Ходим таътилга чиқди. Таътил даврида у бетоб бўлиб қолди. Таътилдан чиққач касаллик варақасини тақдим этди.
Ходим таътилини бетоб бўлган кунлари сонига узайтириш лозимми?
– Ҳа, таътилни узайтириш ёки бошқа муддатга кўчириш лозим.
Навбатдаги меҳнат таътили даврида бетоб бўлиб қолган ходимнинг илтимосига кўра таътил узайтирилади ёки бошқа муддатга кўчирилади (МКнинг 145-моддаси). Меҳнатга лаёқатсизлик варақасига асосан бетоб бўлган кунлар учун вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси тўланади (АВ томонидан 8.05.2002 йилда 1136-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом).
МИСОЛ. Ходимга 2019 йил 1 августдан 21 августгача 18 иш кунига таътил берилган. У буйруққа мувофиқ 2019 йил 22 августда ишга чиққан ва 2019 йил 12 августдан 17 августгача вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасини тақдим этган. Бинобарин, ходим бетоб бўлгунча таътилнинг 9 кунидан, тузалганидан кейин эса 3 кунидан фойдаланган. 18 кунга расмийлаштирилган таътилнинг жами 12 кунидан фойдаланган. Демак, ходим дам олишни яна 6 кунга 22 августдан 28 августгача узайтиришга ва ишга 29 августда қайтишга; ёки фойдаланилмаган таътил кунларини бошқа муддатга кўчиришга ҳақлидир.
Таътилни узайтириш ёки кўчириш ходимнинг ёзма аризасига ва вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасига асосан буйруқ билан расмийлаштирилиши лозим. Бундан ташқари, иш вақти ҳисобга олинадиган табелга ва Т-2 шаклидаги шахсий карточкага ўзгартириш киритилиши керак.