Директор суд ҳукми билан ЖКнинг 45-моддаси бўйича жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган ва 2 йил муддатга раҳбар лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилган. Шу билан бирга директордан у билан ҳисоб-китоб қилиш ва ишдан бўшатиш нафақасини тўлаш, шунингдек фойдаланилмаган меҳнат таътиллари учун тўловларни тўлашга оид ёзма талабнома келиб тушган.
Мазкур ҳолда бухгалтер қандай йўл тутиши лозим?
– Мазкур ҳолатда аввало меҳнат шартномасини бекор қилиш учун асосни танлаш лозим.
Судланган шахс қандай модда бўйича ишдан бўшатилади?
ЖКнинг 45-моддасига мувофиқ шахсни муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш суд томонидан белгиланган муддатда айбдорнинг корхона, муассаса ёки ташкилотларда у ёки бу лавозимни эгаллаши ёхуд у ёки бу фаолият билан шуғулланиши тақиқланганлигини билдиради. Бундай лавозим ёки фаолият тури суд томонидан айблов ҳукми чиқарилаётганда белгиланади.
Айбдор эгаллаб турган лавозими ёки меҳнат фаолияти билан бевосита боғлиқ жиноятларни содир этганда, асосий жазо тариқасида 1 йилдан 5 йилгача муддатга, қўшимча жазо тариқасида 1 йилдан 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилинади.
Бундай жазо тайинланган бўлса, ҳукм қонуний кучга кирганидан сўнг ходим билан тузилган меҳнат шартномаси томонларнинг ихтиёрига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра, МКнинг 106-моддаси 3-бандига биноан бекор қилиниши лозим.
Қачон ҳукм кучга киради?
Апелляция шикояти бериш ва протест келтиришга ажратилган муддат тугагач ҳукм қонуний кучга киради.
Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан апелляция шикоятлари ва протестлари ҳукм эълон қилинган ёки унинг нусхаси маҳкумга берилган кундан бошлаб 10 сутка ичида тақдим этилиши мумкин (ЖПК 497-4-м.). Яъни ушбу муддат ичида апелляция берилмаса, ҳукм кучга киради ва тегишинча, меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкин бўлади.
Апелляция шикояти ёки протест келтирилган тақдирда, ҳукм бекор қилинмаган бўлса у юқори турувчи суд томонидан иш кўриб чиқилган кунда кучга киради (ЖПК 528-м. 1-қ.).
Шундай вазиятлар ҳам бўладики, жиноий иш бўйича икки ва ундан ортиқ шахслар суд қилинади. Мазкур ҳолатда ҳеч бўлмаганда улардан бирига апелляция берилган бўлса, барча судланганларга нисбатан тайинланган ҳукм юқори турувчи суд томонидан иш кўриб чиқилмагунга қадар кучга киритилмайди (ЖПК 528-м.).
Ҳар қандай жиноий жазо ҳам ишдан бўшатиш учун асос бўлмайди
Иш берувчининг МКнинг 106-моддаси 3-бандига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш мажбурияти жиноий жазо чорасига боғлиқ бўлади. Суд томонидан тайинланган жазо маҳкумнинг аввалги ишини давом эттириш имкониятини истисно этадиган ҳолатларда (озодликдан маҳрум қилинганда, меҳнат фаолиятини амалга ошириш жойидан ташқарида ахлоқ тузатиш ишларини бажаришда, муайян ҳуқуқдан маҳрум этилганда ва бошқалар), ходимни ишдан бўшатиш мумкин.
Бошқа томондан, муайян ҳуқуқдан маҳрум этмаган ҳолда жарима тайинланиши ёки шартли жазога тортилиши ходимга ўзининг корхонасида ишлашига ва аввалги лавозимини эгаллашига имкон беради.
Амалиёт кўрсатишича, айрим ҳолатларда МКнинг 106-моддаси 3-бандига кўра ишдан бўшатиш, айниқса ходим юқори малакали мутахассис бўлганида, ташкилот манфаатларига мувофиқ келмайди. Бунинг ўзига хос жиҳатлари мавжуд: суднинг кучга кирган ҳукми, бир томондан, иш берувчини (мол-мулк эгасини) ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга мажбур этади, бошқа томондан эса, у мазкур ходимни унинг розилиги билан ушбу корхонада бошқа ишга жойлаштириш ҳуқуқидан маҳрум этмайди, бунда шундай ишда ишлаш суд ҳукмида тақиқланмаган ва ходим ҳибсга олинмаган бўлиши керак.
МКнинг 106-моддаси 3-бандига кўра «ишдан бўшатиш баҳоси» қанча?
Фараз қилайлик, муайян лавозимни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум этилган ходим ҳисоб-китоб қилишни, фойдаланилмаган меҳнат таътиллари учун тўлов ва ишдан бўшатиш нафақасини тўлашни талаб қилди.
Ишдан бўшатишда ходим билан ҳисоб-китоб қилиш иш берувчининг мажбурияти ҳисобланади. У ходимга барча ишлаган вақти учун иш ҳақи ва фойдаланилмаган таътиллар учун компенсация тўлаши лозим. Шу тариқа, буларни талаб қилишга ходим тўлиқ ҳақли бўлади. Иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича белгиланган шартларга мувофиқ ходимга бажарган иши учун ҳақ тўлаши шарт (МК 154-м. 1-қ.). Бундан ташқари, иш берувчи меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга фойдаланилмаган йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўлаши шарт (МК 151-м. 1-қ.).
Ишдан бўшатиш нафақасига келсак, МКнинг 106-моддаси 3-бандига кўра ишдан бўшатилганда бундай нафақа тўланмайди. Бу МКнинг 109-моддасига белгиланган, унда ушбу тўлов амалга оширилган ҳолда меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари рўйхати келтирилган.
Ленара Хикматова,
«Norma» компаниясининг меҳнат ҳуқуқлари бўйича эксперти.