Фуқаро кекса ёшдаги II гуруҳ ногиронининг васийси ҳисобланади. Васпйликдаги шахснинг оиласи ва фарзандлари йўқ, у муомалага лаёқатсиз. Унинг опаси бор эди, у вафот этганидан кейин уйи қолган. Васийликдаги шахс ягона меросхўр ҳисобланади.
Васий ўз васийлигидаги шахсга мерос қилиб қолдирилган кўчмас мулкдан фойдаланишга ҳақлими?
– Васийда унинг васийлигигидаги шахснинг ишониб топширган мол-мулкига нисбатан қатор мажбуриятлари бўлади. У ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахснинг ўзларига топширилган мол-мулкини асраб-авайлаши, мол-мулкнинг қиймати пасайишига йўл қўймаслиги ҳамда ундан фойда чиқаришга имкон туғдирмаслиги шарт («Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги Қонуннинг 32-м. 1-қ.).
Васийликдаги шахснинг мол-мулкидан ўзларининг манфаатлари йўлида фойдаланиш тақиқланади. Васий ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахснинг мол-мулкини бошқаришдан тушган даромадлардан унинг таъминоти учун фойдаланиши шарт (Қонуннинг 32-м. 1-қ., 34-м. 4-қ.). Фақат васийлик ва ҳомийлик органларининг рухсати билан васий томонидан васийлигидаги шахснинг унга топширган мол-мулкига нисбатан қуйидаги ҳаракатлар амалга оширилиги мумкин:
- васийликдаги шахс номидан нотариал тартибда тасдиқланиши лозим бўлган битимлар тузишга;
- мол-мулкни тақсимлашга;
- васийликдаги шахснинг мол-мулкини бир йилдан ортиқ бўлмаган муддатга гаровга беришга;
- васийликдаги шахснинг турар жойини айирбошлашга;
- васийликдаги шахс томонидан мерос ва (ёки) ҳадя олишдан воз кечишга (Қонуннинг 37-м. 1-қ.).
Ҳозирги пайтда Қонунда назарда тутилган васий томонидан васийликдаги шахснинг мол-мулкини ижарага бериш имконияти бекор қилинган (14.01.2020 йилдаги ЎРҚ-602-сон Қонун 9-м.). Бироқ Вазирлар Маҳкамасининг қарорида ушбу қоида амал қилишда давом этмоқда (Низомнинг 88-банди, ВМнинг 22.09.2014 йилдаги 269-сон қарорига 1-илова). Қонун юқори юридик аҳамиятга эга бўлганлиги сабабли васий томонидан васийлигидаги шахснинг мол-мулкини ижарага бериш тақиқланади.
Маълумот учун!
Жамғариб бориладиган пенсия тизими ИШТИРОКЧИЛАРИ интерактив хизматлардан фойдаланган ҳолда қуйидагилар орқали ўз жамғармалари тўғрисидаги маълумотларни ОЛИШЛАРИ мумкин:
ЯГОНА интерактив давлат хизматлари ПОРТАЛИдаги (my.gov.uz) шахсий кабинет;
«SMS-хабар» хизматига уланган ҳолда мобил алоқа воситалари орқали. Унга уланиш учун Халқ банки филиалига мурожаат қилиш лозим.