Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2020 год / № 23 / Паспорт масалалари

Паспорт масалалари

 

Ҳарбий ҳисобга туриш ҳуқуқи

 

40 ёшдаман. Фуқаролигим йўқ эди, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олдим. Ҳарбий ҳисобга турмоқчи бўлгандим рад этишди ва ҳисобга қўймасликларини айтишди.

Ўзбекистон фуқароси сифатида мудофаа ишлари бўлимида қандай ҳисобга туриш мумкин?

 

– Ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар ҳарбий рўйхатдан ўтишлари зарур. Ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларни ҳарбий рўйхатдан ўтказиш давлатдаги мавжуд ва ҳарбий хизматга яроқли чақирилувчилар ресурсларини ҳисобга олиш ҳам таҳлил қилишнинг умумдавлат тизими ҳисобланади. Рўйхатга олиш тизимининг фаолият кўрсатиши Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ва Ички ишлар вазирликлари органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳокимликлари томонидан таъминланади («Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Қонуннинг 42-моддаси).

Ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларнинг ҳарбий рўйхати уларнинг турар жойлари бўйича олиб борилади ҳамда умумий ва махсус рўйхатга бўлинади.

Умумий ҳарбий рўйхатда чақирилувчилар, шунингдек сафарбарлик даври ва уруш даври учун давлат бошқаруви органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга бронлаштириб қўйилмаган ҳарбий хизматга мажбурлар турадилар.

Махсус ҳарбий рўйхатда сафарбарлик даври ва уруш даври учун давлат бошқаруви органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга бронлаштириб қўйилган ҳарбий хизматга мажбурлар турадилар.

Ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларни шахсий рўйхатга олиш туман (шаҳар) мудофаа ишлари органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан, шунингдек улар ишлайдиган ёки ўқийдиган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, таълим муассасалари томонидан амалга оширилади (Қонуннинг 43-моддаси).

Ҳарбий хизматга мажбурлар ва ҳарбий хизматдан бўшатилганидан кейин турар жойига етиб борган шахслар 3 кунлик муддат ичида тегишли мудофаа ишлари органларига ҳисобга туриш учун келишлари шарт.

Турар жойи 1,5 ойдан кўпроқ муддатга ўзгарган, 3 ойдан кўпроқ муддатга хизмат сафарига, ўқиш, таътил ёки даволанишга борган тақдирда, турар жойларидаги ҳарбий рўйхатдан чиқишлари, янги турар жойга (доимий ёки вақтинчалик) келганларидан кейин 3 кунлик муддат ичида ҳарбий рўйхатдан ўтишлари шарт.

Бундай ҳолатларда ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар ҳарбий рўйхатдан чиқиш ва ҳарбий рўйхатда туриш учун ҳарбий-ҳисоб ҳужжатларини мудофаа ишлари органига топширишлари лозим. Қишлоқ жойларга борган ёки у ерлардан жўнаб кетаётган ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар ҳарбий-ҳисоб ҳужжатларини тегишли фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига топширишлари керак.

Ҳарбий хизматга чақирилган ёки кирган шахслар резервдагилар ва захирадагилар ҳарбий рўйхатдан чиқарилиши лозим.

Ҳарбий рўйхатдан қуйидагилар чиқарилиши лозим (Қонуннинг 44-моддаси):

1) тиббий комиссия томонидан ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилиб, ҳарбий рўйхатдан чиқарилган фуқаролар;

2) резервда ёки захирада бўлиш ёшининг чегарасига етган фуқаролар (Қонуннинг 26-моддаси);

3) чет элга доимий яшаш учун жўнаб кетаётган фуқаролар;

4) вафот этган ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бедарак йўқолган деб топилган фуқаролар.

Шу тариқа, турар жойингиздаги мудофаа бўлимига қайта мурожаат қилишга ва Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспорти бўйича ҳарбий ҳисобга туришга ҳақлисиз.

 

 

Ўзбекистон фуқароси бўлиш мумкин

 

Фуқаролиги бўлмаган шахсман, яшаш гувоҳномам бор ва 1994 йил 24 июлдан Ўзбекистон ҳудудида доимий прописка қилинганман. Чет давлатлар фуқаролигини қабул қилмаганман. Яқинда Фуқаролик тўғрисидаги янги қонун қабул қилинганлигини эшитиб қолдим, унга мувофиқ Ўзбекистонда узоқ йиллардан буён фуқаролиги бўлмаган шахс сифатида яшаб келганлар Ўзбекистон фуқаролари деб тан олинар экан.

Шу тўғрими? Агар тўғри бўлса, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш учун қаерга мурожаат қилишим керак?

 

– 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистон ҳудудига кириб келган ва доимий пропискадан ўтган, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган ҳамда «Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида»ги Қонун (15.07.2020 й.) кучга киргунига қадар фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси асосида яшаб турган шахс истак билдирган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси фуқароси деб тан олинади (Қонуннинг 6-моддаси).

Фуқаролиги бўлмаган шахсни Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олиш тўғрисидаги ариза доимий яшаш жойидаги ички ишлар органига топширилади. Аризага қуйидагилар илова қилинади:

♦  сўровнома;

♦  фуқаролиги бўлмаган шахсга яшаш гувоҳномаси;

♦  никоҳ тузилганлиги ёки никоҳ бекор қилинганлиги тўғрисидаги гувоҳнома;

♦  аризачининг фамилияси, исми ва отасининг исми ўзгарганлиги ҳақидаги маълумотнома (ўзгаришлар мавжуд бўлса);

♦  давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги ҳужжат.

Аризани ички ишлар органлари томонидан кўриб чиқишнинг умумий муддати ариза топширилган кундан эътиборан 3 ойни ташкил этади.

Қонуннинг 6-моддасида назарда тутилган ҳолатлар тасдиқланган тақдирда, фуқаролиги бўлмаган шахс тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари бошлиқлари ёки вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқлари томонидан тасдиқланиб, Ички ишлар вазирлиги билан келишилган хулосага асосан Ўзбекистон Республикаси фуқароси деб тан олинади (Қонуннинг 45-моддаси).

 

 

Фахрий фуқаро

 

Ўзбекистон-Қозоғистон қўшма корхонасида юрист бўлиб ишлайман, у ерда кўп йиллар мобайнида Ўзбекистон иқтисодиётига инвестиция киритиб келаётган чет эл фуқаролари раҳбарлик қилади ва ишларни ташкиллаштиради.

ЎзР қонун ҳужжатларида мазкур шахсларни рағбатлантириш, шунингдек Ўзбекистон Республикасида яшаши учун визаларни расмийлаштириш ва рўйхатдан ўтказишда имтиёзлар назарда тутилганми?

 

– Ҳа, бундай имтиёзлар мавжуд. Иқтисодиёт, фан, маданият ва санъат, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳанинг ривожланишига катта инвестиция киритган, шунингдек Ўзбекистон Республикасида хайрия (меценатлик) фаолиятини амалга ошираётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни рағбатлантириш шакли «Фахрий фуқаро» мақомининг берилиши ҳисобланади (Низом, ВМнинг 5.08.2019 йилдаги 648-сон қарорга 1-илова).

Қуйидагилар ушбу мақом берилишининг асоси ҳисобланади:

♦  хорижий шахс ёки фуқаролиги бўлмаган шахс томонидан хўжалик жамиятларининг акциялари ва улушларини сотиб олиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий ёки қўшма корхона ташкил этиш тарзида инвестициялар киритилиши пайтида Ўзбекистон Республикасида белгиланган БҲМнинг камида 40 000 баравари миқдорида инвестиция киритилиши;

♦  иқтисодиёт, фан, маданият ва санъат, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳани ривожлантиришга, жаҳонда Ўзбекистоннинг ижобий имижини такомиллаштириш ва илгари суришга, Ўзбекистон халқининг бебаҳо маънавий-маданий меросини сақлаш ва кўпайтиришга катта шахсий ҳисса қўшганлиги, шу жумладан Ўзбекистон Республикасида ва унинг манфаатларини кўзлаб амалга ошириладиган хайрия (меценатлик) фаолияти.

Мақомни бериш тўғрисидаги таклиф билан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ташаббус кўрсатиб чиқадилар ва кўриб чиқиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига киритадилар.

Бундай мақом берилган шахслар давлат божини тўламасдан қуйидагиларга ҳақли бўлади:

♦  кўп марталик 3 йиллик визани, унинг амал қилиш муддатини Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиш заруриятисиз чекланмаган миқдорда узайтириш имкониятини олишга;

♦  вақтинчалик пропискани 3 йилгача муддатда ички ишлар органларида расмийлаштириш ва узайтиришга;

♦  вақтинча прописка жойи бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий прописка ва яшаш гувоҳномасини олишга.

Бу уларнинг оила аъзоларига (эр (хотини) ва вояга етмаган болаларига) ҳам татбиқ этилади.

Бундан ташқари, «Фахрий фуқаро» ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мансабдор шахслари томонидан биринчи навбатда қабул қилиниш ҳуқуқига эга бўлади.

 

 

Сохта прописка

 

Самарқандда яшайман. Яқинда ёнимга бир киши келиб ўз паспортини кўрсатди, унда менинг манзилим бўйича прописка штампи қўйилган экан. Менинг уй дафтаримда бу ҳақда ҳеч қандай маълумот йўқ. Шунда у уй эгаси бунга рози эканлигига ишонтириб, муайян ҳақ эвазига штамп қўйиб беришганини айтиб берди.

Мазкур ҳолатда қандай йўл тутиш ва қаерга мурожаат қилиш керак?

 

– Биринчи навбатда кўрсатган шахсингиз билан миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига (МваФРБ) сизнинг манзилингиз бўйича сохта пропискага муҳр босилганлиги далили юзасидан мурожаат қилишингиз лозим. Тақдим этилган ҳужжатларда ишончсиз ва ҳақиқатга мувофиқ бўлмаган маълумотлар аниқланган, шунинг вилоятларда доимий пропискага эга бўлиш учун асос бўлган ҳужжатлар қалбакилаштирилганлиги аниқланган тақдирда, доимий прописка Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар МваФРБ томонидан бекор қилинади, кейинчалик материаллар тергов органларига юборилади (Низомнинг 13-банди, ВМнинг 22.10.2018 йилдаги 845-сон қарорига 1-илова).

 

Санжар Хўжааҳмедов, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

Прочитано: 374 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика