Вазирлар Маҳкамасининг 22.05.2020 йилдаги 320-сон қарори билан ВМнинг 28.12.2019 йилдаги 1049-сон «Ўзбекистон Республикасида доимий ва вақтинча прописка қилиш тартибини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига ўзгартиришлар киритилди.
Президентнинг «Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 22 апрелдаги ПФ-5984-сон Фармонига мувофиқ Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида 2020 йил 1 сентябрдан эътиборан қуйидаги қоидалар кучга киради:
♦ Ўзбекистон фуқароларининг доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан истиқомат қилиш муддати 15 кун ҳисобланади;
♦ доимий яшаш жойи ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш бир кун ичида расмийлаштирилади;
♦ Ўзбекистон фуқароларини доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олишда аввалги доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқиш тартиби бекор қилинади;
♦ Ўзбекистон фуқароларининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинишини расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига рўйхатга олиш штампини босиш амалиёти бекор қилинади;
♦ ҳарбий хизматга мажбурларни доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олишда мудофаа ишлари бўлимларига ҳарбий ҳисобдан чиқиш ва ҳарбий ҳисобга туриш учун бориш тартиби бекор қилинади;
♦ Ўзбекистон фуқароси солиқ органларида ҳисобга олинган ижара шартномаси ҳақида маълумот тақдим этганда, уни вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олишда уй-жой эгасининг розилиги талаб этилмайди.
Шунингдек, фуқаролар 2021 йил 1 январдан бошлаб вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга туриш юзасидан ўзларига қулай бўлган туман (шаҳар) ички ишлар органлари ёки Давлат хизматлари марказига мурожаат қилишлари мумкин.
Лола Абдуазимова.