Шаҳарда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг филиали ташкил этилмоқда (ВМнинг 28.05.2019 йилдаги 437-сон қарори).
Филиалнинг вазифаси – қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаси учун юқори малакали кадрларни миллий ва халқаро стандартлар даражасида сифатли тайёрлашни таъминлаш.
Бу ерда ўқув жараёни 2019/2020 ўқув йилидан бошланади. Қабул қилинадиган талабалар сони ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш квоталаридан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Шунингдек қарор билан филиал ҳузурида академик лицей ташкил этилди. Қарши агробизнес ва тадбиркорлик касб-ҳунар коллежининг биноси филиалга, Қовчин қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежининг биноси эса академик лицейга берилди. Мазкур коллежларнинг ўқувчилари ўқишни битиргунларига қадар филиал ва академик лицей биноларида ўқув жараёнини давом эттирадилар.
Филиал ва академик лицей онлайн маъруза ҳамда масофавий таълим учун телекоммуникация жиҳозлари ва инфратузилма билан таъминланади, шунингдек юқори тезликдаги интернет ҳамда электрон таълим миллий тармоғига уланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 29.05.2019 йилдан кучга кирди.