Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 09 / Солиқ кодексини ўрганамиз

Солиқлар: қандай, қачон, қанча?

Янги Солиқ кодекси билан ишлаш бошлангандан буён у билан боғлиқ бўлган саволлар ҳам кўпайди. Молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ ўқувчиларимизнинг саволларига жавоб беради.

 

 

Норезидентдан ушлаб қолинган фойда солиғи қандай қайтарилади

СКнинг 357-моддасида норезидент даромадларидан тўлов манбаида ушлаб қолинган фойда солиғини қайтариш СКнинг 12-бобида белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилиши назарда тутилган. Мазкур бобда халқаро шартномага биноан норезидент даромадларидан олинган фойда солиғини қайтариш учун ҳужжатлар рўйхати мавжуд эмас. Бу ҳолда норезидент қандай ҳужжатларни тақдим этиши лозим?

 

– Бу янги норма ҳисобланмайди ва 2020 йил 1 январгача амал қилган.

Солиқ агенти солиқ солишдан озод қилишни ёки пасайтирилган солиқ ставкасини, агар даромад олувчи норезидент Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси тузилган давлатнинг солиқ резиденти бўлса, мустақил равишда қўллаш ҳуқуқига эга. Буни унинг резидентлигини тасдиқловчи ҳужжат асосида амалга ошириш мумкин (СК 357-м.).

Шу билан бирга, агар тўлов санасида норезидент унинг резидентлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим қила олмаган бўлса, у халқаро шартномалар нормалари, жумладан пасайтирилган ставка қўллашни инобатга олган ҳолда ундан ортиқча ушлаб қолинган солиқни қайтариш юзасидан мурожаат қилишга ҳақли.

Ортиқча ушлаб қолинган солиқ суммаси норезидентга солиқ органларига солиқ агенти орқали берадиган унинг ёзма аризасига кўра солиқ органи томонидан бундай ариза олинган кундан эътиборан 15 кун ичида қайтарилади (СК 103-м.).

Бунда маблағлар солиқ ушлаб қолган солиқ агенти ҳисобварағига тушади. У эса ўз навбатида, уларни чет эл валютасига конвертация қилишни инобатга олган ҳолда норезидентга ўтказади. Бунда курсдаги салбий (ижобий) фарқ солиқ агентининг эмас, балки норезидентнинг зарари (фойдаси) ҳисобланади.

 

Воситачининг фойда солиғи бўйича солиқ базаси қандай аниқланади

Агар комитент норезидент бўлса, воситачи-резидент учун нима фойда солиғи бўйича солиқ базаси ҳисобланади?

 

– Жами даромад ва харажатлар ўртасидаги фарқ сифатида аниқланадиган солиқ солинадиган фойда суммаси солиқ базаси ҳисобланади (СК 295-296-мм.).

Жами даромадга: товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромад ва СКнинг ­297-моддаси 3-қисмида келтирилган бошқа даромадлар киритилади.

Комитент Ўзбекистон резиденти ёки норезиденти эканлигидан қатъи назар, ҚҚС ҳисобга олинмаган ҳолда воситачилик ҳақи суммаси воситачилик хизматларини реализация қилишдан олинган даромад ҳисобланади.

 

Узоқ муддатли контракт бўйича ҚҚСни ҳисоблаш

Корхона – пудратчи буюртмачи билан узоқ муддатли контракт тузди, унга кўра қурилиш муддати 6 ойни ташкил этади. Пудратчи қандай ҳужжатлар асосида бутун қурилиш даври мобайнида ҳар бир ой учун ҚҚС ҳисоблаши лозим?

 

– Агар ишлар узоқ муддат давомида (бир ойдан кўп) бажарилса ва тузилган контракт шартларида уларни босқичма-босқич топшириш назарда тутилмаган бўлса, ҚҚС бўйича солиқ базаси ҳар ойда СКнинг 303-моддасига асосан даромадни бир меъёрда эътироф этиш принципи инобатга олинган ҳолда аниқланади.

Оралиқ иш ҳажми суммаси ва унга ҳисобланган ҚҚСга пудратчи ҳар ойда оралиқ маълумотнома-ҳисобварақ-фактура расмийлаштиради ва уни буюртмачига тақдим этади. Худди шу суммани пудратчи ҳар ойда ҚҚС бўйича ҳисоботда ҳам акс эттиради.

Барча иш ҳажми тугаллангандан кейин пудратчи бажарилган ишлар қиймати тўғрисидаги якуний маълумотнома-ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиради, унда контракт бўйича ҳақиқатда бажарилган иш ҳажмини ўтган ойларда инобатга олинган оралиқ ҳажмларни айирган ҳолда акс эттиради.

 

Ижарадан олинган даромадлардан ҚҚС бозор нархларини инобатга олган ҳолда ундирилади

Юридик шахсларнинг кўчмас мулкни ижарага беришдан олган даромадларига ҚҚС солиш чоғида давлат мулки бўйича ижара тўловининг энг кам ставкалари инобатга олинадими?

 

– Ижарага берувчи ҚҚС бўйича солиқ базасини тарафлар ижара шартномасида белгилаган солиқ киритилмаган ҳолда ижара тўлови суммаси сифатида белгилайди. Бунда ижара қиймати бозор нархларига тўғри келиши керак.

Давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкалари маҳаллий ҳокимиятлар белгилаган коэффициентларни инобатга олган ҳолда кўчмас мулк бозоридаги нархлар индикаторларидан бири бўлиб хизмат қилиши мумкин.

2020 йилгача ушбу ставкалар энг кам солиқ солинадиган даромад ҳисоб-китоби учун олинарди. Энди эса улардан худди шундай кўчмас мулк учун бошқа ижарага берувчиларнинг нархлари билан бир қаторда бозор нархларини аниқлаш учун фойдаланиш мумкин.

Агар битим нархи бозор нархларига тўғри келмаса, солиқ органлари ҚҚС (СК 248-м. 4-қ.). ва бошқа солиқлар (СК 14-м. 5-қ.) бўйича солиқ базасини тузатишлари мумкин.

 

ҚҚС бўйича базага тузатиш киритиш

СКнинг 248-моддаси 4-қисмига асосан агар битимнинг нархи товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан паст ёки юқори бўлса, солиқ органлари солиқ базасига тузатиш киритишга ҳақли. Мазкур норма айнан қайси операцияларга татбиқ этилади?

 

– Мазкур норма товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича барча операцияларга татбиқ этилади.

Умумий қоидага кўра, ҚҚС бўйича солиқ базаси товарлар (хизматлар) битим тарафлари қўллаган нарх (тариф)дан келиб чиқиб, акциз солиғини (акциз солиғи солинадиган товарлар ва хизматлар) инобатга олган ва унга ҚҚСни киритмаган ҳолда реализация қилинадиган қиймати сифатида аниқланади. Бунда, агар битимнинг нархи товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан паст ёки юқори бўлса, солиқ органлари солиқ базасига тузатиш киритишга ҳақли (СК 248-м.).

Солиқ тўловчи бундай қарор юзасидан битимнинг нархи бозор нархларига мувофиқлигини ва солиқ тўлашдан бўйин товлашга қаратилмаганлигининг асосларини тақдим этиш йўли билан низолашишга ҳақли.

 

Солиқ агенти норезидентлар даромадлари бўйича қандай ҳисобот топширади

Норезидентларнинг даромадларидан солиқни ушлаб қолган солиқ агентлари томонидан Солиқ кодексининг 339-моддаси 5-қисмига мувофиқ чораклик солиқ ҳисоботи ҳисобот давридан кейинги ойнинг 20-кунидан, йиллик солиқ ҳисоботини солиқ даври ўтгандан кейинги йилнинг 1 мартидан кечиктирмай топшириладими?

 

Солиқ агентлари томонидан норезидентларнинг даромадларидан олинадиган солиқ суммалари бўйича солиқ ҳисоботи даромадлар тўланган ойдан кейинги ойнинг 20-кунидан кечиктирмай тақдим этилади (СК 355-м. 1-қ.).

Яъни норезидентларнинг даромадлари бўйича ҳисобот ортиб борувчи якун билан фақат бундай даромадлар тўланган ойлар учун тақдим этилади.

Солиқ агенти ўз фаолияти бўйича фойда солиғи тўловчиси ҳисобланадиган бўлса, фойда солиғи бўйича солиқ ҳисоботини қуйидаги муддатларда тақдим этади (СК 339-м. 5-қ.):

чораклик ҳисоботни ҳисобот давридан кейинги ойнинг 20-кунидан кечиктирмай;

йил якунлари бўйича ҳисоботни – солиқ даври ўтгандан кейинги йилнинг 1 мартидан кечиктирмай.

Солиқ агенти ўз фаолияти бўйича айланмадан олинадиган солиқни тўлайдиган бўлса, у айланмадан олинадиган солиқ бўйича ҳисоботни қуйидаги муддатларда тақдим этади (СК 470-м. 3-қ.).

чораклик ҳисоботни – ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 15-кунидан кечиктирмай;

йил якунлари бўйича ҳисоботни – ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 февралидан кечиктирмай.

 

Келгуси йил ҳосили харажатлари бўйича ҚҚС қачон ҳисобга олинади

ҚҚС тўловчи фермер хўжалиги 2020 йилги буғдой ҳосили учун 2019 йил октябрда харажат қилган (уруғлик, минерал ўғитлар ва бошқаларни харид қилган). Ушбу харидга доир ҚҚС қачон ҳисобга олинади – 2019 йил октябрдами ёки 2020 йилда буғдой сотилаётгандами?

 

– Харид қилиш пайти – 2019 йил октябрда.

ҚҚС бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартлар бажарилганда ҳақиқатда олинган товарлар (хизматлар) бўйича тўланган (тўланиши лозим бўлган) солиқ суммасида ҳисобга олинади (СК 266-м.):

товарлардан (хизматлардан) ҚҚС солинадиган, шу жумладан – ноль даражали ставкада ҚҚС солинадиган реализация қилиш оборотларида фойдаланилганда;

олинган товарлар (хизматлар) учун ҳисобварақ-фактура ёки етказиб берувчи тақдим этган, ҚҚС суммаси алоҳида ажратиб кўрсатилган бошқа ҳужжат расмийлаштирилган ва товарни (хизматни) етказиб берувчи ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказилганда;

товарлар импорт қилинган бўлса, бюджетга ҚҚС тўланганда;

товарлар (хизматлар) чет эллик шахслардан сотиб олинган, бунда уларни реализация қилиш жойи Ўзбекистон бўлса, солиқ агенти бюджетга ҚҚС тўлаганда;

ноль даражали ставкада солиқ солинадиган товарлар экспорт қилинаётганда чет эллик харидор (тўловчи) экспорт қилинаётган товарлар ҳақини тўлаганини тасдиқловчи банк кўчирмаси бўлганда.

 

Импорт қилувчи қачон фойда солиғини тўлашга ўтади

Солиқ кодексига мувофиқ, импорт қилувчилар айланмадан солиқ тўлашга ҳақли эмас. Корхона ўтган йили товарни импорт қилган, бу йил эса ҳали импорт билан шуғулланмаган бўлса, қачон фойда солиғини тўлашга ўтиши керак?

 

– ҚҚС, жорий йилдан эса – фойда солиғини ҳам тўлашга ўтиш тартиби Президентнинг 27.06.2019 йилдаги ПФ-5755-сон Фармони билан белгиланган бўлиб, 2019 йил 1 октябрдан амал қилмоқда.

Корхоналар импорт шартномаси тузилган ойдан кейинги ойнинг биринчи санасидан бошлаб ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтадилар.

Ўтган йили ягона солиқ тўловини тўлаган, жорий йилда эса ҳали товарларни импорт қилмаган бўлсангиз, ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтишингизга зарурат йўқ. ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтган бўлсангиз, ўтган пайтингиздан бошлаб 12 ой ўтибгина уларни тўлашдан воз кечишингиз мумкин.

 

 

Инвестициявий чегирмани қўллашга доир

2020 йилга қадар Ўзбекистонда солиқ солинадиган фойдани ишлаб чиқаришни модернизациялашга, қайта жиҳозлашга, янги технологик жиҳоз харид қилишга, ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотларини қуриш ва реконструкция қилишга йўналтириладиган маблағлар суммасига камайтириш тарзидаги имтиёз амал қилган. Ушбу имтиёз 2020 йил 1 апрелдан бекор қилинади.

 

– Мазкур имтиёзни қўллаш тартиби оддий бўлмаган, сабаби:

бу ҳисобланган амортизацияни чегириб ташлашни талаб қилар эди;

камайтириш суммаси солиқ солинадиган фойданинг 30%и билан чекланганди, шу муносабат билан кейинги солиқ даврларига ўтказилган.

Бошқа томондан, харид қилинган асосий воситалар икки марта чегириб ташланган, биринчи марта – фойдани камайтириш ҳисобига, иккинчи марта – амортизация ҳисоблаш орқали.

2020 йилдан бошлаб бир йўла инвестициявий чегирмаларнинг янги тартиби жорий этилмоқда (СК ­308-м.).

Инвестициявий чегирма қуйидаги миқдорда қўлланилади:

1) янги технологик ускуналар қийматининг, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, қайта жиҳозлаш харажатларининг, ахборот тизимларини яратишга доир инвестиция лойиҳалари доирасида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган дастурий таъминотни сотиб олишга йўналтириладиган маблағлар суммаларининг 10%и миқдорида;

2) ишлаб чиқаришни янги қурилиш шаклида кенгайтиришга, ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотларини реконструкция қилишга йўналтириладиган маблағлар суммасининг 5%и миқдорида.

Инвестициявий чегирма янги технологик ускунани ишга тушириш ёхуд ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотларини модернизация қилиш, қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилган ҳисобот (солиқ) даврида қўлланилади.

 

МИСОЛ. Инвестициявий чегирманинг қўлланилиши

2020 йилнинг январь ойида ишлаб чиқариш корхонаси қиймати 100 000 минг сўм бўлган янги технологик ускунани ишга туширди ва унга амортизация меъёрини 15% миқдорида белгилади. У солиқ солиш мақсадлари учун назарда тутилган йиллик энг юқори нормага тўғри келади (СК ­306-м.). Амортизация тўғри чизиқли ҳисоблаш усули билан ҳисобланади.

Корхона 1 февралдан бошлаб амортизация ҳисоблашни бошлайди. 2020 йилнинг I чораги учун икки ойлик амортизация харажатларга киритилади:

100 000 х 15% / 12 х 2 = 2 500 минг сўм.

Бундан ташқари, корхона ускуна қийматининг 10%и миқдорида бир йўла инвестициявий чегирмани қўллашга ҳақли:

100 000 х 10% = 10 000 минг сўм. 

Шу тариқа, корхона 2020 йилнинг I чораги учун фойда солиғи ҳисоб-китобида янги технологик ускунанинг амортизация суммасини харажатларга киритади:

2 500 + 10 000 = 12 500 минг сўм.

 

Эътибор беринг! Мазкур мисолда 2 500 минг сўм миқдордаги амортизация суммаси бухгалтерия ҳисобида акс эттирилади ва солиқ солиш мақсадларида харажатларга киритилади. 10 000 минг сўм миқдордаги амортизация суммаси фақат солиқ солиш мақсадларида харажатларга киритилади ва бухгалтерия ҳисобида акс эттирилмайди.

 

Шу билан бирга, агар инвестициявий чегирма қўлланилганидан кейин солиққа оид зарар кўрилса, корхона уни кейинги йилларга ўтказишга ҳақли.

 

 

Халқаро йўналишларда ташишларга ҚҚС солинмайди

Ўзбекистон – халқаро йўналишларда ташишларда ёқилғидан ҚҚС ундирадиган ягона мамлакат эканлиги ростми? Экспертлар Европа ва МҲДдаги 20 дан ортиқ мамлакатдаги вазиятни таҳлил қилишди. Уларнинг барчасида ҚҚС ставкаси – 0%. Ўзбекистонда эса ҚҚС юки нархларни 15%га ошириб юборади.

 

– 2020 йил 1 январга қадар амалда бўлган тартибга асосан, халқаро йўналишда ташишлар бўйича кўрсатиладиган хизматларга ноль даражали ставка бўйича қўшилган қиймат солиғи солинган. Бу Солиқ кодексининг 216-моддасида назарда тутилганди.

Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси кучга кирганидан кейин мазкур норманинг амал қилиши сақланиб қолди. Ноль даражали ставка бўйича солиқ солиш қуйидагилар реализация қилинганда амалга оширилади (СК 260-м.):

1) ЎзР ҳудудидан олиб чиқилган ғамлаб қўйилган нарсалар. Ҳаво кемаларидан рисоладагидек фойдаланилишини таъминлаш учун зарур бўлган ёқилғи ва ЁММ ғамлаб қўйилган нарсалар деб эътироф этилади;

2) халқаро ташишлар билан бевосита боғлиқ бўлган хизматлар.

Агар халқаро йўналишларда ташишларга солиқ солиш батафсил кўриб чиқилса, ноль ставка бўйича ҚҚС солиш қуйидагиларни реализация қилиш чоғида амалга оширилади (СК 263-м.):

1) товарларни халқаро ташиш бўйича хизматларни. Товарларни халқаро ташиш деганда товарларнинг жўнатиш пункти ёки белгиланган пункти Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида жойлашган тақдирда товарларни ҳаво кемалари, темир йўл транспорти ва (ёки) автотранспорт воситалари орқали ташиш тушунилади;

2) башарти йўловчиларни, почтани ва багажни жўнатиш пункти ёки белгиланган пункти Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида жойлашган бўлса, йўловчиларни, почтани ва багажни ташиш бўйича хизматларни.

Шу тариқа, Ўзбекистонда халқаро йўналишларда ташишларда ёқилғи қийматидан ҚҚС ундирилиши тўғрисидаги ахборот ҳақиқатга тўғри келмайди.

 

buxgalter.uz сайти материаллари асосида.

 

Прочитано: 1173 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика