ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ФАРМОНИ
Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги «Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5755-сон Фармонига мувофиқ:
1. Белгилансинки:
солиқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган солиқлар бўйича имтиёзлар, агар уларнинг ўзида ушбу солиқдан озод қилиш тўғридан-тўғри кўрсатилмаган бўлса, ижтимоий солиққа нисбатан татбиқ этилмайди;
Ўзбекистон Республикаси норезидентлари бўлган юридик шахслардан сотиб олинадиган ишлар (хизматлар) учун қўшилган қиймат солиғи бўйича берилган имтиёзлар, Ўзбекистон Республикасида доимий муассасалар орқали фаолиятини амалга ошираётган юридик шахслар – норезидентлар томонидан амалга ошириладиган ишлар (хизматлар)га татбиқ этилмайди.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига 1-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатлари 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Белгилаб қўйилсинки:
ушбу Фармон 2020 йил 1 октябрдан бошлаб кучга киради;
ушбу Фармонга 2-илованинг 1, 6, 7 ва 10-бандлари 2021 йил 1 январдан бошлаб амалга киритилади;
ушбу Фармонга 1-илованинг 4-банди 2022 йил 1 январдан бошлаб амалга киритилади.
5. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ш.МИРЗИЁЕВ.
Тошкент ш.,
2020 йил 19 июнь
ПФ-6011-сон.
ЎзР Президентининг 2020 йил 19 июндаги ПФ-6011-сон Фармонига
1-ИЛОВА
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ВА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИНИНГ АЙРИМ ҲУЖЖАТЛАРИГА КИРИТИЛАЁТГАН ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2000 йил 28 апрелдаги «Нефть ва газ конларини разведка қилиш ҳамда уларни қазиб чиқаришга бевосита хорижий сармояларни жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-2598-сон Фармонида:
4-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
4. Нефть ва газ конларини қидириш ва разведка қилиш ишларини амалга оширувчи хорижий компаниялар, шунингдек, улар томонидан жалб этиладиган хорижий пудрат ва ёрдамчи пудрат ташкилотлари қуйидагиларни тўлашдан озод қилинсин:
геология-разведка ишларини ўтказиш даврида фойда солиғи (тижорат банкларида жойлаштирилган маблағлардан олинган фоизлардан ташқари), юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи, юридик шахсларнинг ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни;
қидириш, разведка қилиш ва бошқа тегишли ишларни амалга ошириш учун зарур бўлган машина-ускуналарни, моддий-техника ресурслари ва хизматларни импорт қилиш чоғида божхона тўловларини (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари)»;
5 ва 7-бандлар ўз кучини йўқотган деб топилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 11апрелдаги «Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-3594-сон Фармонида:
1 ва 2-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«1. Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этган ҳолда ташкил этилган ва иловага мувофиқ рўйхат бўйича иқтисодиёт тармоқларида маҳсулотларни ишлаб чиқаришга (хизматлар кўрсатишга) ихтисослаштирилган корхоналарга қуйидаги тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестиция ҳажмларида Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида белгиланган тартибда алоҳида солиқлар бўйича имтиёзларни қўллашнинг ўзига хос хусусиятлари назарда тутилади:
300 минг АҚШ долларидан 3 миллион АҚШ долларигача – 3 йил муддатга;
3 миллион АҚШ долларидан ортиқ ва 10 миллион АҚШ долларигача ^– 5 йил муддатга;
10 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлганда ^– 7 йил муддатга.
2. Ушбу Фармоннинг 1-бандида кўрсатилган Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида белгиланган алоҳида солиқлар бўйича имтиёзлар кўрсатиб ўтилган корхоналарни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан ташқари республиканинг барча шаҳарлари ва аҳоли яшаш жойларида жойлаштиришда қўлланилиши белгилаб қўйилсин. Бундай ҳудудий чеклов туризм ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида фаолият кўрсатувчи корхоналарга татбиқ этилмайди»;
4, 6, 7 ва 8-бандлар ўз кучини йўқотган деб топилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 26 октябрдаги «Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-4853-сон Фармонида:
3-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«3. Махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг «Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида»ги Қонунида белгиланган тартибда алоҳида солиқлар, шунингдек, божхона тўловлари бўйича имтиёзларни қўллашнинг ўзига хос хусусиятлари назарда тутилади»;
4-банднинг бешинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«10 миллион АҚШ доллари ва ундан юқори ^– 10 йил муддатга берилади»;
5-банд ўз кучини йўқотган деб топилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июндаги «Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида инновация технопаркини ташкил қилиш тўғрисида»ги ПФ-5068-сон Фармони 10-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«10. «Яшнобод» технопарки маъмурияти ва резидентлари амалга оширилаётган инновация лойиҳалари бўйича «Яшнобод» технопаркининг бутун фаолият кўрсатиш даврида қуйидагилардан:
ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқдан;
белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатларга мувофиқ, инновация лойиҳаларини амалга ошириш доирасида ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжи учун олиб кириладиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуна, хом ашё, материаллар, реактивлар, бутловчи буюмлар ҳамда қурилиш материаллари учун божхона тўловларидан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона йиғимларидан ташқари) озод этилсин».
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 декабрдаги «Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5285-сон Фармонида:
а) 9-бандда:
биринчи хатбошидан «^– «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси аъзолари» сўзлари чиқариб ташлансин;
иккинчи хатбоши «божхона тўловлари тўлашдан (» сўзларидан кейин «қўшилган қиймат солиғи ва» сўзлари билан тўлдирилсин;
б) 10-банд ўз кучини йўқотган деб топилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3февралдаги «Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5326-сон Фармони 8-бандининг «в» кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«в) тадбиркорлик фаолияти субъектларини 2022 йилнинг 1 январига қадар ^– Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилаётган:
ишлаб чиқарилганига 5 йилдан ортиқ бўлмаган, йўловчиларни ташишда фойдаланиладиган ва ҳайдовчидан ташқари саккиз ва саккизтадан ортиқ ўриндиқларга эга бўлган транспорт воситалари;
дор (осма) йўлларни, тоғ-чанғи кўтаргичлар, фуникулёрлар ва бошқа ўхшаш объектлар ва иншоотларни қуриш, қайта таъмирлаш ва жиҳозлаш учун асбоб-ускуналар, механизмлар ва эҳтиёт қисмлар, шунингдек, аэростатлар (ҳаво шарлари), моторли қайиқ ва квадроцикллар учун белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатларга кўра божхона тўловларини тўлашдан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) озод этилсин».
7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 майдаги «Навоий вилоятини инновацион, юқори технологияларга асосланган, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқаришлар учун эркин иқтисодий зона сифатида белгилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5719-сон Фармонида:
а) 7-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«7. «Навоий» ЭИЗ иштирокчиси мақомини олган Навоий вилоятидаги корхоналарга Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг «Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида»ги Қонунида белгиланган тартибда алоҳида солиқлар, шунингдек, божхона тўловлари бўйича имтиёзларни қўллашнинг ўзига хос хусусиятлари назарда тутилади»;
б) 8-бандда:
«а» кичик бандининг бешинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«10 миллион АҚШ доллари ва ундан юқори ҳажмдаги инвестициялар ^– 10 йил муддатга берилади»;
«в» кичик банди ўз кучини йўқотган деб топилсин.
в) 10-банд ўз кучини йўқотган деб топилсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 21 февралдаги «Хорижий инвестициялар иштирокида «Женерал Моторс Ўзбекистон» корхонасини барпо этиш тўғрисида»ги ПҚ-800-сон қарори 8-бандининг олтинчи хатбошиси чиқариб ташлансин.
9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 15июлдаги «Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-916-сон қарори 9-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«9. Илмий-тадқиқот муассасалари ва ташкилотларини қайта жиҳозлаш ва қўшимча жиҳозлаш учун белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича модернизация қилиш доирасида олиб келинадиган ускуналар божхона тўловларидан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилсин».
10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 26мартдаги «Экспорт қилувчи корхоналарни рағбатлантиришни кучайтириш ва рақобатбардош маҳсулотларни экспортга етказиб беришни кенгайтириш борасида қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-1731-сон қарорида:
1 ва 7-бандлар ҳамда илова ўз кучини йўқотган деб топилсин;
5-банднинг тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Белгилансинки, мазкур бандда кўрсатилган шартномалар маълумотларни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритган ҳолда экспорт шартномаларига тенглаштирилади».
11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 29 декабрдаги «2016 ^– 2020 йилларда қишлоқ хўжалигини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2460-сон қарори 9-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«9. 2021 йилнинг 1 январигача бўлган даврда:
наслдор чорвачилик субъектлари асосий фаолият тури бўйича фойда солиғи (тижорат банкларида жойлаштирилган маблағлардан олинган фоизлардан ташқари), мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни тўлашдан;
«Ўззооветтаъминотхизмат» Республика бирлашмаси, наслдор чорвачилик субъектлари, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликлари, омухта ем, озуқа қўшимчалари, ветеринария вакциналари ва препаратлари ишлаб чиқарувчи хўжалик субъектлари белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича наслчилик материаллари, технологик ва ёрдамчи ускуналар, омухта ем ва озуқа қўшимчаларини ишлаб чиқариш учун компонентлар, шунингдек, фермер хўжаликлари ва бошқа ташкилотлар пайвандтаг, кўчат ва томчилатиб суғориш ускуналарини олиб киришда божхона тўловларини (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод қилинсин».
12. Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 13 февралдаги «2017–2021 йилларда электротехника саноатини бошқаришни янада такомиллаштириш, уни жадал ривожлантириш ва диверсификациялаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2772-сон қарори 13-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«13. Белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича 2017–2021 йилларда электротехника саноатини янада ривожлантириш ва диверсификациялаш бўйича чора-тадбирлар дастурига киритилган лойиҳаларни амалга ошириш доирасида олиб келинадиган, республикада ишлаб чиқарилмайдиган ускуналар, материаллар ва бутловчи буюмлар 2022 йил 1 январгача божхона тўловларидан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинсин».
13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси фаолиятларини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-2776-сон қарорида:
6-банднинг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва эксплуатация қилиш ишлари учун олиб келинадиган ускуналар, хом ашё ва материаллар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар ва узеллар учун божхона тўловларидан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинсин»;
7-банднинг тўртинчи хатбошиси чиқариб ташлансин.
14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 11 сентябрдаги «Автомобиль йўлларини кўкаламзорлаштириш ва архитектура-ландшафт жиҳатдан тузиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3262-сон қарорида:
7-банднинг тўртинчи хатбошиси чиқариб ташлансин;
17-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзйўлкўкаламзорлаштириш» УК ва унинг таркибий бўлинмалари 2025 йилнинг 1 январига қадар декоратив ўсимликлар етиштириш учун кўчатхоналар банд қилган ер участкалари қисмида ер солиғи тўлашдан, юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи тўлашдан озод қилинсин».
15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 октябрдаги «Республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3327-сон қарори 11-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«11. 2023 йилнинг 1 январигача белгиланган тартибда тасдиқланган рўйхатлар бўйича ташкилотлар томонидан олиб келинадиган наслли (маҳсулот) материаллар, асаларичилик соҳасида қўлланиладиган инвентарлар ва ускуналар, асалари уяларини ташиш учун махсус транспорт воситалари ва тиркамалар, асалари касалликлари ва зараркунандаларига қарши қўлланиладиган ветеринария дори воситалари ва препаратлар, асалари уялари ишлаб чиқариш учун ёғоч ва зарур материаллар, пенополиуретан, уларга ёрдамчи ускуналар, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлари, мумлар ва мум маҳсулотлари божхона тўловларидан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилсин».
16. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 декабрдаги «2018–2022 йилларда транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш ва юк ташишнинг ташқи савдо йўналишларини диверсификациялаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3422-сон қарори 4-бандининг иккинчи ва учинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«бўшаган маблағлар ўзининг автотранспорт воситалари паркини кенгайтиришга, ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялашга, замонавий омборхона терминаллари барпо этишга ва банк кредитларини тўлашга йўналтирилиши шарти билан мол-мулк солиғи ва ер солиғи тўлашдан озод қилинсин;
Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, транспорт-логистика хизматлари кўрсатишга мўлжалланган, белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича олиб кириладиган омборхона ускуналари, юк ортиш-тушириш техникаси, агрегатлар, эҳтиёт қисмлар ва бошқа товарлар учун божхона тўловлари (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод қилинсин».
17. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28февралдаги «Виночилик соҳасини ва алкоголли маҳсулотларни реализация қилишни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3573-сон қарори 12-бандининг учинчи хатбошиси «божхона тўловларини (» сўзларидан кейин «қўшилган қиймат солиғи ва» сўзлари билан тўлдирилсин.
18. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 майдаги «Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларини ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини оширишни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3693-сон қарори 9-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«9. Чарм, мўйна хом ашёси ва жун тайёрлаш, сақлаш ва қайта ишлаш, чорва молларини автоматлаштирилган ҳолда сўйиш, жун, қоракўл ва сунъий чармдан буюмлар, чарм-атторлик маҳсулотлари, пойабзал ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи ташкилотларга 2023 йил 1 январга қадар муддатда қуйидаги кўринишдаги солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар берилсин:
фойда солиғи ва мол-мулк солиғи, айланмадан олинадиган солиқни тўлашдан озод қилиш;
белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича импорт қилинадиган асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, республикада ишлаб чиқарилмайдиган хом ашё, материаллар ва фурнитура учун божхона тўловлари (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) тўлашдан озод этиш;
юқоридаги тасдиқланадиган рўйхатларга киритилмаган, ўз ишлаб чиқариши учун зарур бўлган асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, хом ашё, материаллар ва фурнитураларни импорт қилишда божхона тўловларини (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) тўлаш муддатини қонунчиликда белгиланган тартибда кечиктириш».
19. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 ноябрдаги «Балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4005-сон қарори 9-бандининг учинчи хатбошиси «божхона тўловларидан (» сўзларидан кейин «қўшилган қиймат солиғи ва» сўзлари билан тўлдирилсин.
20. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 ноябрдаги «Паррандачиликни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4015-сон қарори 16-бандининг учинчи хатбошиси «божхона тўловларидан (» сўзларидан кейин «қўшилган қиймат солиғи ва» сўзлари билан тўлдирилсин.
21. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги фаолиятининг ташкилий масалалари тўғрисида»ги Ф-5137-сон фармойиши рус тилидаги матни 5-бандининг иккинчи хатбошиси «за исключением» сўзларидан кейин «налога на добавленную стоимость и» сўзлари билан тўлдирилсин.
22. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 мартдаги «Республикада ишлаб чиқарилмайдиган, агросаноат лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида олиб келинадиган, иссиқхона ва иссиқхонага оид қурилиш конструкцияларини 2021йил 1 январгача божхона тўловларидан озод қилиш тўғрисида»ги Ф-5230-сон фармойиши 2-банди «божхона тўловларидан (сўзларидан кейин «қўшилган қиймат солиғи ва» сўзлари билан тўлдирилсин.
23. Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 30 сентябрдаги «Тошкент шаҳрида халқаро тоифадаги меҳмонхона қурилишини якунлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 279-сон қарори рус тилидаги матнининг 11-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«11. Освободить, в порядке исключения:
ГУП «Пойтахт курилиш ва хизмат», АО «Ташгипрогор», АО «Трест 12» и их субподрядные организации, на период проектирования, строительства до завершения гарантийного срока– от уплаты таможенных платежей (за исключением налога на добавленную стоимость и таможенных сборов) на завозимые оборудование, строительную технику, строительные материалы и комплектующие изделия, мебель, компьютерную технику и другие товары для строительства и оснащения гостиницы в соответствии со спецификациями, предусмотренными проектно-сметной документацией, разработанной по стандартам компании «Хаятт Интернэшнл», включая комплекты их запасов в соответствии с требованиями компании «Хаятт Интернэшнл»;
ГУП «Пойтахт курилиш ва хизмат» на период погашения привлекаемого кредита Фонда реконструкции и развития Республики Узбекистан – от уплаты налога на прибыль, налога на имущество, земельного налога, налога за пользование водными ресурсами в рамках деятельности гостиницы;
компании «Хаятт Интернэшнл», «Хаятт Интернэшнл (Европа, Африка, Ближний Восток) Лимитед», «Хаятт Чейн Сервисиз Лимитед», «Хаятт Голден Паспорт (трэвел) ЛТД.», «Интернэшнл Резервейшнз ЛТД» и «Хаятт Интернэшнл техникал сервисиз Инк.» в рамках заключенных соглашений с ГУП «Пойтахт курилиш ва хизмат» – от уплаты налога на прибыль, взимаемого у источника выплаты, на период погашения привлекаемого ГУП «Пойтахт курилиш ва хизмат» кредита Фонда реконструкции и развития Республики Узбекистан».
ЎзР Президентининг 2020 йил 19 июндаги пф-6011-сон Фармонига
2-ИЛОВА
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ЎЗ КУЧИНИ ЙЎҚОТГАН ДЕБ ЭЪТИРОФ ЭТИЛАЁТГАН АЙРИМ ҲУЖЖАТЛАРИ РЎЙХАТИ
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 18 майдаги «Ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-3878-сон Фармони 4 ва 5-бандлари.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 27 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ПФ-4087-сон Фармонига илованинг 8-банди.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 17 июндаги «Солиқ имтиёзлари тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига ўзгартишлар киритиш ҳамда баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги ПФ-4116-сон Фармонига 1-илованинг 2-банди «б» кичик банди.
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 апрелдаги «Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-4434-сон Фармони 1 ва 4-бандлари ҳамда Фармонга 1-илова.
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги ПФ-5398-сон Фармонига 1-илованинг 2-банди ва 3-банди «б» кичик банди.
6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 3 августдаги «Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-1167-сон қарори 9-банди.
7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 22 ноябрдаги «2017–2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2660-сон қарори 18-банди.
8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 мартдаги «Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида кичик саноат зонасини барпо этиш тўғрисида»ги ПҚ-2860-сон қарори 6-банди.
9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикасида замонавий радио ускуналар ишлаб чиқаришни ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-3255-сон қарори 8-банди.
10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 июлдаги «2018 йилда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар ва шаҳарларда арзон кўп квартирали уйлар қуриш дастурларини амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3863-сон қарорига илованинг 2-банди.