквизитларини кузатиб бориш лозим

 

1 сентябрга келиб корхона ва ташкилотларнинг кадрлар бўйича хизматлари амалдаги меҳнат шартномаларини Ягона миллий меҳнат тизимида (ЯММТ) рўйхатдан ўтказишни якунладилар. Ушбу жараёнда орттирилган тажриба келгусида жуда қўл келиши мумкин.

Мисол учун, сизнинг СТИРни олайлик. Унинг реквизитларига лозим даражада эътибор қаратилмаса, у энг ноқулай пайтда нафақат сиз учун, балки иш берувчингиз учун ҳам бош оғриғига айланиши мумкин.

«Norma» компаниясининг кадрлар бўйича катта инспектори, кадрлар ишини юритиш соҳаси эксперти Валерия Ляндрес шахсий тажрибаси билан ўртоқлашди. 

 

– Ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаларини ЯММТда рўйхатдан ўтказиб бўлдим. Икки марта, бу эса мен рўйхатдан ўтказган шартномалар умумий миқдорининг тахминан 1%ини ташкил этади, паспорт маълумотлари ва ЖШШИРни киритиш чоғида дастур «КОД: 108. Фойдаланувчи «soliq.uz» тизимида топилмади» деб жавоб берди. Бунинг сабабини суриштириб, шуни аниқладим: ушбу хато ходимнинг СТИР реквизитларида эски паспорт маълумотлари ёки олдинги прописка қилинган жойи қайд этилганини англатар экан. Ушбу муаммони ҳал қилмай туриб ходимнинг меҳнат шартномасини ЯММТда рўйхатдан ўтказишнинг иложи йўқ.

Биринчи ҳолатда Мирзо Улуғбек туман ДСИ билан боғландик. У ердагилар муаммоимизни тез англаб, уни ҳал қилишда ёрдам бердилар. Солиқ органлари ходими фақатгина ходимнинг паспорти ва СТИРи фотосуратини Телеграм-канал орқали жўнатишни сўради. Унинг ўзи ахборотни текшириб, янги паспорт маълумотларига кўра ходим ДСИда қайд этилмаганини билдирди. Эҳтимол паспортини прописка қилинган «туман ИИБ»даги жойидан эмас, балки «шаҳар ИИБ»даги жойидан олгандир. Солиқ органи ходимлари 20 дақиқа ичида СТИР реквизитларига керакли ўзгартиришларни киритдилар. Шундан сўнг ходимнинг меҳнат шартномасини ЯММТда рўйхатдан ўтказдик.

Иккинчи ҳолатда ходима прописка қилинган жойдаги Юнусобод туман ДСИга мурожаат қилдик. У ердагилар у ДСИга шахсан келишини талаб қилдилар. ДСИга келганда ходима 2004 йилда СТИРни олган пайтдан буён яшаш жойини ўзгартиргани ва икки марта паспортини алмаштирганини текширдилар. Солиқ органлари ходимлари бошқа жойга кўчганда манзили ўзгаргани ҳақида солиқ органларини хабардор қилиши керак бўлганини айтиб, унга танбеҳ бердилар. Юнусобод ДСИ номувофиқлик сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш учун бу ходимани СТИР расмийлаштирилган жойдаги Ангрен ДСИга йўллади. Ходима солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали Ангрен ДСИга вазиятни баён этган ҳолда сўровнома юборди, у ердан мазкур масалалар фақат ҳақиқатда прописка қилинган жойда ҳал қилинади, деган расмий жавобни олди. Бундай ҳолатдан чиқиш учун ДСҚга ёрдам сўраб мурожаат қилмагунимизча масала ҳал этилмади.

Бош давлат солиқ инспектори Низомиддин Султонов ҳам СТИР реквизитлари билан боғлиқ муаммо долзарб эканлигини айтди.

– Кўтарилаётган масала – янгилик эмас. Фақат сўнгги пайтларда у ҳақда кўпроқ гапира бошладилар. Эҳтимол, бу ЯММТ жорий этилиши билан мазкур муаммони илгари унга тўқнаш келмаган мутахассислар кўргани билан боғлиқдир. Биз, солиқ хизмати инспекторларининг эса СТИР реквизитларида эскирган маълумотлар қайд этилган солиқ тўловчилар билан ҳар куни ишлашимизга тўғри келади.

Кўпчилик СТИР деганда солиқ органлари томонидан берилган, талаб қилинган жойга тақдим этилиши лозим бўлган гувоҳномадаги муайян рақамлар тўпламини тушунади, ушбу рақамлар ортида реквизитлар – СТИРни тақдим этувчи ҳақидаги маълумотлар тўплами мужассамлигини билмайди. Киши ўн йил ва ундан ортиқ яшаб, инсофли солиқ тўловчи бўлиб, СТИР реквизитларида эски маълумотлар қайд этилганини билмаслиги мумкин. Ҳар доимгидек, энг ноқулай пайтда муаммо юзага чиқади, уни доим ҳам тез ва осон ҳал қилиб бўлмайди.

Турфа хил ҳаётий вазиятларда: фамилияси, яшаш жойи ўзгарганда ва бошқа ҳолларда жисмоний шахснинг СТИР реквизитларини ўзгартириш зарурати юзага келади. Ҳар бир киши олдингисининг амал қилиш муддати тугагани муносабати билан паспортини алмаштиради, бу ҳам СТИР реквизитларидаги маълумотларни ўзгартиришни талаб этади.

Одатда маълумотлар ахборот тизимида автоматик режимда солиқ тўловчининг иштирокисиз ўзгартирилади, бироқ баъзан дастурда узилишлар бўлиб туради. Шу сабабли СТИР реквизитларини кузатиб бориш лозим.

Ҳатто солиқ органларининг тажрибали инспекторлари солиқ тўловчининг СТИР реквизитларида эскирган маълумотлар борлигини кўрсалар-да, доим ҳам масалага лозим даражада эътибор беравермайдилар. Эътиборли инспектор биринчи навбатда реквизитларини тузатиш учун солиқ тўловчини мутахассисга йўллайди.

 

Жисмоний шахсни рўйхатдан ўтказиш яшаш жойи бўйича ДСИда фақат бир марта амалга оширилади. Ҳар бир солиқ тўловчи фақат битта СТИРга эга бўлиши мумкин.

Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслар ўз паспортидаги маълумотлар ўзгарган тақдирда ДСИда асосий рўйхатдан ўтказиш маълумотлари ўзгаришини ҳисобга олишнинг рўйхатдан ўтказиш шаклларини тўлдирадилар. Бошқа солиқ тўловчиларга – жисмоний шахсларга ушбу шакллар уйма-уй юриб тўлдирилади (Ўзбекистон Республикасида солиқ тўловчиларнинг идентификация рақамларини бериш ва қўллаш тизими тўғрисидаги низом 18, 21-б., ВМнинг 11.03.1997 йил 130-сон қарори билан тасдиқланган).

 

Жисмоний шахснинг СТИР реквизитларидаги маълумотлар эскиришининг оқибатлари тўсатдан маълум бўлмаслиги учун нима қилиш керак 

Муаммони ҳал қилиш учун:

  • идоралараро ахборот айирбошлаш ахборот тизимлари дастурий таъминотининг ишида узилишлар имкон қадар камроқ бўлиши учун уни такомиллаштириш;
  • жисмоний шахсларнинг СТИРни бериш ва қўллаш масалаларини тартибга солувчи НҲҲни қайта кўриб чиқиш;
  • тегишли тушунтириш ишларини олиб бориш мақсадга мувофиқдир.

 

Айнан ҳозир нима қилиш керак?

buxgalter.uz ДСҚнинг рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга олиш бошқармаси мутахассислари билан биргаликда тавсия тайёрлади:

– Паспорт, прописка қилинган жойингизни алмаштиргач, my.soliq.uz порталидаги «Ўз СТИРингизни билиб олинг» давлат интерактив хизмати ёрдамида ўз СТИРингизни текшириб кўринг.

Очилган саҳифада тегишли устунларга паспорт серияси ва рақамини, туғилган санангизни, шунингдек суратдаги матнни (текширув кодини) лотин ёзувида киритишингиз керак. «Қидириш» тугмачасини босгач, «Натижа» майдонида СТИРингиз маълумотлари чиқиши керак, бунда Давлат солиқ қўмитасида рўйхатдан ўтказилганлиги ва солиқ тўловчига идентификация рақами берилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани қоғозга чиқариш таклиф этилади. Шундай бўлиб чиқдими? Демак, СТИРингиз билан боғлиқ муаммо йўқ экан.

Бошқа ҳар қандай жавоб олганда яшаш жойингиздаги солиқ инспекциясига мурожаат қилишни кейинга қолдирманг. my.soliq.uz порталидаги «Ҳисоб ­маълумотларини ўзгартириш» интерактив хизматидан фойдаланиб ёки ўзингиз бориб мурожаат қилишингиз мумкин.

my.soliq.uz орқали мурожаат қилиш усулини танлаган бўлсангиз (бу энг қулай ва афзал кўриладиган вариант):

  • my.soliq.uz бош саҳифасидаги «Ҳисобга қўйиш» тугмачасини босинг;
  • очилган саҳифадаги «Ҳисоб маълумотларини ўзгартириш» иловасини босинг;
  • очилган шаклни тўлдиринг. Бунда «Ариза тури» сатрида «Жисмоний шахсларнинг ҳисоб маълумотларини ўзгартириш» вариантини кўрсатишни, паспорт саҳифаларининг сканерланган ёки фотосуратини бириктириб қўйишни унутманг. Сканерланган ёки фотосуратдаги матн тиниқ кўриниши ва осон ўқиладиган бўлиши керак.

3 иш куни ўтгач, ДСИ аризани кўриб чиқиш натижалари ҳақида сизни хабардор қилади.

Қўшимча маслаҳат олиш учун (71) 202-32-82 ёки 1198 телефон рақамлари орқали мурожаат қилинг.

 

Таҳририятдан: Корхонадаги кадрлар ва бухгалтерия хизмати ходимларнинг СТИР реквизитларини текширишда уларга ёрдам бериши мумкин. Зеро паспорт маълумотлари ёки прописка қилинган жойи ўзгаргани ҳақида улар биринчи бўлиб хабар топадилар ва:

  • юқорида кўрсатилганидек, ходимнинг СТИР билан боғлиқ муаммо йўқлигини текшириб кўришлари;
  • масалани масофадан туриб ҳал қилиб бўлмаса, ходимни ДСИга йўллашлари мумкин.

Корхона буйруғи ёки бошқа локал ҳужжати асосида ушбу хизматлар мутахассисларини ана шундай текширувни ўтказиш ишига бириктириб қўйиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

 

Олег Гаевой суҳбатлашди.

Прочитано: 208 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика