Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2019 год / № 43 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

Меценатларга – имтиёзлар ва эҳтиром

 

16.10.2019 йилдаги «Меценатлик тўғрисида»ги ЎРҚ-571-сон Қонун билан меценантлик фаолиятининг мақсадлари, принциплари ва ушбу фаолиятни амалга ошириш кафолатлари белгиланди.

 

Меценатлик – бу ҳомийлик, бироқ алоҳида олинган соҳаларда: маданият ва санъат, илм-фан, таълим, маърифат ҳамда маданият ва санъатни ривожлантириш билан боғлиқ бошқа фаолият. Жисмоний ва юридик шахслар, резидент ва норезидентлар меценат бўлиши мумкин. Фақат Ўзбекистон резидентлари улардан кўмак олишлари мумкин.

Меценатлик фаолияти – ихтиёрий, унинг мақсадларини танлаш – эркин. Ҳеч ким қонунда белгиланган қуйидаги мақсадларни танлаш эркинлигини чеклашга ҳақли эмас:

♦ мамлакатнинг маданий мерос объектларини сақлаш, муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратиш, ушбу соҳада тегишли дастур ва лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиш;

♦ маданият ва санъат соҳасидаги касбий фаолиятни, шу жумладан ёш истеъдодларни ва арбобларни қўллаб-қувватлаш;

♦ жисмоний ва юридик шахсларнинг маданият ва санъатни ривожлантиришда иштирок этиши учун маънавий рағбатлантириш омилларини ҳамда бошқа омилларни кенгайтириш.

Қўллаб-қувватлаш сифатида мол-мулк беғараз берилиши, ишлар бажарилиши, хизматлар кўрсатилиши мумкин ва бошқалар. Меценатлар ва кўмак олувчилар ўртасидаги ўзаро муносабатлар улар ўртасида тузилган шартнома асосида амалга оширилади. Кўмак олувчилар доираси ва унинг шаклини меценат мустақил равишда белгилайди. Меценатликни Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга ошириш мумкин эмас.

Давлат меценатларни қўллаб-қувватлайди, шу жумладан солиқ имтиёзлари ва преференциялари берилади. Хусусан, амалдаги Солиқ кодексида ҳомийлик қисмида юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, импорт қилишда ҚҚС ва акциз солиғи бўйича имтиёзлар назарда тутилган (Солиқ кодексининг 159-моддаси, 1-банди, 211-моддаси 4-банди, 230-моддаси 2-қисми 3-банди 2-хатбошиси). Бундан ташқари, меценатлар давлат ёки бошқа мукофотлар билан тақдирланиши, улар номлари абадийлаштирилиши мумкин.

Бунда кўмак кўрсатиш факти ва унинг мақсадлари фақат меценатнинг розилиги билан тарқатилиши мумкин. Жамоатчиликка етказиш учун ОАВ ва Интернетдаги ахборот ресурсларидан фойдаланишлари мумкин.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) расман эълон қилинган ва 17.10.2019 йилдан кучга кирди.

 

 

 

Ипотекани қайта молиялаштириш компаниясининг вазифалари

 

Улар Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 октябрдаги 868-сон қарорида белгиланди.

 

Президентнинг 13.05.2019 йилдаги ПФ-5715-сон Фармони билан мамлакатимизда ипотекани қайта молиялаштириш компаниясини ташкил қилиш назарда тутилган эди ҳамда унинг кредит берувчи банклар ва қарздорлар билан ўзаро муносабат юритиш тартиби белгиланган эди.

Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси – акциядорлик жамияти шаклидаги қайта молиялаштириш кредит ташкилоти. Унинг бошланғич устав капитали 25 млрд сўмни ташкил этади. Молия вазирлиги компанияда давлат номидан акциядор сифатида иштирок этади. Давлат улуши республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан шакллантирилади.

Қуйидагилар компаниянинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

♦ маҳаллий ва халқаро капитал бозорларида молиявий ресурсларни, шу жумладан халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг маблағларини жалб қилиш ва кейинчалик ипотека кредитларини қайта молиялаштиришга йўналтириш;

♦ аҳолининг арзон уй-жойларга ортиб бораётган эҳтиёжини қаноатлантириш учун бозор тамойиллари асосида тижорат банкларига молиявий ресурслар тақдим этиш;

♦ қимматли қоғозлар, шу жумладан ипотека қимматли қоғозларини чиқариш ва инвесторлар ўртасида жойлаштиришни ташкил этиш;

♦ ипотека кредити тизимини такомиллаштиришга кўмаклашиш, ипотека бозорини ривожлантиришнинг замонавий услуб ва воситаларини татбиқ этиш, ипотека кредити ва ипотека қимматли қоғозлар бозорида ликвидлиликни ошириш ва таваккалчиликни камайтириш;

♦ ипотека кредити ва қайта молиялаштириш соҳасидаги методологик ҳамда норматив-ҳуқуқий базани, шу жумладан хорижий эксперт ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда ишлаб чиқишда иштирок этиш.

Компания эмиссия қимматли қоғозларни чиқаришни давлат рўйхатидан ўтказиш ва қимматли қоғозларни чиқариш билан боғлиқ бўлган ҳужжатларни кўриб чиқиш учун йиғимлар тўлашдан озод этилди.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) расман эълон қилинган ва 15.10.2019 йилдан кучга кирди.

 

 

 

Хорижий инвесторларга яшаш гувоҳномаси бериш тартиби белгиланди

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 11 октябрдаги 864-сон қарори билан қонуности ҳужжатларига тегишли қўшимчалар киритилди.

 

1 мартдан бошлаб, товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш бўйича корхоналар ташкил қилиш учун 3 млн АҚШ долларидан ортиқ миқдорда инвестиция киритган хорижий инвесторларга Ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси 10 йил муддатга соддалаштирилган тартибда берилади (17.01.2019 йилдаги ПФ-5635-сон Фармоннинг 11-банди).

Ўзбекистонда доимий яшаш учун рухсатнома олиш учун улар туман (шаҳар) даражасидаги ички ишлар органлари миграция бўлинмаларига мурожаат қилишлари ва киритилган инвестициялар тўғрисида маълумотнома билан ариза-анкета тақдим этишлари лозим. Маълумотномани Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси (агар гап акциялар хусусида бўлса) ёки Давлат хизматлари маркази (агар улушлар ёки хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар хусусида бўлса) томонидан берилади.

Миграция бўлимлари ҳақиқатда инвестициялар киритилганлиги тўғрисидаги маълумотни текширади. Шундан кейин стандарт тартиб-таомил амалга оширилади: ҳужжатлар «юқорига» – ИИВ, Қорақалпоғистон ва вилоятлар ИИБ, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ИИББ миграция бошқармаларига юборилади, улар 3 иш куни мобайнида уларни текширади ва материалларни тегишли ваколатли органга юборади.

Шунингдек, зарурат бўлганда ариза берувчининг шахсини ва унинг фуқаролигини аниқлаш тўғрисида хорижий давлатнинг ваколатли органларига сўровнома юборилади. Сўровга жавоб 3 ой мобайнида олинган тақдирда, ҳудудий бўлинмалар ИИВ миграция бош бошқармаси билан келишмасдан мустақил равишда қарор қабул қилади. Ижобий қарор яшаш гувоҳномасини бериш учун асос ҳисобланади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) расман эълон қилинган ва 12.10.2019 йилдан кучга кирди.

 

 

 

Қайси маиший техникада энергия самарадорлиги класси кўрсатилиши шарт

 

Вазирлар Маҳкамасининг 10.10.2019 йилдаги 860-сон қарори билан Ҳуқуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

 

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган ва сотиладиган, техник ҳужжатларида, маркировкасида ва этикеткаларида энергия самарадорлигининг тегишли класси тўғрисидаги ахборотларнинг мажбурий мавжуд бўлиши ҳақидаги талаб татбиқ этиладиган маиший электр приборлари рўйхати (ВМнинг 9.04.2015 йилдаги 86-сон қарорига илова) кенгайтирилди.

Эслатиб ўтамиз, маиший электр приборининг класси лотинча бош ҳарфлар билан белгиланади: «А», «В», «С», «D», «E», «F», «G» (камайиб боришига кўра). Қўшимча равишда – «А+», «А++» ва ундан юқори (ортиб боришига кўра) – улар «А» класси даражасидан анча ошади.

Рўйхатдаги энергия самарадорлиги класси кўрсатилмаган приборларни (илгари фойдаланилганларидан ташқари) 2016 йил 1 январдан импорт қилиш, 1 июлидан эса – мамлакатда реализация қилиш тақиқланди. Қуйи классдаги товарларни импорт қилиш ва реализация қилиш босқичма-босқич: 2017 йилдан – «G», 2018 йилдан – «F», 2019 йилдан – «Е» классидагилар тақиқланди.

2019 йил майда «Ўзстандарт» агентлигига рўйхатни қайта кўриб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш топширилди (30.05.2019 йилдаги ­ПҚ-4348-сон қарорга қаранг).Натижада унга 8 та янги позиция киритилди:

♦ марказий иситиш қозонлари, 8402-товар позициясидаги қозонлардан ташқари, ва бошқалар (ТИФ ТН коди 8403 10900 0);

♦ суви оқиб турадиган ёки тўпланадиган ноэлектр сув иситгичлар (идишли) ва бошқалар (8419 19000 0); энг катта горизонтал ҳажми 120 см дан ошмайдиган ҳаво тортувчи қопқоқлар ва жавонлар (8414 60000 0);

♦ чангютгичлар (8508 11 – 8508 60); электр двигатель ўрнатилган маиший электр механик машиналари (8509 40 – 8509 80);

♦ ёруғлик тарқатувчи диодлар (LED), шу жумладан лазер диодлар (8541 40100 0);

♦ лампалар ва ёруғлик приборлари ва бошқалар (9405 10400 9);

♦ чўғланма лампалар билан фойдаланишга мўлжалланган приборлар ва бошқалар (9405 40910 9).

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 11.10.2019 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

Прочитано: 685 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика