1. Янги электр ҳисоблагич ўрнатилгандан кейин у электр таъминоти ташкилотида рўйхатдан ўтганлигига ишонч ҳосил қилиш, етказиб берувчининг сайтидаги шахсий кабинетда ёки ҲЭТнинг офисида шахсий ҳисобварақ ҳолатини текшириш лозим.
2. Электр ҳисоблагич ўрнатилгандан кейин сизда қарздорлик вужудга келган бўлса, тўлов бўйича барча квитанцияларингиз ҲЭТ маълумотлар базасига киритилган-киритилмаганини текширинг, уларни етказиб берувчининг ҳисоб маълумотлари билан солиштириб кўринг. Ҳисобланган тўловларни қоғозга чиқартириб олинг.
3. Янги ҳисоблагич сизнинг иштирокингизсиз ўтказилган бўлса, қарздорлик қайси даврдан буён бошланганлиги, олдинги ўлчов ускунасининг кўрсаткичлари қайд этилган-этилмаганлиги, етказиб берувчида кўрсаткичларни тасдиқловчи далолатнома ёки фотосурат бор-йўқлигини аниқлаштиринг.
4. Ҳисоблагич ўрнатилгандан кейин унинг кўрсаткичлари ошириб юборилган деб ҳисобласангиз, дарҳол ёзма равишда ҲЭТга мурожаат қилинг. Электр таъминоти ташкилоти вакили уланиш тўғрилигини текшириши, нотўғри ҳисобланган ҳолатларни тузатиши, далолатнома тузиши ва мана шу далолатнома асосида сизга тўловларни қайта ҳисоблаб беришлари керак бўлади.
5. Агар абонент ва ҲЭТ ходимининг ҳисоблагич тўғри ишлаётгани хусусидаги фикрлари ҳар хил бўлса ёки электрик нотўғри кўрсаткичлар сабабини аниқлай ололмаётган бўлса, у ҳолда ҳисоблагични «Ўзстандарт» органларида текширтириб (қиёсловдан ўтказиш билан чалкаштирилмасин) олиш керак. Текширувни етказиб берувчи ўтказади. Сабаби гап фойдаланиш жараёнида абонент айби билан юз берган носозликлар ҳақида кетаётгани йўқ, балки гап ҳисоблагични ўрнатиш вақтидаги носозлик ҳақидадир. Лекин ҲЭТ ходимлари ҳар қандай йўллар билан бўлса-да, бундан бош тортадилар. Шунинг учун вақтни йўқотмасдан, истеъмолчининг ўзи ҳисоблаш ускунасини текширувга олиб бориши мумкин.
6. Ҳисоблагични текширтириш учун ечиш-ўрнатиш ҲЭТ ходими томонидан истеъмолчи ва МИБ ходими иштирокида амалга оширилади. Бунда ечиш-ўрнатиш далолатномаси тузилади. Агар экспертиза янги ҳисоблагични носоз (истеъмолчининг айбисиз) деб топса, у ҳолда ҲЭТ олдинги ҳисобот даври учун ўртача суткалик истеъмол асосида нотўғри ҳисобланган суммани қайта ҳисоблаб чиқаради. Текширув ўтказиш даври учун ҳам худди шундай қайта ҳисоблаш амалга оширилади. Бу ҳолда ҳам етказиб берувчи текширув ўтказиш билан боғлиқ бўлган харажатларни истеъмолчига қоплаб беради.
7. Агар муаммо ускунани ўрнатишда эмас, балки ҳисоблагичнинг ўзида бўлса ва экспертиза ундан кейинчалик фойдаланиш мумкин эмаслигини эътироф этса (яъни брак бўлса), у ҳолда етказиб берувчи янги ускунани ўз ҳисобидан ўрнатиб бериши шарт.
8. Агар ҳисоблагичларни ўрнатиш чоғида майдончадаги қўшниларнинг квартиралари чалкаштириб юборилган ва оқибатда бир истеъмолчига қўшсининг ҳисобидан кўпроқ тўлов ҳисоблаб юборилган бўлса, буни ҳал қилишнинг 2 та йўли бор. Аввалига тушунмовчиликни қўшничасига бартараф этишга ҳаракат қилиб кўриш лозим. Яъни тўловларни солиштириб кўриш, тафовутни тўлаб қўйиш мумкин. Агар бу усул иш бермаса, у ҳолда ҲЭТ ходими далолатнома тузиб, унда ҳисоблагичлар ва абонентлар рақамларининг номувофиқлиги қайд этилади, ана шу асосда уларга қайта ҳисоблаш амалга оширилади.
9. Истеъмолчи электр ҳисоблагичнинг бир нечта асосий параметрларидан хабардор бўлиши лозим. Улар ўнг томонда жойлашган «Поиск» («Қидирув») тугмачаси билан бошқарилади. Тугма бир марта босилганда ҳисоблагичнинг рақами қайд этилади (С.1.0 функцияси). Икки марта босилганда – айни пайтдаги умумий фаол энергия қайд этилади (15.7.0). Тугмачага 5 марта босилса, жорий ойдаги умумий фаол энергиянинг миқдори билиб олинади (15.8.0). Олдинги ойдаги умумий фаол энергияни (15.8.0.1) функцияси кўрсатади.
Ҳисоблагич ишида хатолик бўлганда қизил тугмачалар ёнади. Бундай ҳолларда истеъмолчи ҲЭТ билан боғланиши керак. Бу кўпинча ҳисоблаш ускунаси нотўғри ўрнатилганидан дарак беради.
10. Агар сиз ҳисоблагич кўрсатмаларини нотўғри деб ҳисобласангиз, ҲЭТ ходимига талабнома тақдим этишдан олдин электр энергиясининг суткалик истеъмолини ўзингиз ҳам текшириб кўрсангиз бўлади. Бунинг учун барча электр ускуналарини ўчирасиз. Кейин галма-галдан ҳар битта маиший ускунани бирма-бир ёқасиз ва бир соат давомида ҳисоблагич истеъмол қилган қувватнинг миқдорига қарайсиз. Ҳисоблагичнинг экранида бу функция 15.7.0 билан рақамланган. Шундан сўнг ҳар бир электр ускуна бўйича олинган маълумотларни суткадаги унинг ишлатилиш вақтига кўпайтирасиз ва барчасини қўшасиз. Барча ускуналарнинг ҳақиқатдаги суткалик электр истеъмоли кўрсаткичига эга бўласиз. Шундан кейин ҳисоблагичнинг кўрсаткичларини 15.8.0 функцияси остига ёзасиз ҳамда айнан бир суткадан сўнг шу жойнинг кўрсаткичига қарайсиз. Ушбу кўрсаткичлар орасида ҳосил бўлган фарқ бир сутка учун ҳисобланган электр энергияси истеъмоли ҳисобланади. Ана ундан кейин ҳисобланган кўрсаткичларни ҳақиқатдаги истеъмол билан солиштирасиз. Агар фарқ катта чиқса, демак ҳисоблагич нотўғри ишлаётган бўлади.
11. Уй ичидаги электр тармоқларининг эскирганлиги, йўлакдаги электр шчитларда носозликлар бўлганда ҳисоблагич нотўғри кўрсаткичларни бериши, тегишли равишда, ҳақиқатдан йироқ қарздорликлар ҳисобланиши мумкин. Уй ичидаги электр хўжалиги учун жавобгарлик ХУМШ зиммасида бўлади.
12. Агар истеъмолчи электр ҳисоблагич нотўғри ўрнатилганлиги ва шундан келиб чиқадиган муаммоларни ўзи мустақил ҳал қила олмаётган бўлса: Монополияга қарши курашиш қўмитасига 71-207-47-00, 71-207-48-00, ҳамда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖга 71-233-01-28, 78-150-75-64 телефон рақамлари билан қўнғироқ қилиш мумкин.
Ирина Гребенюк, ўз мухбиримиз.