Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 09 / Тадқиқот

Валюта тизимидаги ислоҳотлар: импорт-экспорт салоҳиятига таъсир кўрсатиб…

 

Валюта сиёсатини либераллаштириш ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг муҳим шарти ҳисобланади. Ўзбекистонда бир неча йил аввал валюта конвертацияси жараёнида бир гуруҳ инвестор-импортёрлар, йирик лойиҳалар ташаббускорларигина имтиёз ҳамда преференциялардан фойдаланиб келганлиги ҳеч кимга сир эмас. Умуман олганда, валюта чекловлари ташқи иқтисодий фаолиятга, жумладан экспортни ривожлантиришга салбий таъсир кўрсатади. Оқибатда экспортёрлар чет эл валютасида фойда кўришга ишонмасдан, тушумларини тижорат банкларига миллий валютанинг расмий курсида топширмасликка ҳаракат қилишар эди. 2017 йил 2 сентябрда Президентимизнинг «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5177-сон Фармони эълон қилинди ва барча инвесторлар учун бир хил шароит яратилди.

 

Сўнгги йилларда валюта сиёсати ва ташқи савдо фаолияти соҳасини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар республикамиз иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб этиш, экспорт салоҳиятини ошириш, экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришларни ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини барқарор ривожлантиришда катта роль ўйнамоқда.

Маълумки, бир неча йил олдин амалиётда ташқи савдо қатнашчиларининг маблағларини хорижий валютага конвертация қилишда ортиқча маъмурий тўсиқлар мавжудлиги бизнес юритишда тенг бўлмаган шароитларнинг вужудга келиши ва рақобатнинг бозор тамойиллари бузилишига олиб келган ва параллел чет эл валютаси бозори ҳамда айирбошлаш курси вужудга келганди.

Валюта курси сиёсатининг ташқи савдони рағбатлантиришга доир ролининг сусайиши маҳаллий ишлаб чиқарувчилар товар ва хизматлари нархининг ташқи ва ички бозордаги рақобатдошлигини пасайтирганди.

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида (7.02.2017 йилдаги ПФ-4947-сон Фармонга ­1-илова) белгиланган валюта соҳасини тартибга солишнинг бозор механизмларини жорий этишга доир вазифаларни рўёбга чиқариш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилди. ПФ-5177-сон Фармон билан инвесторлар учун бир хил шароитлар яратилди. Хусусан, мамлакатимизда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини янада яхшилаш, хорижий инвестицияларни жалб этишга тўсқинлик қилаётган муаммо ҳамда камчиликлар ва валютани тартибга солишда ортиқча маъмурий аралашувларга барҳам беришга доир амалий саъй-ҳаракатлар бошланди. Бозор механизмлари асосида фаолият кўрсатадиган валюта бозорини шакллантириш, юридик ҳамда жисмоний шахслар томонидан чет эл валютасининг жорий халқаро валюта операцияларини амалга ошириш учун банкларда эркин сотиб олиниши ва сотилиши кафолатланди.

Фармонга кўра, юридик шахслар ўз маблағларини банкларда товар, иш ҳамда хизматлар импорти, кредитларни қайтариш, хизмат сафари харажатларини тўлаш ва бошқа савдо хусусиятига эга бўлмаган операцияларни амалга ошириш учун чет эл валютасига чекловларсиз эркин конвертация қилишлари мумкин бўлди. Ваҳоланки, илгари амалиётда валюта алмаштиришда бир-биридан кескин тафовут қиладиган давлат, бозор ҳамда биржа курслари вужудга келганди. Қолаверса, конвертация масаласида айрим тадбиркорлик субъектлари имтиёзга эга бўлган ҳолда, бошқа тадбиркорларнинг ушбу масалада турли чекловлар, узоқ муддатли кутишлар ва бошқа сарсонгарчиликларга дуч келиши қатор муаммоларни келтириб чиқарган эди. Фармон эълон қилинганидан кейин эса жисмоний шахслар ҳам тижорат банкларининг конверсион бўлимларида чет эл валютасини эркин сотиб олиши, сотиб олинган маблағларни халқаро тўлов карталарига ўтказиб, улардан хорижда ҳеч қандай чекловларсиз фойдаланиши мумкин бўлди.

Мулкчилик шакли ёки экспорт қилинаётган маҳсулот туридан қатъий назар, барча экспортчи ташкилотлар учун валюта тушумини мажбурий сотиш талабининг бутунлай бекор қилингани экспорт соҳасини рағбатлантиришга хизмат қилиши шубҳасиз. Шундан келиб чиқиб, экспортчи корхоналар эндиликда ўзларининг чет эл валютасидаги даромадларини ўз ҳоҳишига кўра, тўлиқ эркин тасарруф этиш хуқуқига эга бўлмоқда.

Барча ташқи савдо қатнашчиларига адолатлилик тамойили асосида тенг шароитлар яратиб берилди ҳамда чет эллик барча инвесторларга эшиклар кенг очиб берилди. Бу эса, ўз навбатида, замонавий технология ҳамда жиҳозларни олиб келиш, инвесторларга кафолатли ҳуқуқий-ташкилий ва молиявий механизмларни, жумладан, бозор талаблари асосида шаклланадиган валюта сиёсатини ҳаётга жорий қилиш, иқтисодиётнинг шаффофлигини ошириш учун замин яратди.

Шу билан бирга, мазкур ҳужжатда миллий валютага бўлган ишончни кучайтиришга қаратилган қатор нормалар ҳам ўз ифодасини топди. Жумладан, кейинги йилларда айрим товар ва хизматларни (автомобиллар, авиачипталар ҳамда бошқалар) республика ҳудудида чет эл валютасига сотиш амалиёти тадбиркорлар ва аҳолига ноқулайликлар яратиб, уларнинг эътирозига сабаб бўлаётганлиги муносабати билан бундан буён республика ҳудудида барча товар ҳамда хизматлар учун ҳисоб-китоблар ва тўловлар, давлат божларининг ундирилиши, товар ҳамда хизматлар нархларининг белгиланиши фақат миллий валютада амалга ошириладиган бўлди.

Бир сўз билан айтганда, мазкур Фармон:

валюта курсларини унификация қилиш ҳамда валюта ресурсларини бозор тамойиллари асосида тақсимлаш имкониятини берди;

Ўзбекистон Марказий банкига барқарорликни қўллаб-қувватлаш ва инфляцияни самарали назорат қилишга йўналтирилган пул-кредит сиёсатини олиб боришга имконият яратди;

иқтисодиётнинг ташқи рақобатдошлигини оширди, хорижий инвестицияларни бевосита жалб қилиш ҳамда ички ресурсларни тақсимлашни такомиллаштириш ҳисобига янги иш ўринлари яратиш ва иқтисодий ўсишга имкон берди. Хорижий инвесторларнинг сармоя киритишга ишончини мустаҳкамлади;

валюта бозорини либераллаштириш жараёнида давлат иқтисодий сиёсати устувор йўналишларининг тўлиқ ижроси таъминланишида барча ташқи савдо фаолияти қатнашчиларига тенг шароит яратди;

миллий валютамизнинг мавқеини кучайтирди, унинг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади;

мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишини жадаллаштиришга, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда турмуш даражасини оширишга хизмат қилди, деб ҳисоблаш мумкин.

 

Ҳилола ШАРИПОВА,

Тошкент Давлат юридик университети 1-босқич докторанти.

 

Прочитано: 88 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика