Умумбелгиланган солиқларни тўловчи корхона (Ўзбекистон резиденти) туристик хизматларни кўрсатади. Комитент сифатида воситачи юридик шахс (Россия фуқароси) билан воситачилик шартномасини тузди. Воситачи комитентнинг топшириғига биноан ўз номидан туристларни (Россия резидентлари) қидириш билан шуғулланади, бунинг учун валютада воситачилик ҳақи олади. Турларнинг ўзи Ўзбекистонда ўтади. Воситачида Россия резидентлиги сертификати бор.
1. Воситачилик ҳақи ҚҚС бўйича айланма ҳисобланадими?
2. Воситачилик ҳақини тўлаётганда биз фойда солиғи бўйича солиқ агенти бўлиб ҳисобланамизми?
1 Ҳа, воситачилик ҳақи ҚҚС солинадиган айланма ҳисобланади. |
Корхонангиз – шундай хизматларнинг харидори Ўзбекистон ҳудудида фаолиятни амалга ошираётгани ва тургани сабабли Ўзбекистон Республикаси хизматларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилади (СК 241-м. 1-қ.).
Бинобарин, воситачининг хизматларни реализация қилишига 15% ставкада солиқ солинади ва у тўлов манбаида ушлаб қолинади (СК 239, 255, 258-моддалари).
Агар контрактларнинг шартларига мувофиқ хизматлар чет эллик шахслар томонидан ҚҚСни ҳисобга олмасдан тақдим этилса, солиқ базаси солиқ агентлари томонидан кўрсатилган хизматларнинг қийматидан келиб чиққан ҳолда, ҚҚСни ҳисобга олмасдан аниқланади (СК 255-м. 7-қ.). Бундай ҳолда солиқ агенти тегишли солиқ суммасини мустақил тарзда ҳисоблаб чиқариши ва бюджетга ўтказиши шарт. ҚҚСнинг тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжати СКнинг 37-бобига мувофиқ тўланган солиқ суммасини ҳисобга киритиш ҳуқуқини беради (СК 255-м. 9-қ.).
2 Йўқ, мазкур хизматлар ЎзР ҳудудида кўрсатилмаганлиги сабабли воситачилик ҳақларига тўлов манбаида фойда солиғи солинмайди. Ўзбекистон Республикасидан ташқарида хизматлар кўрсатишдан олинган даромадларга тўлов манбаида солиқ солинмайди, бундан СК 351-моддасининг 2-қисмида назарда тутилган ишларни бажариш, хизматларни кўрсатишдан олинган даромадлар мустасно (СК 351-м. 3-қ. 2-б.). Сизнинг ҳолатда баён этилган норезидентнинг даромад тури СК 351-моддасининг 2-қисмида назарда тутилмаган. |
Замира ЖЎРАЕВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.