Ўзбекистон божхона брокерлари уюшмаси (ББУ) ўз профессионал ҳамжамиятининг аъзолари учун ўтказган навбатдаги семинарда ташқи савдо соҳаси қонунчилигидаги муҳим янгиликлар хусусида гап борди.
Семинарда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, ДБҚ, Божхона институти, Ўзстандарт ва Ўзтест вакиллари, божхона брокерлари – фирма раҳбарлари (ББУ аъзолари), божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар иштирок этди.
Инкотермс-2020 версияси, унинг янги қоидалари ва уларни қўллашнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида ББУ Эксперт кенгашининг раиси Холида Усмонова ахборот берди. Янги қоидалар бўйича қандай ишлаш ва нималарга эътибор қаратиш лозимлиги хусусида ББУ раисининг ўринбосари Энвер Халилов ўз тақдимотида гапириб берди. Нотиқ ТИФ соҳасидаги бизнес иштирокчиларининг иш амалиётига янгиликлар олиб кирган янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳим жиҳатларига тўхталиб ўтди.
БЮДга тузатиш киритишдаги янгилик
Жорий йилнинг 11 майидан Божхона юк декларациясини ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ва бекор қилиш тартиби тўғрисидаги янги низом (АВ томонидан 10.02.2020 йилда 3220-сон билан рўйхатдан ўтказилган) кучга киради. Ҳужжатда мазкур тартиб-таомилларни электрон ва қоғоз шаклидаги БЮД учун амалга ошириш тартиби мутаносиблашган (тегишли равишда I ва II боблар).
Низомда БЮДга декларацияловчи шахснинг мурожаатига асосан ва божхона органи ташаббуси билан ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритиш мумкин бўлган ҳолатлар белгиланган. Шу билан бирга ҳужжатда декларантнинг мурожаатига асосан БЮДни қайтариб олиш ва божхона органи ташаббуси билан бекор қилиш мумкин бўлган вазиятлар келтирилган.
Э.Халилов қандай ҳолларда БЮДга ўзгартириш ва қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш, бекор қилиш ёки қайтариб олиш мумкинлигини тушунтирди, хусусан:
1) божхона расмийлаштируви жараёнида йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида;
2) божхона қиймати ва (ёки) божхона тўловлари суммасини тўғрилаш зарурати юзага келганда;
3) товарларни ташишга мўлжалланган транспорт воситалари техник жиҳатдан носоз бўлганда;
4) экспортга расмийлаштирилган товарлар автотранспорт воситаси ташувида 10 кунга қадар, бошқа транспорт воситалари ташувида 20 кунга қадар олиб чиқилмаган ҳолатларда;
5) мазкур декларация бўйича расмийлаштирилган товарлар ёки уларнинг бир қисми ТИФнинг бошқа субъектига берилганда. Бундан импорт ёки экспортга расмийлаштирилиб, контракт шартлари тўлиқ бажарилган, шартли чиқарилмаган товарлар, шунингдек товардан фойдаланиш ҳуқуқи чекланган ҳамда БКнинг 96-моддаси таъсири остига тушган (бошқа шахсга ўтказилган) товарлар мустасно;
6) контракт (шартнома, келишув) шартлари ўзгарганда. Бундан импорт ёки экспортга чиқаришга расмийлаштирилиб, контракт шартлари тўлиқ бажарилган, шартли чиқарилмаган товарлар, товардан фойдаланиш ҳуқуқи чекланган ҳолатлар мустасно;
7) БЮД расмийлаштирилгандан сўнг, ундаги товарлар бўйича тузилган контрактларга қўшимча келишувлар киритилиб, уларга мувофиқ хўжалик юритувчи субъектлар, хорижий ҳамкорлар ва уларнинг реквизитлари ўзгарган тақдирда;
8) битта товар юзасидан бир нечта БЮД қабул қилинганда;
9) тақдим этилган ҳужжатлар билан тасдиқланган, қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа ҳолларда.
БЮД рўйхатга олиниб, расмийлаштирилмаган бўлса, декларант ёки декларацияловчи шахсга 1-3 ва 9-ҳолатларда ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритишга рухсат этилади (Низомнинг 8-банди).
Қуйидаги ҳолларда БЮДга ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш тақиқланади (Низомнинг 10-банди):
- декларант ёки декларацияловчи шахсдан БЮДда маълум қилинган товарларга нисбатан ҳужжатлар ва (ёки) маълумотлар талаб қилиниб, бу бўйича текширув якунига етмаган бўлса;
- БЮДда маълум қилинган товарларни божхона кўригидан ўтказиш белгиланиб, бу жараён якунига етмаган бўлса;
- БЮДдаги товарларни божхона экспертизасидан ўтказиш тайинланиб, бу жараён якунига етказилмаган бўлса.
Низомнинг 10-бандида назарда тутилган ҳолларда БЮДни қайтариб олиш тақиқланади. Шунингдек, ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган БЮД бўйича иш кўриб чиқилиб, суд ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган қарори чиққунга қадар ҳам БЮДни қайтариб олиш тақиқланади (Низомнинг 24-банди).
Дастлабки декларациялаш
2 апрелдан Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига олиб кириладиган товарлар ва транспорт воситаларини расмийлаштиришда божхона тартиботларини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори (31.12.2019 йилдаги 1057-сон) кучга киради.
Ҳужжатда ташувчилар ёхуд товар эгалари ёки товарга нисбатан ваколатларга эга бўлган шахслар ҳаво ва темир йўл транспортида ташиладиган товарлар ва транспорт воситалари, шу жумладан йўловчилар ва уларнинг багажлари тўғрисида дастлабки электрон тарзда олдиндан ахборотни божхона органларининг ахборот тизимига бутунжаҳон Интернет тармоғи орқали:
- автомобиль транспортининг Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ўтишидан бир соат олдин;
- темир йўл транспортининг Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасига етиб келишидан бир соат олдин;
- узоқ йўналишни амалга оширишда - ҳаво транспортининг Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига учиб келишидан 2 соат олдин;
- қисқа йўналишни амалга оширишда - ҳаво транспортининг учиш вақтида юбориши шартлиги белгилаган.
Шу билан бирга ҳужжатда фақат божхона органларининг «Ягона ойна» ахборот тизимида мувофиқлик сертификати, санитария-эпидемиология хулосаси, экологик сертификат берилиши тасдиқланган тақдирдагина товарларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилишга рухсат берилиши белгиланган.
Дастлабки божхона декларацияси тақдим этилганда товарларни эркин муомалага чиқариш БЮД рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб 3 соат ичида расмийлаштирилади, хавфларни бошқариш тизими томонидан юқори даражадаги хавф аниқланган ҳолатлар бундан мустасно.
ҚҚС тўлаш муддатини узайтириш
Яна бир ҳужжат 11 февралдан кучга кирди. Бу Вазирлар Маҳкамасининг «Товарлар (ишлар, хизматлар)ни импорт қилишда қўшилган қиймат солиғи тўловчилар учун қўшилган қиймат солиғини тўлаш муддатини узайтириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қароридир (10.02.2020 йилдаги 76-сон). Қарор Президентнинг «Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонини (27.06.2019 йилдаги ПФ-5755-сон) ижро этиш юзасидан қабул қилинган. Низомнинг 10-бандига мувофиқ, олдин берилган имтиёзлар бекор қилинган тақдирда товарларни олиб кирганда, шунингдек товарлар (ишлар, хизматлар) импорт қилинганда солиқ тўлашдан озод этиш ўрнига ҚҚС тўловчиларга ишлар (хизматлар) импортида 120 кун муддат билан солиқ тўлаш бўйича муддатни узайтириш механизмларидан фойдаланиш мумкинлиги белгиланган.
Низомда муддатни узайтириш тартибига тааллуқли бўлган тартиб-таомиллар белгиланган. Товарларни импорт қилишда тўлов муддатини узайтириш имконияти давлат божхона хизмати органлари томонидан берилади (Низомнинг 8-банди). Норезидентлардан ишлар (хизматлар) сотиб олинганда ҚҚСни тўлаш бўйича мажбурият юзага келганда муддатни узайтириш ваколати солиқ органларига берилган (Низомнинг 17-банди).
Низомга 1-иловада тўлов муддатини узайтиришга аризани расмийлаштириш тартибининг схемаси келтирилган бўлиб, унда тегишли органлар томонидан аризанинг кўриб чиқилиши учун белгиланган муддатлар ҳам кўрсатилган. Ариза қоғоз ёки электрон шаклда берилиши мумкин. Импорт чоғида унга ҚҚС тўланиши таъминланишини тасдиқловчи ҳужжат албатта илова қилинади.
Ваколатли органлар томонидан ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг Низом талабларига мувофиқлигини кўриб чиқиш учун 5 иш куни берилади. Тўлов муддатини узайтириш имкониятини бериш ёки уни рад этиш учун ҳам шунча вақт ажратилган.
Тўлов муддатини узайтириш имкониятининг берилиши рад этилган тақдирда, 1 иш куни давомида ариза берувчига рад этиш сабаблари кўрсатилган ҳолда ёзма равишда хабар берадилар. Тўлов муддатини узайтириш имконияти берилган тақдирда, унинг суммаси ва тугаш муддати кўрсатилади.
ҚҚС тўлаш муддатини кечиктириш учун ТИФ иштирокчиси божхона органига ҚҚС суммасини тўлаш бўйича ёзма мажбуриятни ўз ичига олган тегишли шаклдаги аризани тақдим этади (Низомга 2-илова). Шунингдек БКнинг 47-бобига мувофиқ ҚҚС тўланиши таъминланишини тасдиқловчи ҳужжатни ҳам тақдим этади, бундан солиқ хизмати томонидан йирик солиқ тўловчилар сифатида рўйхатдан ўтказилганлар мустасно.
Низомнинг 10-бандида белгиланган талабларга риоя қилмаслик ҳамда ҚҚСни тўлаш бўйича олдин тақдим этилган узайтирилган тўлов муддатини бузиш ҳолатларининг мавжудлиги ҚҚС тўлов муддатини узайтириш имкониятини беришни рад этиш учун асос бўлиб хизмат қилади. ҚҚСни тўлаш муддатини узайтириш имкониятининг берилган ҳар бир куни учун тўланадиган ҚҚС суммасидан Ўзбекистон Республикаси МБ томонидан белгиланган, қайта молиялаштириш ставкасининг бир кун учун қайта ҳисобланган фоизининг 50 фоизи миқдорида фоизлар ундирилади.
Тўлов муддати узайтирилган ҚҚС суммаси 120 кун ичида тўланмаган тақдирда, ушбу бандга мувофиқ фоизлар ҳисобланиши тўхтатилади.
Агар солиқни тўлаш бўйича кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти ушбу модда иккинчи қисмининг 3-6-бандларида ва (ёки) тўртинчи қисмида кўрсатилган асосларга кўра берилган бўлса, кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш даврида амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасига тенг ставкадан келиб чиққан ҳолда қарз суммасига фоизлар ҳисобланади.
ЎзР Солиқ кодексининг 100-«Солиқларни тўлашни кечиктириш
ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини
бериш шартлари» моддаси.