Norma.uz

МЖТКга тузатишлар киритилди

 

Тўхташ чизиғини босиб кирганлик учун жарима камайтирилди

 

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришга (23.05.2019 йилдаги ЎРҚ-542-сон Қонуннинг 10-моддаси 3-банди) биноан эндиликда тўхташ чизиғини босиб кирганлик учун худди «қизилга ўтган»дек жарима солмайдилар.

 

Кодекснинг янги таҳрирда баён этилган 128-4-моддасига (энди у «Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг светофорнинг тақиқловчи сигналига ёки йўл ҳаракатини тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасига бўйсунмасдан тўхташ чизиғини босиб кириши ва ўтиши» деб аталади) кўра светофорнинг тақиқловчи сигналида ёки йўл ҳаракатини тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасида йўлнинг қатнов қисмидаги йўл чизиқлари ёки йўл белгилари билан белгиланган тўхташ чизиғини босиб кириш 0,5 ЭКИҲ миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Светофорнинг тақиқловчи сигналига ёки йўл ҳаракатини тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасига бўйсунмасдан ўтганлик учун жарима миқдори ўзгармасдан қолди – 2 ЭКИҲ. Ўша ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, жарима – 5 ЭКИҲ, йил давомида худди шу ҳуқуқбузарлик яна такрорланса, ҳайдовчи транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 1 йил муддатга маҳрум этилади.

 

 

Қимматли тус ўзгартириш

 

Ўзбекистонда техник регламентга мувофиқ бўлмаган кўзгусимон ва (ёки) туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали транспорт воситаларидан фойдаланганлик ёки тегишли рухсатнома мавжуд бўлмаганда, шунингдек ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қўшимча нарсалар ўрнатилган ёки қопламалар суртилган транспорт воситаларидан фойдаланганлик учун жарима миқдори оширилди (ЎРҚ-542-сон Қонуннинг 10-моддаси 1-банди).

 

МЖТК 126-моддасига киритилган ўзгартиришга мувофиқ, эндиликда жарима миқдори 25 ЭКИҲни ташкил этмоқда (илгари – 1 ЭКИҲ эди).

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, жарима 40 ЭКИҲ миқдорида тўланади (илгари – 2 ЭКИҲ бўлган).

Эслатиб ўтамиз, туси ўзгартирилган ойнали енгил автотранспорт воситаларидан фойдаланишга ўтган йилнинг 1 августдан бошлаб рухсат этилган. Ойналар тусини ўзгартиришга рухсатнома бериш ва ўзгартириш бўйича тўловлар ставкаси жисмоний шахслар учун 90 ЭКИҲ, юридик шахслар учун 120 ЭКИҲ, хорижий давлатлар юридик шахслари учун 140 ЭКИҲ миқдорида белгиланган (ВМнинг 18.07.2018 йилдаги 547-сон қарори).

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 24.05.2019 йилдан кучга кирди.

Прочитано: 579 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика