Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 34 / Божхона

БЮДга янги қоидалар бўйича тузатиш киритамиз

 

Товарлар декларациясига тузатиш киритиш – бу алоҳида турдаги божхона ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш ҳисобланиб, бунда декларант экспорт ёки импорт учун тайёрланган маҳсулотнинг хусусиятлари тўғрисидаги маълумотларни маълум қилади. Жорий йилнинг 11 майидан Божхона юк декларациясини ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ва бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низом (АВ томонидан  10.02.2020 йилда 3220-сон билан рўйхатдан ўтказилган). Мазкур божхона декларацияларига қай тартибда ва қайси ҳолларда тузатиш киритиш мумкинлиги хусусида ББУ раисининг ўринбосари Энвер ХАЛИЛОВ Божхона брокерлари уюшмасининг семинарида гапириб берди.  

 

Низомда декларацияловчи шахснинг мурожаатига асосан ва божхона органи ташаббуси билан БЮДга ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритиш ҳоллари белгиланган. Бундан ташқари ҳужжатда БЮДни декларантнинг мурожаатига асосан қайтариб олиш ва уни божхона органи ташаббуси билан бекор қилиш мумкин бўлган вазиятлар келтирилган.

Янги меъёрларни ўзлаштириб олиш муҳимлигини эътиборга олган ҳолда Э.Халилов мазкур масалаларга батафсил тўхталди. 

Низомда мазкур тартиб-таомилларни электрон ва қоғоз шаклидаги БЮДлар учун ўтказишнинг тартиби ажратиб кўрсатилган ( I, II бўлимлар).

Амалиётнинг кўрсатишича, Низом кучга кирган пайтдан бошлаб асосан электрон форматда рўйхатга олиниб, лекин расмийлаштирилмаган БЮД ва аввал расмийлаштирилган декларацияда тартиб-таомилларни қўллашда хатоликларга йўл қўйилганлиги маълум бўлган. Шуларни ҳисобга олган ҳолда ББУ раисининг ўринбосари ҳар икки ҳолат учун тартиб-таомилларнинг муҳим жиҳатларига урғу берган ҳолда декларантлар учун ўзига хос эслатмаларни тақдим этди.  

Рўйхатга олиниб, электрон шаклда расмийлаштирилмаган БЮД 

Қуйидаги ҳолларда декларация қилувчи шахсга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга рухсат этилади:

  •  божхона расмийлаштируви жараёнида йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш зарур бўлганда;
  •  божхона қиймати ва (ёки) божхона тўловлари суммасини тўғрилаш зарурати юзага келганда;
  •  товарларни ташишга мўлжалланган транспорт воситалари техник жиҳатдан носоз бўлганда;
  •  БЮДга ўзгартириш, қўшимча киритиш ёки уни қайта расмийлаштириш учун асос бўладиган ҳамда тақдим этилган ҳужжатлар билан тасдиқланган, қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа ҳолларда (Низом 2-бобининг 1-§).

Ҳаракатлар кетма-кетлиги

Декларацияловчи шахс БЮДни рўйхатга олган божхона органига ахборот алмашиш тизими орқали мурожаат қилади. Мурожаатда божхона органи томонидан берилган БЮДнинг рўйхат рақами, мазкур БЮДга ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритишнинг аниқ сабаблари кўрсатилади.

Божхона органи 1 иш куни ичида мурожаатни кўриб чиқади ва натижаси бўйича ахборот алмашиш тизими орқали маълум қилади. Бунда қонун ҳужжатларида белгиланган тегишли ҳужжатлар ҳамда уларни тақдим этиш муддатлари кўрсатилади.

Хабар берилган кундан кейинги иш куни якунига қадар БДТ (божхона қийматига тузатиш киритиш) тақдим этилади ва рўйхатга олинади.

Божхона органи тақдим этилган ҳужжатни қабул қилиб олади, бундан талаб этилмаган (асоссиз тақдим этилган) ёки сифатсиз (хира, бўялган, тушунарсиз ва ҳ.к.) ҳужжатлар мустасно.

БЮДга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ташаббуси божхона органига ҳам тегишли бўлиши мумкин  (Низом 2-бобининг 2-§).

Ҳаракатлар кетма-кетлиги

I. Божхона органи томонидан аниқланган БЮДдаги хато ва (ёки) камчиликларни бартараф этиш зарур бўлганда, божхона органи декларацияловчи шахсни ахборот алмашиш тизими орқали хабардор қилади. Бунда божхона органи БЮДдаги хато ва (ёки) камчиликлар тўғрисида аниқ маълумотларни ҳамда уларни бартараф этиш учун тақдим этиладиган БДТ ёки тегишли ҳужжатларни тақдим этиш муддатини кўрсатиши шарт.

II. БДТ ёки тегишли ҳужжатларни тақдим этиш муддати декларацияловчи шахс ахборот алмашиш тизими орқали маълум қилинган кундан кейинги иш куни якунига қадар белгиланади.

III. БДТни тақдим этиш ва уни рўйхатдан ўтказиш.

Ҳар икки ҳолатда БЮДга тузатиш киритиш тақиқланади, агар:

  •  декларант ёки декларацияловчи шахсдан БЮДда маълум қилинган товарларга нисбатан ҳужжатлар ва (ёки) маълумотлар талаб қилиниб, бу бўйича текширув якунига етмаган бўлса;
  •  БЮДда маълум қилинган товарларни божхона кўригидан ўтказиш белгиланиб, бу жараён якунига етмаган бўлса;
  •  БЮДдаги товарларни божхона экспертизасидан ўтказиш тайинланиб, бу жараён якунига етказилмаган бўлса (Низомнинг 10-б.).

 

Декларантнинг мурожаатига асосан БЮДни қайтариб олиш

Рўйхатга олиниб, расмийлаштирилмаган БЮДни қайтариб олиш учун декларант у рўйхатга олинган божхона органига ариза билан мурожаат қилади.

Аризани кўриб чиқишда БЮДни қайтариб олиш учун асослар мавжуд деб топилса, у 1 иш куни давомида ДБҚнинг ЯААТда қайтарилади.

Божхона органи аризани кўриб чиқиш натижаси бўйича БЮДни қайтариб олиш учун асослар мавжуд эмас деб топса, БЮДни қайтаришни рад этишга ҳақли. Рад этишнинг асосланган сабаблари ёзма ёки электрон шаклда аризачига маълум қилинади (Низом 2-бобининг 3-§).

 

БЮДни божхона органи ташаббуси билан бекор қилиш

БДТ ёки тегишли ҳужжатлар декларацияловчи шахс томонидан ахборот алмашиш тизимида белгиланган муддатда тақдим этилмаганда, божхона органи БЮДни бекор қилади. Бунда қуйидаги ҳолларда БЮДни бекор қилиш тақиқланади:

  •  декларация БЮД илгари расмийлаштирилган муваққат, тўлиқ бўлмаган, даврий ва дастлабки БЮДлар бўйича тақдим этилганда;
  •  ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган БЮД бўйича иш кўриб чиқилиб, суд ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган қарори чиқмаганда;
  •   декларант ёки декларацияловчи шахсдан БЮДда маълум қилинган товарларга нисбатан ҳужжатлар ва (ёки) маълумотлар талаб қилиниб, бу бўйича текширув якунига етмаган бўлса;
  •   БЮДда маълум қилинган товарларни божхона кўригидан ўтказиш белгиланиб, бу жараён якунига етмаган бўлса;
  •   БЮДдаги товарларни божхона экспертизасидан ўтказиш тайинланиб, бу жараён якунига етказилмаган бўлса (Низом 2-бобининг 4-§).

 

 

Ҳужжат тили билан

БЮДга ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш, бекор қилиш ёки қайтариб олиш қуйидаги ҳолларда мазкур Низом талаблари асосида амалга оширилади:

  •  божхона расмийлаштируви жараёнида йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш учун;
  •  божхона қиймати ва (ёки) божхона тўловлари суммасини тўғрилаш зарурати юзага келганда;
  •  товарларни ташишга мўлжалланган транспорт воситалари техник жиҳатдан носоз бўлганда;
  •  экспорт божхона режимига расмийлаштирилган товарлар уларни олиб чиқишга рухсат берилган санадан сўнг автотранспорт воситаси ташувида 10 кунга қадар, бошқа транспорт воситалари ташувида 20 кунга қадар олиб чиқилмаган ҳолатларда;
  •  БЮД ёки унинг бир қисми бўйича расмийлаштирилган товарга эгалик қилиш ҳуқуқи ташқи иқтисодий фаолиятнинг бошқа субъектига берилганида, бундан экспорт ёки эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига расмийлаштирилиб, контракт (шартнома, келишув) шартлари тўлиқ бажарилган ва (ёки) шартли чиқарилмаган товарлар, шунингдек товардан фойдаланиш ҳуқуқи чекланган ҳамда Божхона кодексининг 96-моддасига кўра божхона омбори божхона режимига жойлаштирилган товарни бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ ҳолатлар мустасно;
  •  контракт (шартнома, келишув) шартлари ўзгарганда, бундан экспорт ёки эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига расмийлаштирилиб, контракт (шартнома, келишув) шартлари тўлиқ бажарилган ва (ёки) шартли чиқарилмаган товарлар, шунингдек товардан фойдаланиш ҳуқуқи чекланган ҳолатлар мустасно;
  •  БЮД расмийлаштирилгандан сўнг, ундаги товарлар бўйича тузилган контрактларга қўшимча келишувлар киритилиб, уларга мувофиқ хўжалик юритувчи субъектлар, хорижий ҳамкорлар ва уларнинг реквизитлари ўзгарган тақдирда;
  •  битта товар юзасидан такроран бир нечта БЮД қабул қилинган ҳолат аниқланганда;
  •  БЮДга ўзгартириш, қўшимча киритиш ёки уни қайта расмийлаштириш учун асос бўладиган ҳамда тақдим этилган ҳужжатлар билан тасдиқланган, қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа ҳолларда (Низомнинг 8-б.).

Расмийлаштирилган электрон шаклдаги БЮД 

1. Декларацияга ўзгартириш ва қўшимчаларни декларант аризага биноан ёки унинг номидан декларацияловчи шахс Низомнинг 8-бандида назарда тутилган ҳолларда киритиши мумкин.  

БЮДга тузатиш киритиш Низом 10-бандининг 3 ва 4-хатбошилари ва 24-бандининг 3-хатбошиси билан чекланган (Низом 3-бобининг 1-§).

Қаерга мурожаат қилинади

БЮДга ўзгартириш ёки қўшимча киритиш учун декларант ёки декларацияловчи шахс ёзма ёхуд электрон шаклда ариза билан қуйидагиларга мурожаат қилиши лозим:

БЮД рўйхатга олинган божхона пости бошлиғига – мурожаат этилаётган йилда расмийлаштирилган БЮДга божхона тўловлари суммаларини қайтариш билан боғлиқ бўлмаган ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритиш юзасидан (экспорт шартномалари бўйича олиб чиқилган товарларнинг халқаро товар биржаларида қиймати ўзгариши сабабли унинг қиймати ва божхона тўловлари суммалари ўзгариши билан боғлиқ бўлган ўзгаришлар бундан мустасно);

БЮД расмийлаштирилган ҳудудий божхона бошқармаси бошлиғи ёки унинг ўринбосарига – олдинги хатбошида назарда тутилмаган бошқа ҳолларда БЮДга ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш юзасидан (Низомнинг 32-б.).

Ҳаракатлар кетма-кетлиги

I. Мурожаатда декларант ёки декларацияловчи шахс аризада БЮДнинг рўйхат рақами, унга ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш заруриятининг аниқ сабаблари кўрсатилади ва уларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади. Тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотларнинг тўғрилиги учун жавобгарлик аризачи зиммасига юклатилади.

II. Аризани кўриб чиқиш. Муддати – 15 кундан бир ойгача. Божхона органи аризани кўриб чиқиш натижаси бўйича БЮДга ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритиш учун асослар мавжуд эмаслиги ёхуд тақдим этилган ҳужжатлар тўлиқ эмаслиги сабабидан унга ўзгартиришлар киритишни рад этишга ҳақли. Бундай ҳолатларда рад этишнинг асосланган сабаблари аризачига ёзма ёки электрон шаклда маълум қилинади. Божхона органи БЮДга ўзгартиришлар киритишни асосли деб топса, БЮДдаги хато ва (ёки) камчиликларни бартараф этиш бўйича БДТ ва (ёки) қонун ҳужжатларида белгиланган тегишли ҳужжатларни тақдим этиш юзасидан аризачига жавоб хатини юборади.

III. Декларант ёки декларацияловчи шахс БЮДга ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш бўйича жавоб хатини олгандан сўнг 5 кундан кечиктирмай божхона органига БДТ ва (ёки) тегишли ҳужжатларни тақдим этиши керак.

IV. БЮДга ўзгартириш ёки қўшимча киритиш учун БДТ ва (ёки) тегишли ҳужжатлар тақдим қилина олмаса, божхона органига бу ҳақда ёзма ёки электрон равишда асослантирилган хат юборилади.

Божхона органига ўз ташаббусига кўра БЮДга тузатиш киритиш тақиқланадиган ҳоллар ҳужжатда белгиланган эмас. Бундай тақиқланадиган ҳолларга фақат бошқа, 8-бандда кўрсатилмаган ҳоллар кириши ҳақида хулоса чиқариш мумкин. Лекин 8-банднинг охирги хатбошисидаги: «БЮДга ўзгартириш, қўшимча киритиш ёки уни қайта расмийлаштириш учун асос бўладиган ҳамда тақдим этилган ҳужжатлар билан тасдиқланган, қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа ҳолларда» деган қоидадан келиб чиқилса, амалда чекловлар деярли йўқ дейиш мумкин.

Ҳаракатлар кетма-кетлиги

I. БЮДга ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш зарурати юзага келганда божхона органи бу ҳақда декларант ва (ёки) декларацияловчи шахсни хабардор қилади, божхона органи бошлиғи ёхуд унинг ўринбосари томонидан имзоланган хат юборади. Божхона органи декларант ёки декларацияловчи шахсдан БЮДга ўзгартиришлар қўшимча киритиш юзасидан қўшимча ҳужжат ва маълумотларни ҳамда ёзма тушунтиришларни сўраб олиши мумкин.

II. Божхона органи томонидан БЮДга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида хат олингандан сўнг декларант ёки декларацияловчи шахс 5 кун­дан кечиктирмай қуйидагиларни амалга ошириши лозим:

  •  БЮДга ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш учун божхона органига БДТ ва (ёки) тегишли ҳужжатларни тақдим этиши;
  •  БДТ ёки тегишли ҳужжатларни тақдим қила олмаса ёки БЮДга ўзгартиришлар киритиш учун зарурат йўқ деб ҳисобласа, бу ҳақда ёзма ёки электрон шаклда божхона органига ўзининг асослантирилган хатини юбориши.
  •  декларант ёки декларацияловчи шахс асосланган сабабларга кўра БДТ тақдим қила олмаса, божхона органи томонидан мустақил равишда божхона мақсадлари учун БЮДга ўзгартириш (ва) ёки қўшимча киритилиши мумкин, бундан киритиладиган ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар божхона тўловларига ёки ташқи савдо контракти (шартномаси, келишуви)даги маълумотларга таъсир этадиган ҳолатлар мустасно.  Божхона органи БЮДга киритилган ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар ҳақидаги асослантирилган хатни декларантга юбориши шарт, бундан декларант фаолияти тугатилган ҳолатлар мустасно (Низом 3-бобининг 2-§).

Декларантнинг мурожаатига асосан БЮДни қайтариб олиш            ёки бекор қилиш

БЮДни бекор қилиш фақат битта товар юзасидан бир нечта БЮД қабул қилинган ҳолатларда амалга оширилиши мумкин. Божхона органи декларант томонидан кўрсатилган сабабларни асосли деб топса, олиб чиқилаётган товарларга доир БЮД ушбу товарларни олиб чиқишга рухсат берилганидан кейин ҳам қайтариб олиниши мумкин. Низомнинг 24-банди 3-хатбошисида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно (ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган БЮД бўйича иш кўриб чиқилиб, суд ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган қарори чиққунга қадар) (Низом 3-бобининг 3-§).

Ҳаракатлар кетма-кетлиги

БЮД расмийлаштирилгандан кейин уни қайтариб олиш ёки бекор қилиш учун декларант БЮДни рўйхатга олган божхона органи бошлиғи ёки унинг ўринбосарига ариза билан мурожаат қилади.

Агар аризани кўриб чиқиш натижаси бўйича БЮДни қайтариб олиш ёки бекор қилиш учун асослар мавжуд деб топилса, 3 иш куни давомида ДБҚнинг ЯААТ орқали БЮД қайтарилади ёки бекор қилинади.

Божхона органининг фикрига кўра БЮДни бекор қилиш ёки қайтариб олиш учун асослар мавжуд эмас деб топилса, у БЮДни бекор қилиш ёки қайтаришни рад этишга ҳақли бўлади. Бундай ҳолатларда рад этишнинг асосланган сабаблари аризачига ёзма ёки электрон шаклда маълум қилинади.   

БЮДни божхона органи ташаббуси билан бекор қилиш

Декларация қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:

  •  экспорт божхона режимига расмийлаштирилган товарлар уларни олиб чиқишга рухсат берилган санадан сўнг автотранспорт воситаси ташувида 10 кунга қадар, бошқа   транспорт воситалари ташувида 20 кунга қадар олиб чиқилмаган ҳолатларда;
  •  битта товар юзасидан такроран бир нечта БЮД қабул қилинган ҳолат аниқланганда;

БЮД юзасидан ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, бу бўйича иш суд ёки тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларида кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинмаган бўлса мазкур БЮДни бекор қилиш тақиқланади (Низом 3-бобининг 4-§).

Ҳаракатлар кетма-кетлиги

I. Битта товар юзасидан такроран бир нечта БЮД қабул қилинган ҳолат аниқланганда, божхона органи бу ҳақда декларант ва (ёки) декларацияловчи шахсни хабардор қилади, зарур ҳолларда божхона органи бошлиғи ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланган хат юборади.

II. Декларант ёки декларацияловчи шахс божхона органининг хатини олгандан сўнг 5 кун ичида аниқланган ҳолат бўйича тушунтириш бериши шарт.

III. Низомнинг 8-банди 5 ва 9-хатбошиларида назарда тутилган ҳолатлар тасдиқланган ҳолларда БЮД божхона органи томонидан бекор қилинади ва бу хақда декларант ёки декларацияловчи шахсни хабардор этади.

Прочитано: 663 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика