Ҳисобварақ-фактуралар бўйича янги Низомга мувофиқ (ВМнинг 14.08.2020 йилдаги 489-сон қарорига 2-илова) уларнинг шаклларига ўзгартиришлар киритилди. Ҳисобварақ-фактуранинг якунловчи сатрида, шунингдек, воситачилик хизматларида ЭҲФда энди қўшимча маълумотларни кўрсатиш лозим. buxgalter.uz илтимосига биноан ўзгартиришлар ҳақида молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ гапириб берди.
– Ҳисобварақ-фактура шаклига илгари уларнинг тасдиқланган шаклида мавжуд эмаслиги аксарият бухгалтерларда норозилик туғдирган маълумотлар киритилди:
- етказиб берувчи ва сотиб олувчининг банк реквизитлари (ҳисобварақ рақами, хизмат кўрсатувчи банк номи, филиаларо алмашиш коди (ФАК));
- харидор ишончномаси маълумотлари.
Баъзан товарлар (хизматлар) етказиб берувчининг (сотиб олувчининг) мустақил ҚҚС тўловчиси ҳисобланмайдиган таркибий тузилмаси орқали етказиб берилади ёки сотиб олинади. Бу ҳолда ҳисобварақ-фактурада, юқори турувчи ташкилот – ҚҚС тўловчиси реквизитларидан ташқари, қўшимча равишда таркибий тузилманинг номи ва СТИРи (агар мавжуд бўлса) кўрсатилади.
Маркировка қилинадиган товарлар реализация қилинганда, ҳисобварақ-фактурада маркировка коди кўрсатилган бўлиши керак.
Акциз солиғи тўловчилари ҳисобварақ-фактурада акциз солиғи суммаси ва ставкасини кўрсатишлари шарт.
Низом билан ҳисобварақ-фактуранинг якунловчи сатрида операцияни тавсифловчи қуйидаги қўшимча ёзувлар киритилади:
- агар товарлар (хизматлар) текинга берилса (кўрсатилса) – «Тўловсиз»;
- агар товарлар (хизматлар) устав фонди (устав капитали)га қўйилма сифатида берилса (кўрсатилса) – «Устав фондига (устав капиталига) қўйилма»;
- товарлар (хизматлар) оддий ширкат шартномасига (биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартномага) кўра қўйилма сифатида берилса (кўрсатилса) – «Оддий ширкат шартномасига (биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартномага) кўра қўйилма».
Оддий ширкат шартномасига (биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартномага), концессия битимига ёки мол-мулкни ишончли бошқариш шартномасига мувофиқ товарларни (хизматларни) реализация қилишда ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиришда ҳам қўшимча маълумотлар киритилади. Бундай битимлар бўйича ширкатнинг ишончли шахси, концессионер ёки ишончли бошқарувчи «Етказиб берувчи» сатрида номига қўшимча равишда – «Ишончли шахс», «Концессионер» ёки «Ишончли бошқарувчи» сўзларини кўрсатиши керак.
«Воситачилик» ҳисобварақ-фактураларини расмийлаштиришда ҳам ўзгартиришлар мавжуд. Масалан комитентнинг товарларини (хизматларини) реализация қилувчи воситачи томонидан сотиб олувчига тақдим этиладиган ҳисобварақ-фактурада жадвал қисми 1-устунидан аввал қўшимча устунлар киритилади:
- 1а-«Комитентнинг (Етказиб берувчининг) номи»
- 1б-«Комитентнинг (Етказиб берувчининг) СТИРи»;
- 1в-«Комитентнинг (Етказиб берувчининг) ҚҚС тўловчиси рўйхат рақами».
Комитент учун товарлар (хизматлар) сотиб олинаётганда воситачи етказиб берувчидан олинган ҳисобварақ-фактурани комитентга ўз номидан қайта тақдим этади. Ҳисобварақ-фактуранинг 1а, 1б ва 1в-қўшимча устунларида у, тегишинча, етказиб берувчи (сотувчи)нинг номи, унинг СТИРи ва ҚҚС тўловчисининг рўйхат кодини кўрсатиши керак.
Қолган ҳолларда воситачилик операциялари бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби ўзгармади.