Пойтахтда замонавий электр ҳисоблагичларнинг оммавий тарзда ўрнатилиши истеъмолчилар асосий қисмини бир зумда қарздорларга айлантирди-қолди. Кўпчиликнинг ҳисобга олиш ускуналари кўрсаткичларни эскиларига қараганда кўпроқ кўрсатиб, худди гаплашиб олгандек, «ёлғон ишлай» бошлади. Ўз навбатида, электрдан фойдаланганлик учун нореал тўловлар ҳисобланиши кўпайди. Одамлар нақ бошини чангаллашди: қайси бирига ишониш керак? Ҳисоблагич бир кўрсаткични берса, етказиб берувчининг SMS хабарида бошқа рақам, шахсий кабинетдаги тўланиши керак бўлган ҳақ эса яна бошқача кўрсаткичда…
Истеъмолчиларга эски ҳисоблагичлар электр энергияси истеъмолини чала ҳисоблаган, эндигиси эса миридан-сиригача ўлчайди, деб тушунтиришди. Умуман олганда эса, фуқароларнинг ўзлари айбдор: электр қувватидан исрофгарчилик билан фойдаланишади-да, кейин ҳисоблагич «чириллатиб ёзибди», дейишади.
Электрон ҳисоблагичларни ўрнатган абонентларнинг кўпчилигида эса кўрсаткичлар 2-3 баравар ва ундан ҳам юқорига кўтарилиб кетган. Баъзиларда бу кўрсаткич ҳатто бир неча кунда 1 000 кВт гача етган – атайин хоҳлаганда ҳам бунга эришиш қийин. Бошқаларнинг ҳисоблагичлари эса ўчирилган ҳолатда ҳам тезликни пасайтирмаган.
Гап шундаки, ҳаммасига ҳисоблагичлар наридан-бери, шошма-шошарлик билан ўрнатилгани сабаб бўлди. Бунда Энергия ресурсларини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш доирасида электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олишнинг замонавий ускуналарини ўрнатиш тартиби тўғрисидаги низом (АВ томонидан 4.05.2018 йилда 3005-сон билан рўйхатдан ўтказилган) талаблари ҳам бузилган. Ишлар истеъмолчилар ва Мажбурий ижро бюроси (МИБ) вакилларининг иштирокчисиз ўтказилган. Ҳисобга олиш ускуналаридан қандай фойдаланиш кераклиги тушунтирилмаган. Эски ҳисоблагичларнинг кўрсаткичларини қайд этмаган ҳолда ечиш-ўрнатиш далолатномалари тузилмаган. Замонавий электр ҳисоблагичларни ўрнатиш тартиби ҳақида «Норма маслаҳатчи» газетасининг 1.10.2019 йилдаги 40-сонида мавзувий чиқишда батафсил тушунтириш берганмиз.
Хўш, энди биз нима истаймиз? Истеъмолчиларга шунча бош оғриғини бирданига яратиб берган мутасаддиларнинг масъулиятсизлиги оқибатида ҳисоблагичларнинг «эси оғиб қолди» шекилли. Бир жойда пухта уланмаган, бошқа жойда симлар чалкаштириб юборилган. Қаердадир ҳисоблагичлар адашиб бошқа квартираларга улаб берилган. Уларнинг бир қисми эса умуман брак чиққан. Шундоқ ҳам такомиллашмаган ҳисоб тизими ҳақиқатдан йироқ бўлган рақам ва сонларни кўрсата бошлади. Қарздорликлар бўйича баҳс-низолар авж олди.
Энергетика вазирлигига савол: чидаб бўлмайдиган бундай мансаб совуққонлиги учун ўрнатиш ишларига жалб этилган пудрат ташкилотининг жилла қурса бир нафар ходими жазоландими? Ахир истеъмолчиларни электр энергиясини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими (ЭҲНАТ) билан бирлаштирилган замонавий ҳисобга олиш ускуналари билан жиҳозлаш энергетика тармоғини модернизация қилишнинг устуворликларидан ҳисобланади. Олдинда замонавий газ ҳисоблагичларни, совуқ сув ва иссиқ сув истеъмолини ҳисобга олиш ускуналарини ўрнатиш ишлари турибди. Ўрнатиш ишларининг биринчи тўлқинидан хулосалар чиқариладими ёки яна ҳаммаси ҳайбаракаллачилик билан ўтармикин? Ҳозирда Монополияга қарши курашиш қўмитаси, «Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси» АЖнинг аралашуви туфайли муаммонинг кескинлашуви бироз юмшади. Электр ҳисоблагичларни ўрнатиш давом этмоқда. шунга кўра фуқаролар саволларни беришда ҳам давом этаётирлар.