Умумбелгиланган солиқларни тўловчи корхонанинг (МЧЖ) фаолият тури - ишлаб чиқариш. Жисмоний шахсдан компьютер ва олдин ишлатилган ноутбук харид қилиб, унинг ҳақини корхонанинг ҳисоб-китоб рақамидан жисмоний шахснинг шахсий пластик карточкасига ўтказиб бермоқчимиз.
1. Жисмоний шахсдан компьютер ва ноутбук харид қилишимиз қонунчиликка тўғри келадими?
2. Корхона ва жисмоний шахсда қандай солиқ оқибатлари юзага келади?
3. Мазкур операция қандай ҳужжатлар билан акс эттирилиши керак?
1 Ҳа, қонунчиликка тўғри келади. |
Шартномаларни тузаётганда томонлардан бири юридик шахс ҳам, жисмоний шахс ҳам бўлиши мумкин. Олди-сотди шартномаси бўйича бир тараф (сотувчи) товарни бошқа тараф (сотиб олувчи)га мулк қилиб топшириш мажбуриятини, сотиб олувчи эса бу товарни қабул қилиш ва унинг учун белгиланган пул суммаси (баҳоси)ни тўлаш мажбуриятини олади (ФКнинг 386-моддаси).
2 Томонларда солиқ оқибатлари юзага келмайди. |
Солиқ тўловчига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулкни реализация қилишдан олинган даромад мулкий даромад ҳисобланади (СК 375-м. 4-б.).
Имтиёз қўлланилгани сабабли унга ЖШДС солинмайди (СК 378-м. 7-б.). Мазкур имтиёз қимматли қоғозларни, нотурар жойларни ва 36 календарь ойдан кам муддатда солиқ тўловчининг мулкида бўлган турар жойларни сотишдан олинган даромадларга татбиқ этилмайди.
3 Жисмоний шахсдан компьютер техникасини (илгари ишлатилган) харид қилиш бўйича операциялар олди-сотди шартномаси ва қабул қилиш-топшириш далолатномаси билан расмийлаштирилади. |