Турмуш ўртоғим пенсияга ҳужжатларни расмийлаштиряпти. Унинг иш стажи 40 йилдан ортиқни ташкил этади. Бироқ архивда 10 йилдан ортиқ иш стажи топилмаяпти. Архивдагиларнинг айтишича, турмуш ўртоғим ишлаган тўқимачилик комбинатининг айрим ҳужжатлари йўқолган экан.
Бундай ҳолатда нима қилиш керак? Бу ҳақда меҳнат дафтарчасига ёзувлар киритилган.
– Ушбу даврларни иш стажига киритилиши қуйидаги айрим ҳолатларга боғлиқ бўлади:
биринчидан, турмуш ўртоғингиз тўқимачилик комбинатида 10 йилдан ортиқ ишлаган, бошқа даврлар учун тасдиқловчи ҳужжатлар ва ушбу даврлардаги иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар, ишга қабул қилинганлик тўғрисидаги буйруқ, лавозимларда ишлаганлик, таътилга чиққанлик, рағбатлантириш ва мукофотлаш тўғрисидаги буйруқлар мавжуд;
иккинчидан, меҳнат дафтарчасига қонун ҳужжатларига риоя этилган ҳолда ёзувлар киритилган, нотўғри ва ноаниқ ёзувлар мавжуд эмас, тузатишлар киритилмаган.
Мазкур ҳолатда Пенсия жамғармаси бўлимининг қарори билан пенсия миқдорини ҳисоблашда ушбу даврлар иш стажига қўшилади.
Бундан ташқари, мурожаатингизда кўрсатилган даврлар 2005 йилдан кейинги даврга тўғри келадиган бўлса, иш стажини мажбурий жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисидаги маълумотлар билан тасдиқлашингиз мумкин бўлади. Ушбу маълумотларни яшаш жойингиздаги Халқ банки филиалидан олишингиз мумкин.
Мазкур ҳолатда, меҳнат дафтарчаси ва бошқа ҳужжатларга белгиланган қоидаларга риоя этмаган ҳолда ёзувлар киритилган бўлса, уларни иш стажини тасдиқловчи далил сифатида қабул қилиш мумкин ёки мумкин эмаслиги масаласи ҳам Пенсия жамғармаси бўлими томонидан ҳал этилади (252-сон Низомнинг 76-банди).