Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2019 год / № 23 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

Банкротлик билан манипуляция қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилади

 

28.05.2019 йилдаги ЎРҚ–543-сон Қонунга биноан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Жиноят кодексига сохта банкротлик, банкротликни яширганлик ва қасддан банкротликка олиб келганлик учун санкцияларни оширишга доир тузатишлар киритилди.

 

Қасддан банкротликка олиб келганлик (МЖТКнинг 1795-моддаси) учун маъмурий жарималар сезиларли даражада: амалдаги 15–20 ЭКИҲдан 50–150 ЭКИҲгача оширилади.

ЖКнинг 180, 181 ва 1811-моддалари биринчи қисмларига киритилган ўзгартишлар ҳам кўрсатилган жиноятлар учун санкциялар қатъийлаштирилишига олиб келади, хусусан:

♦ жарималар миқдорлари оширилиб, 150 ЭКИҲдан 250 ЭКИҲгача миқдорни ташкил этади (ҳозир – 100 ЭКИҲдан 200 ЭКИҲгача);

♦ муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш санкциялар сирасидан чиқариб ташланади, у судга жаримага қўшимча жазо сифатида, яъни жазонинг асосий тури билан бир вақтда 1 йилдан 3 йилгача муддатга уни тайинлаш, мажбурий жамоат ишлари, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш билан жазолаш ҳуқуқини беради (ЖКнинг ­45-моддаси);

♦ мажбурий жамоат ишлари, ахлоқ тузатиш ишлари ва озодликдан маҳрум қилиш жазосининг энг қуйи чегараси жорий этилади – тегишинча, 300 соатдан ва 2 йилдан;

♦ озодликни чеклашнинг энг қуйи чегараси оширилади – 2 йилдан (ҳозир – 1 йилдан).

Эслатиб ўтамиз, етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди. Биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у жиноят аниқланган кундан эътиборан 30 кунлик муддатда етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади.

Жиноятга оид қонунчиликнинг вақт бўйича амал қилиш қоидаларини ҳам эслатиб ўтамиз. Жиноят ва қилмишни жазолаш у содир этилган вақтда амал қилган қонун билан белгиланади. Жазони кучайтирадиган Қонун қайтар кучга эга эмас (ЖКнинг 13-моддаси). Бинобарин, жиноят иши қўзғатилган ёки суд ҳукми чиқарилган санадан қатъи назар, кўрсатилган ўзгартишлар тузатишлар кучга киргунга қадар ушбу жиноятларни содир этган шахсларга ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) 29.05.2019 йилда расман ­эълон қилинган, тузатишлар уч ой ўтгач – 30.08.2019 йилдан кучга киради.

 

 

ЙҲҚни бузганлик учун жарима тўлашга – 60 кун

 

23.05.2019 йилдаги ЎРҚ–542-сон Қонун билан МЖТКнинг йўл ҳаракати қоидабузарликлари тўғрисидаги айрим моддаларига тузатишлар киритилди.

 

МЖТКнинг 126-моддаси бўйича биринчи бор қоидабузарлик содир этилганда жарималар 25 ЭКИҲгача ва маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилганда 40 ЭКИҲгача оширилди. Яъни, тегишинча 25 ва 20 баравар. Эслатиб ўтамиз, автомобилнинг қорайтирилган ойнаси техник регламентга мувофиқ бўлмаганда ёхуд ҳайдовчида махсус рухсатнома мавжуд бўлмаганда жарималар қўлланилади.

Светофорнинг тақиқловчи сигналида ёки йўл ҳаракатини тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасида тўхташ чизиғини босиб кирганлик ва «қизил»да ўтганлик учун алоҳида жавобгарлик белгиланди. Эслатиб ўтамиз, янги қоидаларга кўра светофорнинг ёки тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасида тўхтаганда транспорт воситасининг энг олдинги нуқтаси тўхташ чизиғи устига чиқиб кетмаслиги керак. Қоидабузарлик учун ½ ЭКИҲ миқдорида жарима солинади.

Ўз навбатида ЙҲҚни бузганлик учун жарималарни тўлаш муддати узайтирилди. Энди у фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган ёки қайд этилмаганидан қатъи назар, қарор чиқарилган кундан эътиборан 60 кундан кечиктирмай, унинг устидан шикоят берилган ҳолларда эса – шикоят (протест) қаноатлантирилмай қолдирилганлиги тўғрисида хабар берилган кундан эътиборан 30 кундан кечиктирмай жаримани тўлаш мумкин. Илгари ушбу муддатлар фақат камера объективлари остига тушган жарималар бўйича қўлланилар эди, қолган ҳолларда эса қоидабузар 15 кунда уни тўлаши талаб этиларди.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) расман эълон қилинган ва 24.05.2019 йилдан кучга кирди.

 

 

Экспортчиларга кредитлар бўйича харажатлар қисман компенсация қилинади

 

Президентнинг 24.05.2019 йилдаги ПҚ-4337-сон қарори билан экспорт фаолиятини давлат томонидан молиялаштириш ва суғурта ҳимояси бўйича комплекс чора-тадбирлар белгиланди (қарор матни «СБХ» ушбу сонининг ҳужжатлар пакетида чоп этилган). 

 

Биринчидан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан экспорт қилувчиларга:

♦ тижорат банкларининг экспортолди кредитлари, шу жумладан, айланма маблағларни тўлдириш учун берилган кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплашга компенсация тақдим этиш:

миллий валютадаги кредитлар бўйича – МБнинг қайта молиялаш ставкасидан ошган қисмида, бироқ 10 фоизлик пунктдан кўп бўлмаган миқдорда;

хорижий валютадаги кредитлар бўйича – банклар томонидан белгиланган ставканинг 40%и, бироқ 4 фоизлик пунктдан ошмаган миқдорда;

♦ кредитлар бўйича кредит суммасининг 50%игача, бироқ 4 млрд сўмдан ошмаган миқдорда кафиллик бериш учун 2019-2020 йиллар давомида Давлат бюджетидан 50 млрд сўмгача миқдорда маблағ ажратилади.

Ушбу чоралар 2019 йил 1 январдан қўлланиладиган солиқ имтиёзлари татбиқ этилмайдиган экспорт қилинадиган хом ашё товарлари рўйхатида (29.11.2018 йилдаги ПФ-5587-сон Фармон билан тасдиқланган) кўрсатилган хом ашё товарлари экспортига нисбатан татбиқ этилмайди.

Иккинчидан, банклар экспорт қилувчи корхоналарни, шу жумладан, айланма маблағларни тўлдириш учун кредитлар бериш орқали молиялаштириш турларини кенгайтиради.

Учинчидан, маҳаллий экспорт қилувчи корхоналар (уларнинг ваколатли вакиллари)га маҳсулотларни экспорт қилишда т/й транспортида ташиш харажатларини 50%игача миқдорда компенсация қилишга субсидиялар тақдим этилади. Экспортни рағбатлантириш агентлиги субсидиялар тўлаш бўйича ваколатли орган ҳисобланади.

Чора Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги молия, иқтисодиёт ва саноат вазирликлари билан келишилган ҳолда ўзгартириш ва қўшимчалар киритиши мумкин бўлган тасдиқланган рўйхат бўйича маҳсулотларни экспорт қилишга нисбатан амал қилади. Субсидиялар қўшни давлатларга экспорт қилинадиган маҳсулотларга татбиқ этилмайди, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Тўртинчидан, товарлар (ишлар, хизматлар)ни, шу жумладан, комиссионер (ишончли вакил) орқали реализация қилишдан тушган умумий тушумида ҳисобот даври якуни бўйича тайёр маҳсулот экспорти улуши 50%дан юқори бўлган юридик шахсларга уларнинг аризаларига кўра ҚҚС тўлашни 120 кунга кечиктириш имконияти берилади. Муддат экспортга мўлжалланган маҳсулот ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган хом ашё, бутловчи буюмлар ва материаллар импортида божхона декларацияси қабул қилинган кундан бошлаб ҳисобланади.

Бешинчидан, 2019 йил 1 июндан бошлаб тирик ҳолдаги товуқ, қуён ва балиқ ҳамда уларни сўйиб ишланган маҳсулотлар экспорти учун Президент ёки Ҳукумат рухсати талаб қилинмайди.

Олтинчидан, «Ўзбекинвест» ЭИМСКнинг экспортни суғурталаш орқали қўллаб-қувватлаш хизматлари комплекси харидор кредитини, қисқа муддатли дебитор қарздорликни, маҳсулот етказиб берувчи кредитини, тасдиқланган аккредитивни, экспорт қилувчининг айланма маблағларини тўлдириш кредитини, экспорт факторингини суғурталашни ҳамда экспортни суғурталаш орқали қўллаб-қувватлашнинг бошқа воситаларини ўз ичига олади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) йилда расман эълон қилинган ва 25.05.2019 йилдан кучга кирди.

 

 

Тўқимачилик: ишлаб чиқаришни ташкил этишнинг янги тартиби ва имтиёзлар

 

Бу Президентнинг 2019 йил 28 майдаги ПҚ–4341-сон қарорида назарда тутилган.

 

Ҳудудларда тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган мажмуалар яратилади. Бунинг учун енгил конструкциялар қурилади ёки бўш турган бино ва иншоотлардан фойдаланилади. Уларни ташкил этиш учун муҳандислик-коммуникация тармоқлари мавжуд, биринчи навбатда «Обод қишлоқ» дастурига киритилган аҳоли пунктларида ер майдонлари ажратилади.

Мажмуалар фойдаланишга қабул қилинганидан сўнг «Ўзпахтасаноат» АЖ томонидан «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси аъзоларига ёки тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган бошқа тадбиркорлик субъектларига берилади. Улар 5 йил муддатга, 10%дан ортиқ бўлмаган ставкада лизинг асосида ёки сотиб олиш шарти билан ижарага берилади. Лизинг асосида сотилганда ҚҚС уларнинг баланс қиймати ва сотиш нархи ўртасидаги ижобий фарқдан ҳисобланади.

Мажмуалар 2021 йил 1 январгача тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун зарур бўлган ва республикада ишлаб чиқарилмайдиган пахта, сунъий ва синтетик тола, жун, хом ашё ва бошқа материалларни тасдиқланган рўйхатлар бўйича олиб киришда божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) озод этилади.

«Ўзпахтасаноат» АЖ таркибига кирувчи тикув-трикотаж корхоналарига истисно тариқасида:

♦ лойиҳалаш ва қурилиш-монтаж ишларини ҳамда импорт қилинадиган технологик асбоб-ускуналарни харид қилиш учун тўғридан-тўғри шартномалар тузишга;

♦ ташкил этиладиган тикув-трикотаж мажмуалари қисқа муддатларда ишга туширилишини таъминлаш мақсадида, лойиҳа ва пудратчи ташкилотларни тендер (конкурс) савдоларини ўтказмасдан, энг яхши таклифларни танлаш ва молиялаштиришни лойиҳалаш билан параллель равишда амалга оширишга;

♦ биржа савдолари орқали пахта толасини, кейинчалик уни тўқимачилик корхоналарида ярим тайёр маҳсулотлар шаклида қайтариш асосида қайта ишлаш шарти билан сотиб олишга рухсат берилди.

2019–2021 йилларда лойиҳаларни амалга оширишда ва фаолияти давомида банк кредитлари бўйича фоизлар Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидаги тартибда қопланади:

♦ банк томонидан айланма маблағларни тўлдириш учун берилган кредитлар бўйича белгиланган фоиз ставкасининг 25%и миқдорида, лекин 5 фоизли пунктдан юқори бўлмаган ҳолда;

♦ асбоб-ускуналарни сотиб олиш мақсадида банклар томонидан ажратилган кредитлар бўйича белгиланган фоиз ставкасининг 50%и миқдорида.

2022 йил 1 январгача «Ўзпахтасаноат» АЖ ва унинг тизимидаги корхоналар иштирокида лойиҳаларни амалга ошириш доирасида:

♦ мавжуд тайёр тикув-трикотаж мажмуалари лизинг асосида ёки сотиб олиш шарти билан бошқа тадбиркорлик субъектларига ижарага берилган кунга қадар фойда ва мол-мулк солиғидан;

♦ мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган технологик асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, қурилиш материалларини белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб киришда божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) озод этилади.

Ишлаб чиқарилган хом ашё (пахта толасидан ташқари) ва ярим тайёр маҳсулотни тизим ичида сотиш солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 30.05.2019 йилдан кучга кирди.

 

 

Меҳмонхона қуришда субсидия қандай олинади

 

Инвесторларга янги меҳмонхона қуриш ва уни жиҳозлаш учун субсидия ажратиш ҳамда ташкилотларни франчайзинг тўғрисидаги шартнома асосида қисман молиялаштириш учун Давлат бюджетидан маблағ ажратиш тартиби ҳақидаги низом тасдиқланди (ВМнинг 27.05.2019 йилдаги 433-сон қарори).

 

Давлат инвесторларни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватламоқда:

а) башарти 2022 йил 1 январгача фойдаланишга топширилса, 3 юлдузли тоифага ва 50 та хонадан кам бўлмаган хоналар фондига эга ёки 4 юлдузли тоифага ва 100 та хонадан кам бўлмаган хоналар фондига эга бўлган янги меҳмонхоналарни қуриш ва жиҳозлаш харажатларининг бир қисми меҳмонхона тоифаси тасдиқланганидан кейин қопланади. Қўшимча равишда ташкил этилаётган хоналар фонди 50 мингтага етгунига қадар молиялаштириш давом эттирилади. Субсидия миқдори 3 юлдузли меҳмонхонадаги ҳар бир хона учун 40 млн сўмни ва 4 юлдузли меҳмонхонада 65 млн сўмни ташкил этади;

б) франчайзинг тўғрисидаги шартнома кучга кирган пайтдан бошлаб (5.01.2019 йилдан сўнг) 3 йил давомида дунёнинг таниқли ва нуфузли меҳмонхона брендларидан (топ-50 меҳмонхона брендлари рейтингларига кўра) фойдаланиш бўйича ташкилотлар – Ўзбекистон резидентларининг роялти қисман молиялаштирилади:

♦ 3 юлдузли тоифага эга бўлган дастлабки 50 та меҳмонхона – ҳар бир меҳмонхонанинг битта хонаси учун йиллик 200 АҚШ доллари эквивалентида;

♦ 4 юлдузли тоифага эга бўлган дастлабки 30 та меҳмонхона – ҳар бир меҳмонхонанинг битта хонаси учун йиллик 400 АҚШ доллари эквивалентида.

Роялтини молиялаштиришнинг умумий ҳажми кўпи билан 10 млн АҚШ доллари эквивалентига тенг бўлади.

Инвесторлар ва ташкилотлар ариза топшириш санасига қуйидаги асосий талабларга жавоб бериши зарур:

♦ Солиқ кодексига мувофиқ тўланиши лозим бўлган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзи бўлмаслиги;

♦ тугатиш ва банкротлик жараёнида бўлмаслиги;

♦ Давлат бюджетидан Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари асосида молиявий таъминот ва харажатларни қоплаш мақсадларига маблағларни жалб қилмаслиги, мазкур ҳужжат асосида олинган маблағлар бундан мустасно.

Субсидия олиш ёки қисман молиялаштириш учун аризалар Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасида кўриб чиқилади, у тегишли қарор қабул қилади. Ижобий қарор қабул қилинган тақдирда Молия вазирлиги – Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳисобварақларига, у эса инвесторларнинг банклардаги ҳисобрақамларига маблағ ўтказади. Бутун тартиб-таомил 30 кундан кўп вақтни олмайди. Ҳужжатлардаги камчиликларни бартараф этиш ва уларни такроран кўриб чиқишга тегишинча 2 ой ва 5 иш куни ажратилади.

Меҳмонхонанинг тоифага эгалиги (3 ёки 4 юлдузли) субсидия ажратилганидан кейин камида 5 йил таъминланиши лозим, акс ҳолда тўланган маблағлар Давлат бюджетига қайтарилади. Бироқ 4 юлдузли меҳмонхона 3 юлдузли бўлиб қолса, субсидияларнинг тегишли суммалари ўртасидаги фарқ, яъни ҳар бир хона учун 25 млн сўм қайтарилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 28.05.2019 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

Бизнес ўлчаш лабораторияларини ташкил этишга жалб қилинади

 

Вазирлар Маҳкамасининг 28.05.2019 йилдаги 440-сон қарори билан 2019–2023 йиллар даври учун ўлчашлар бирлигини таъминлаш Миллий тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича Амалий чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

 

Концепция:

♦ Халқаро қонунчилик метрология ташкилотининг (OIML) кўрсатма ва тавсияларини ҳамда бошқа халқаро талабларни ҳисобга олган ҳолда, ўлчашлар бирлигини таъминлаш миллий тизимининг комплекс ҳуқуқий тартибга солинишини таъминлаш;

♦ метрологик фаолият субъектларининг функционал вазифалари ва масъулият соҳаларини аниқ чегаралаган ҳолда, ўлчашлар бирлигини таъминлаш Миллий тизимининг тузилмасини такомиллаштириш;

♦ Ўзбекистон эталон базасини ривожлантириш, давлат метрология хизматлари органларининг лабораторияларини айниқса, республика ҳудудларида модернизация қилиш ҳисобига иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш устувор йўналишларининг метрологик таъминот даражасини ошириш;

♦ ўлчаш воситаларини калибрлаш тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш орқали маҳаллий маҳсулот сифатини ва рақобатбардошликни ошириш учун шароит яратиш, халқаро ва минтақавий метрология ташкилотлари билан метрология бўйича ўзаро самарали ҳамкорлик механизмларини ривожлантириш ва кенгайтириш. Ўзбекистоннинг халқаро иқтисодиётга ва ўлчашлар бирлигини таъминлаш халқаро тизимларига тенг ҳуқуқли шерик сифатида интеграциялашувига кўмаклашиш;

♦ кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича самарали тизим шакллантириш, ўлчашлар бирлигини таъминлаш соҳасида илмий фаолиятни ривожлантириш;

♦ метрология соҳасида ахборот технологияларининг қўлланишини кенгайтириш ҳамда ўлчашлар бирлигини таъминлаш тизимининг ишлашини, шу жумладан бажарилаётган ишлар ва хизматларни ахборотлаштириш ҳамда автоматлаштириш даражасини оширишга қаратилган.

Белгиланган мақсадларга эришиш учун давлат-хусусий шериклик шартларида ўлчаш воситаларини калибрлашни амалга оширадиган, аккредитацияланган янги ўлчаш лабораторияларини, Метрология бўйича илмий-техник комиссияни  ташкил этиш режалаштирилган. Бундан ташқари, «Ўзбекистон миллий метрология институти» ДК тизимида физик константалар ҳамда модда ва материаллар ҳақида стандарт ахборот маълумотлар хизмати, шунингдек, путур етказмайдиган текширув хизмати ҳамда вақт ва частота хизмати ташкил этилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжалари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 29.05.2019 йилдан кучга кирди.

 

Олег Гаевой.

Прочитано: 601 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика