Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.
Электротехника тармоғи корхоналарига – янги имтиёзлар
Президентнинг 30.05.2019 йилдаги ПҚ–4348-сон қарори билан электротехника саноатини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва тармоқнинг инвестициявий ҳамда экспорт салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар белгиланди (қарор матни «СБХ» ушбу сонининг ҳужжатлар пакетида чоп этилмоқда).
Устуворликлар рақамларда
Ҳужжат билан электротехника саноатини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланган, 2019–2020 йиллар учун «Йўл харитаси», шунингдек 2019–2021 йилларда амалга ошириладиган ва истиқболли инвестиция лойиҳалари, маҳаллийлаштириш ва ишлаб чиқаришни кенгайтириш тавсия этилаётган маҳсулот турларининг рўйхатлари тасдиқланган.
Бир ой муддатда электротехника саноатини жадал ривожлантириш дастури қабул қилинади. Унда, хусусан, мисни қайта ишлаш ҳажмини – 5 баравар, электротехника ва электромаиший маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини – 2 баравар, электротехника ва электромаиший маҳсулотлар экспорти ҳажмини 4 баравар ошириш, шунингдек камида 15 та янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш назарда тутилади.
Тармоқ корхоналарига преференциялар
2019 йил 1 июлдан тармоқда янгича тартиб амал қила бошлайди:
♦ биринчидан, электротехника ва электромаиший маҳсулотларнинг давлат харидлари, шу жумладан стратегик субъектлар томонидан амалга оширилишида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга нисбатан 20%гача нарх преференцияси қўлланилади;
♦ иккинчидан, Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан объектларни «тайёр ҳолда топшириш» шартлари асосида қуриш ёки реконструкция қилиш бўйича тендер ҳужжатларида пудратчи томонидан республикада ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган электротехника ва электромаиший маҳсулотлар сотиб олиш назарда тутилади;
♦ учинчидан, электротехника саноати тармоғи корхоналари учун қуйидагилар белгиланади:
♦ ўзлари ишлаб чиқарган электротехника ва электромаиший маҳсулотларни экспорт қилиш операциялари бўйича муддати ўтказиб юборилган дебитор қарздорлик ҳосил бўлишини ҳисоблашнинг ягона муддати – БЮД расмийлаштирилган санадан бошлаб 180 кун этиб;
♦ ўзларининг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун технологик ускуналарни республикага олиб кириш ва «эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимига расмийлаштириш ёки импорт контрактлари бўйича улар учун тўланган пул маблағларини қайтариш муддати – импорт контрактлари бўйича тўлов амалга оширилган кундан бошлаб 270 кун этиб;
♦ тўртинчидан, кредит суммаси ва валюта туридан қатъи назар, электротехника саноати тармоғи корхоналари томонидан республикада ишлаб чиқарилмайдиган электротехника ва электромаиший маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун маҳаллий тижорат банкларидан олинадиган кредитларнинг экв. $1 млн дан ошмаган қисми бўйича фоиз харажатлари Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан белгиланган фоиз ставкасининг 50%и миқдорида, лекин кредит ставкасининг 5 фоизлик пунктидан ошмаган миқдорда 2 йил мобайнида қопланади.
Солиқ ва божхона имтиёзлари
«Ўзэлтехсаноат» уюшмаси таркибига кирувчи корхоналар 2022 йил 1 январгача ўзларининг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб келинадиган, мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган хом ашё, материаллар, бутловчи қисмлар ва асбоб-ускуналар бўйича божхона божлари тўлашдан озод этилди.
Бундан ташқари, ТИФ ТН кодлари 7407–7410 ва 7412–7419 гуруҳлари бўйича мисдан ясалган маҳсулотлар экспортига ҚҚСнинг ноль ставкасини харид қилинган мис бўйича солиқ суммасининг 50%ини ҳисобга киритиш, қолган ярмини корхона харажатларига ўтказиш тартиби худди шу санага қадар узайтирилди (4.01.2019 йилдаги ПҚ-4090-сон қарорнинг 5-банди).
Молиялаштириш
2019–2020 йилларда Электротехника саноатини ривожлантириш жамғармасига 20 млрд сўм бюджет маблағлари тушади. Давлат томонидан молиялаштиришдан грантлар ажратиш, стартап-лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, халқаро стандартларни жорий этиш бўйича харажатларнинг 50%ини қоплаш (лекин битта ҳолат бўйича эквивалентда 20 минг доллардан кўп бўлмаган миқдорда), халқаро кўргазмалар ва ярмаркаларда иштирок этиш билан боғлиқ харажатларнинг 50%ини қоплаш (лекин битта ҳолат бўйича эквивалентда 10 минг доллардан кўп бўлмаган миқдорда) учун фойдаланилади ва ҳ.к.
2019-2021 йилларда электротехника саноати соҳасидаги халқаро стандартларни қабул қилиш учун 3,6 млрд сўм йўналтирилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 1.06.2019 йилдан кучга кирди.
«Обод ҳудуд» тизими ишга туширилади
Президентнинг 04.06.2019 йилдаги «Аҳоли пунктларини ободонлаштириш соҳасида ишлар самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–4351-сон қарори қабул қилинди.
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳудудларни ободонлаштириш соҳасидаги муаммоларни ўрганиш ва методологик таъминлашга масъул орган этиб белгиланди.
Қарор билан 2019–2020 йилларда ободонлаштириш соҳасида ишлар самарадорлигини янада ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди. «Одамлар учун шаҳар», «яшил шаҳар», «шаҳар боғ» моделларини қўллаш режалаштирилаётир.
2020 йил 1 январдан ободонлаштириш ходимларига бир қатор устамалар тўланади. Жумладан, овқатланиш учун ЭКИҲнинг 1 баравари миқдорида компенсация белгиланади.
Қарорга мувофиқ, «Обод ҳудуд» тизими ишга туширилади. 2020 йил 1 январдан шаҳар кўчаларини қуриш ва таъмирлашда унга туташ ҳудудлар ҳам мажбурий ободонлаштирилади.
2019 йил 1 октябрдан юридик ва жисмоний шахслар ўзига бириктирилган ҳудудни ободонлаштириш учун масъул ҳисобланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 4.06.2019 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов, «Norma» МЧЖ эксперти.
Лойиҳаловчи ва қурувчилар малака оширади
Ундан ким ва қандай даврийликда ўтади, қайси ташкилотлар курсни ўтказади, тингловчилар қандай аттестациядан ўтказилади – Вазирлар Маҳкамасининг 31.05.2019 йилдаги 451-сон қарори билан тасдиқланган низом ушбу ва бошқа саволларга жавоб беради.
Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасида фаолият олиб борадиган муассасалар кадрлари малакасини ошириш курслари:
♦ раҳбар ва мутахассислар учун – Тошкент архитектура-қурилиш институти ҳузуридаги Қурилиш соҳасидаги менежерларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази ҳамда Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ҳузуридаги Архитектура-қурилиш йўналишидаги мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказида;
♦ ишчи касб эгалари учун – Қурилиш вазирлиги таркибидаги касб-ҳунар коллежлари базасида ташкил этилади.
Ўқитиш қурилишда юқори технологик усулларни ўзлаштиришга ва кадрларнинг касб ва малака даражасини доимий ошириб боришга ёрдам беради.
Ким малака ошириши шарт ва ўқитиш қандай ташкил этилади
Бу – муҳим! Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасида фаолият олиб борадиган давлат корхоналари ва устав капиталида (фондида) давлат улуши 50% ва ундан ортиқни ташкил этувчи юридик шахсларнинг раҳбар ва мутахассислари, ишчи касб эгалари ҳар 5 йилда камида бир марта малака ошириш курсларидан ўтишлари шарт. Бошқа ташкилотлар учун бу тавсиявий тусга эга.
Ўз мутахассисларини ўқитишга юбориш учун ташкилотлар ҳар йили 20 ноябрга қадар малака ошириш муассасасига тегишли буюртманомани топширишлари керак. Унда мутахассиснинг Ф.И.О., қачон ва қайси таълим муассасасини битирганлиги, иш жойи ва стажи, лавозими, охирги малака оширган вақти кўрсатилади. Барча топширилган буюртманомалар асосида 10 дан 25 нафаргача тингловчи бўлган академик гуруҳлар ташкил этилади. Дарс беришга юқори салоҳиятга эга профессор-ўқитувчилар ва малакали мутахассислар доимий равишда жалб этилади. Бундан ташқари, кадрлар, шу жумладан лекторлар хорижий мамлакатларда стажировка ўташлари мумкин. Курс йўналишлари бўйича ўқув режалари ва дастурлари икки ой муддатда тасдиқланади.
Ўқитиш шакли – кундузги ва масофавий. Масофавий курсларда тингловчилар дастурни махсус веб-сайтда тақдим этилган ўқув-услубий материаллар асосида мустақил равишда ўзлаштирадилар. Электрон мультимедиали қўлланмалар, виртуал кутубхоналар, видеоконференциялар, Интернет ёрдамида мулоқот ва ахборот олиш имкониятлари ўқитишга кўмаклашади. Электрон рўйхатдан ўтиш учун малака ошириш муассасаси веб-сайтида анкетани тўлдириш зарур.
Курс тингловчиларини аттестациядан ўтказиш ва баҳолаш
Ўқитиш тугагандан кейин тингловчилар аттестациядан ўтказилади. У якуний тест синовлари, битирув иш ҳимояси, шунингдек амалий имтиҳондан (ишчи касб эгалари учун) иборат. Синов 100 баллик тизим орқали баҳоланади.
Ўқитиш 36 ва 72 академик соатдан иборат бўлган йўналишлар гуруҳлари учун тест синовлари 50 дақиқа давомида 50 та тест саволлари асосида топширилади. Камида 55 балл тўплаган тингловчи тест синовларидан ўтган хисобланади. Ўқитиш 144 академик соат бўлган гуруҳлар якуний битирув ишини топширади. Аттестациядан муваффақиятли ўтиш учун 100 баллдан камида 55 балл тўплаш зарур.
Ишчи касб эгалари учун амалий имтиҳон ўтказилади. 100 баллдан камида 55 балл тўплаган тингловчи ўтган ҳисобланади. Ўқитиш ва аттестациядан муваффақиятли ўтиш якунларига кўра сертификат берилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 1.06.2019 йилдан кучга кирди.
Ленара Хикматова, «Norma» МЧЖ эксперти.
Хориждаги ватандошларнинг оав ўз мухбирларини қандай аккредитация қилади
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатлар оммавий ахборот воситалари мухбирларининг касб фаолиятини тартибга солувчи асосий қоидаларга қўшимча киритилди (ВМнинг 3.06.2019 йилдаги 453-сон қарори).
Ҳужжатга хорижда истиқомат қилаётган ватандошларимизга тегишли оммавий ахборот воситаларининг доимий хорижий мухбирини аккредитация қилишни тартибга солувчи норма киритилди.
Аккредитация қилиш тўғрисидаги қарор дипломатик ваколатхона ёки консуллик муассасасининг тавсияномаси асосида Ўзбекистон ТИВга мурожаат келиб тушган кундан бошлаб 5 иш кунигача бўлган муддатда қабул қилинади.
Ариза берувчи қуйидагиларни тақдим этиши зарур:
♦ манфаатдор ОАВ раҳбариятининг Ўзбекистонда ўз мухбирини аккредитация қилиш юзасидан Ўзбекистон ташқи ишлар вазири номига мурожаатнома хати;
♦ ОАВ тўғрисида маълумотнома-ахборот;
♦ аккредитация қилинадиган хорижий мухбирнинг таржимаи ҳоли маълумотлари ва тегишли намунадаги 4 та фотосурати;
♦ хорижий ОАВ таъсисчиси (таъсисчилари) ва унинг фаолиятини молиялаштириш манбалари тўғрисидаги маълумот.
Мурожаат хати Ўзбекистоннинг чет элдаги дипломатик ёки консуллик муассасалари орқали берилади ёхуд бевосита Ўзбекистон ТИВга тақдим этилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 3.06.2019 йилдан кучга кирди.
Олег Гаевой.
Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан грант ва субсидиялар қандай ажратилади
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг буйруғи билан фуқароларни иш билан таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун уларни ажратиш тартиби тасдиқланди (АВ томонидан 31.05.2019 йилда 3163-сон билан рўйхатдан ўтказилган).
Низом 2019 йилда умумий суммаси 9 867,5 млн сўмни ташкил этадиган субсидия ва грантлар ажратилишини назарда тутувчи Президентнинг 5.03.2019 йилдаги ПҚ–4227-сон қарорини ижро этиш мақсадида қабул қилинган. Ким қандай мақсадда муайян суммада субсидия олиши мумкинлиги ҳақида илгари шарҳимизда ёзган эдик. Грантлар эса қуйидагиларни молиялаштириш учун тақдим этилади:
♦ касб-ҳунар таълими муассасаларининг банд бўлмаган шахсларни, айниқса меҳнат миграциясидан қайтган фуқаролар, кам таъминланган оилаларда яшовчи хотин-қизларни касбга қайта ўқитишга сарфланадиган харажатларини;
♦ касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, коллежлар ва олий ўқув юртларида касб-ҳунарга тайёрлаш, агротехнология, боғдорчилик, сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ҳамда асаларичилик соҳасида фермер ва деҳқон хўжаликларининг раҳбарлари ва ишчилари ҳамда томорқа ер эгаларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни.
Маблағлар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ҳар йили тасдиқланадиган ҳудудлар кесимида смета ҳужжатларига мувофиқ ажратилади.
Субсидия – аҳоли бандлигига кўмаклашиш ҳудудий марказлари (бундан кейин – АБКМ), грантлар эса вилоят бандлик бош бошқармалари, ш.ж. Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва пойтахт бандлик бошқармаси томонидан берилади.
АБКМ йўлланмаси бўйича ишга қабул қилинган ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга сарфланадиган харажатларни қоплаш мақсадида субсидия (ҳар бир ходим учун 6 ой давомида ҳар ойда 4 ЭКИҲ) олиш учун иш берувчи тегишли АБКМга мурожаат қилиши керак. Унда ходимнинг Ф.И.О., ўқиш жойи ва муддати, иш берувчи ташкилотнинг субсидия тўлаб берилиши лозим бўлган ҳисобрақами кўрсатилади. Мурожаатга ходимнинг ишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги буйруқ нусхаси илова қилинади.
АБКМда рўйхатдан ўтган, тадбиркорлик қилишни хоҳловчи ишсиз шахслар бу ҳақда ариза билан мурожаат қилишлари зарур. АБКМ ўз навбатида ариза берувчига қуйидаги харажатлари 10 ЭКИҲ миқдорида тўлаб берилишини таклиф қилади:
♦ якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш;
♦ кичик корхоналарни ёхуд микрофирмаларни давлат рўйхатидан ўтказиш;
♦ тадбиркорликка ўқитиш;
♦ кредит олишда суғурта полиси тўлови.
Шахснинг улар орасидан ўзига кераклисини танлаганлиги сўровнома билан расмийлаштирилади.
Ижтимоий эҳтиёжманд аҳоли қатламларига мансуб шахсларни квоталанган энг кам сондан ортиқ миқдорда ишга қабул қилган ташкилот қабул қилинган ҳар бир ходим учун 12 ой давомида ҳар ойда 2 ЭКИҲ миқдорида субсидия олиш учун мурожаатда қуйидагиларни кўрсатиши зарур:
♦ қабул қилинган ходимнинг Ф.И.О., унинг ижтимоий эҳтиёжманд аҳоли қатламларига мансублиги;
♦ ушбу шахс квоталанган энг кам сондан ортиқ миқдорда ишга қабул қилинганлиги далили ҳамда ишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги буйруқ;
♦ зарур ҳисобрақам.
Енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш, уруғликлар, кўчатлар ва суғориш воситалари харид қилиш учун (3 ЭКИҲдан 10 ЭКИҲгача) банд бўлмаган томорқа ер эгаси ҳудудий АБКМга мурожаат қилади. Марказнинг масъул ходими мурожаатни олгач, жойига чиққан ҳолда ер майдони ва шароитини ўрганади ҳамда у бўйича далолатнома тузади. Шу билан бирга мурожаат қилган шахснинг бандлик ҳолати ўрганилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 31.05.2019 йилдан кучга кирди.
Ленара Хикматова, «Norma» МЧЖ эксперти.