Гиёҳвандликка қарши курашиш дунё миқёсидаги глобал муаммолардан ҳисобланади.
Мамлакатимизда ҳам бу офатга қарши курашиш изчил йўлга қўйилган. Бу борада таркибида наркотик моддалар мавжуд ўсимликларни экиш ҳолатларини аниқлаш, қўшни давлатлардан юртимиз ҳудудига айланма йўллар орқали гиёҳвандлик воситаларининг кириб келишига чек қўйиш мақсадида Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида қатор ишларни амалга оширмоқда.
Ўтказилаётган кенг қамровли тадбирлар давомида 2019–2020 йилнинг шу кунига қадар гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ 14 та жиноят иши қўзғатилган ҳамда умумий миқдори 1691,11 граммни ташкил этган наркотик воситалар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган. Хусусан, Самарқанд вилояти божхона бошқармаси, Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда Пайариқ туманида ўтказилган «Қорадори–2020» тадбири давомида фуқаро У.С.нинг яшаш хонадони ва қўшимча дала майдонлари ораси холислар иштирокида кўздан кечирилганда «деҳқон»нинг даласида бўйи тахминан 25–30 см гача кўтарилиб қолган жами 170 туп каннабис ўсимлиги «барқ уриб» ўсаётганлиги аниқланган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасидаги наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига оид маълумотлар таҳлил қилинганда ҳозирги кунда республикамизда янги турдаги психофаол воситаларнинг кенг тарқалаётгани маълум бўлди.
Мазкур иллатнинг ёшлар орасида тарқалиши олдини олиш, профилактика тадбирларига урғу бериш мақсадида манфаатдор идоралар вакилларини жалб қилган ҳолда олий ўқув юртлари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида маърифий учрашувлар, суҳбатлар ўтказиб келмоқдамиз.
Жасурбек ФАЙЗУЛЛАЕВ,
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари.