Корхона лизинг билан шуғулланади. Лизинг объекти қайтариладиган вазиятлар ҳам юзага келиб туради. Бунга ўз вақтида тўлов тўламаслик ёки мижознинг лизинг объектидан ўз ихтиёрига кўра воз кечиши ва шартномалар бекор қилинган ҳолатларда лизинг объектини қайтариш тўғрисидаги суд қарори сабаб бўлиши мумкин. Мазкур ҳолатда лизингга берувчи қайтариш учун далолатнома ва салбий ЭҲФни расмийлаштиради.
Лизинг объекти олиб қўйилганда ёки муддатидан олдин ихтиёрий равишда қайтарилганда лизингга берувчи ва лизингга олувчида ҚҚС ва фойда солиғи бўйича қандай солиқ оқибатлари юзага келади?
– Мол-мулкни молиявий лизингга бериш ҚҚС солинадиган товарларни реализация қилиш бўйича айланма деб эътироф этилади (СК 239-м. 1-қ. 3-б.). Лизингга берувчи объектни ҚҚС билан беради ва бюджетга солиқ тўлайди. Лизингга олувчи лизингга берувчига лизинг тўловларини амалга оширишда босқичма-босқич ҚҚС суммасини тўлайди.
Лизингга олувчи томонидан лизинг шартномасининг шартлари бажарилмаганлиги сабабли лизинг объекти қайтарилган тақдирда, солиқ базаси лизингга олувчи томонидан объект қайтарилган санада бундай объект учун ўзи тўламаган лизинг тўловларининг суммаси миқдорида фоиз ҳисобидаги харажат чегириб ташланган ва ҚҚС ҳисобга олинмаган ҳолда аниқланади (СК 249-м. 2-қ.).
Лизингга олувчи лизинг объекти муддатидан олдин қайтарилганда асосий қарз суммасининг сўндирилмаган қисмидан ҚҚС ҳисоблайди (СК 249-м. 2-қ.). Чунки у объектни лизингга олаётганда жами ҚҚС суммасини ҳисобга қабул қилган.
Тегишинча, лизингга берувчи объектни қайтаришда лизингга олувчи томонидан акс эттирилган ҚҚСни ҳисобга олишга ҳақли бўлади (СК 266-м. 1-қ.).
Бундай қайтаришда томонларда фойда солиғи бўйича мажбуриятлар юзага келмайди.
Азизахон ТОШХЎЖАЕВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.