Умумбелгиланган солиқларни тўловчи корхона 5 кг лик ўрамдаги чойларни сотиш учун харид қилди. Ҳозирда чойни кейинчалик сотиш учун 1 кг лик ўрамларга қадоқлашга қарор қилинди. Қадоқлаш хизматлари чет ташкилот томонидан кўрсатилади. 5 кг ўрамдаги чойларни берамиз ва 1 кг ўрамдаги чойларни қабул қилиб оламиз.
1. Чойни қадоқлаш учун бериш ва қадоқланган чойни қайтариб олиш қандай ҳужжатлар билан ва қандай нарх бўйича расмийлаштирилади?
2. Чойни қадоқлашга беришга ҚҚС солинадими?
1 |
Корхонангизнинг чойи бошқа корхона томонидан қадоқланиши ҳамда кейинчалик қайтарилиши давал хом ашё билан ишлаш ҳисобланади. Давал хом ашёни қайта ишловчига қайта ишлашга бериш давал хом аёшни қабул қилиш-топшириш далолатномаси ёки уни қайта ишлашга бериш юкхати билан расмийлаштирилади (АВ томонидан 15.03.2010 йилда 2086-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 8-банди). Ушбу ҳужжатларнинг шакллари Низомга 1 ва 2-иловаларда келтирилган.
Ҳужжатлар (ёки юкхатда) берилаётган чой таннархи ва миқдори кўрсатилади. Бунда қайта ишлаш учун берилган чой корхонангиз балансидан ҳисобдан чиқарилмайди. У 1070-«Четга қайта ишлаш учун берилган материаллар» счётида ҳисобга олинади.
Қадоқланган чой қайтарилганда қайта ишловчи томонидан қуйидагилар расмийлаштирилади (Низомнинг 20-банди):
- давал хом ашёни қайта ишлаш бўйича ишларнинг ҳақиқатда бажарилганлигини тасдиқловчи ҳисобварақ-фактура;
- давал хом ашёни қайта ишлашдан олинган маҳсулотни қабул қилиш-топшириш далолатномаси (Низомга 4-илова);
- давал хом ашёнинг ишлатилганлиги тўғрисида ҳисобот (Низомга 5-илова).
2 |
Чойни даваль асосда қадоқлаш учун бериш товарни реализация қилиш бўйича айланма ҳисобланмайди ва унга ҚҚС солинмайди.
Қадоқлаш учун берилган чой шартномада белгиланган муддатда қайтарилмаган бўлса, у реализация қилинган ҳисобланади ва унга ҚҚС солинади (СК 239-м. 4-қ. 7-б.).
Азизахон ТОШХЎЖАЕВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.