Куз фасли ҳаво ҳарорати бир кун ундай-бир кун бундай бўлиб турадиган мавсумдир. Бугун иситиш асбобларини ёқсангиз, эртасига уни ўчиришга тўғри келиб қолади. Ҳамма гап ана шу «ўчириш»да!
Кўп ҳолларда фуқароларимиз электр асбоблари ва иситиш мосламаларидан палапартиш, лоқайдларча фойдалангани сабабидан жойларда ёнғин ҳолатлари учраб туради. Ваҳоланки ҳар бир объектда, хоҳ у давлат мулки бўлсин, хоҳ хусусий, у ердаги ёнғин хавфсизлиги масаласига жавоб берадиган мутасаддилар бўлиши тақозо этилади. Хусусан қабул қилинганига роппа-роса 10 йил бўлган «Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонуннинг (30.09.2009 йилдаги ЎРҚ-226-сон) 7-«Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги ваколатлари» моддасида мазкур органлар ўз ваколатлари доирасида:
♦ ёнғин назоратини ташкил этиши;
♦ аҳоли пунктларида, ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда, ижтимоий-маданий, саноат объектларида ҳамда бошқа объектларда, ҳудудлар ва коммуникацияларда ёнғинлар ўчирилишини ташкил этиши лозимлиги белгиланган.
Бундан ташқари, ташкилотлар:
♦ ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиши;
♦ ўзига қарашли объектларнинг ёнғин хавфсизлиги ҳолати тўғрисидаги, шу жумладан, ўзи ишлаб чиқараётган маҳсулотнинг ёнғин хавфлилиги ҳақидаги, шунингдек ўз ҳудудида содир бўлган ёнғинлар ва уларнинг оқибатлари тўғрисидаги маълумотларни ҳамда ҳужжатларни ёнғин назорати органлари мансабдор шахсларининг талабига кўра тақдим этиши;
♦ келиб чиққан ёнғинлар, мавжуд ёнғинга қарши ҳимоя тизимлари ва воситаларидаги носозликлар тўғрисида, йўллар ва тор кўчаларнинг ҳолати ўзгарганлиги ҳақида ёнғиндан сақлаш хизматига дарҳол хабар қилиши;
♦ кўнгилли ёнғиндан сақлаш хизматининг фаолиятига белгиланган тартибда кўмаклашиши шарт (Қонуннинг 10-моддаси).
Қонунда идоравий ёнғиндан сақлаш хизмати ваколатли органларда ва ташкилотларда уларга қарашли объектларнинг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш учун ташкил этилиши белгиланган. Бундай хизматлар бошқарув органлари ва бўлинмаларининг фаолиятини ташкил этиш, шунингдек шахсий таркибнинг хизматни ўташ тартиби тегишли ваколатли органлар ва ташкилотлар томонидан Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати билан келишилган ҳолда белгиланади (Қонуннинг 31-моддаси).
Шерзод Мусаев,
Ўз МТРК ЁХБ кичик инспектори, сафдор.