Фискал хотирали НКМдан фойдаланилганда, ишга тушириш-созлаш ва рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ барча масалаларни тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтказилган жойдаги туман (шаҳар)да ҳал қилиш мумкин эди. Энди эса онлайн-НКМни солиқ органида рўйхатдан ўтказиш учун тадбиркорларни ТХКМнинг марказий офиси ёхуд бошқа шаҳар ёки туманда жойлашиши мумкин бўлган унинг филиалига юборишмоқда. Буни бошқа аҳоли пунктларига бормасдан уддалаш мумкинми?
– Агар сизнинг шаҳрингиз ёки туманингизда сиз танлаган маркадаги онлайн-НКМга хизмат кўрсатадиган ТХКМ филиали мавжуд бўлмаса, ТХКМнинг марказий офиси ёки унинг филиалига бормасликнинг иложи йўқ. Гап шундаки, онлайн-НКМ ёки виртуал кассани солиқ органларида рўйхатдан ўтказиш юзасидан аризани тадбиркорлик субъекти раҳбари ва ТХКМ (ТХКМ филиали) раҳбари имзолашлари даркор.
buxgalter.uz дан:
– Вақти билан ушбу тартиб-таомил онлайн шаклга ўтказилиб, мақбуллаштирилади, деб умид қиламиз. Зеро, барча юридик шахсларда электрон рақамли имзо мавжуд бўлганда бу соҳанинг ҳам бугунги шаклланаётган рақамли иқтисодиёт шарт-шароитларига мувофиқ ишлашга ўтиши замон талабидир.
Рустам ЁҚУБОВ, «Mарон» ТХКМ мутахассиси.