Norma.uz

«Ўлим коктейл»лари ёхуд телеканалларда урчиётган «қимор-кўрсатувлар»

 

♦ Қопқоқлар – сохта экан

♦ Европаликлар бу ичимликларни «ўлим коктейллари» дейди

♦ Чарчоқни кечиктиради, касални яқинлаштиради

 

Сарлавҳани ўқиб, ҳайрон қолган бўлишингиз мумкин. Мисол учун, ижтимоий тармоқларни кузатиб, шунга амин бўлдикки, «қопқоқмания» касаллигига чалинмаган одам камдан-кам учраса керак.

 

Эътиборимиз тортган қопқоқ ишқибозларининг айрим қилиқларига кулгимиз келса-да, аммо жамият учун «боқимандалик», «тез бойиб кетиш», «манипуляция доми»га тушиш каби иллатлар илдиз отаётгани кишини ташвишлантиради.

Масалан, ижтимоий тармоқларда автомашина ютиб олиш учун юк машинаси тўла акцияли ичимликларни сотиб олиб, қопқоқларни очаётган «қаҳрамон»нинг видеоси тарқалди.

Бу видеони кўриб, ундаги ишқибозни ҳеч қандай «ақлли гап»лар ортга қайтаролмаслигига амин бўласан киши.

Телевидение орқали реклама қилинаётган, катта-катта баннерларда «Мазасига гап йўқ», «Қувватга кир», «Ўзингга ишон», «Спарк, Ласетти, Малибу, ўзинг танла!» дея ўзининг ёрқин ранглардаги кўринишлари билан эътиборингизни жалб этиб, қизиқиш уйғотаётган акциялар чиндан ҳам номига мутаносибми?!

Аслида биз бундай маҳсулотларни истеъмол қилиш учун эмас, акцияга қизиқиб харид қилишимиз чин гап.

Телеканалларнинг асосий рейтингини кўтараётган, бир думалаб «бой» бўлишга ундовчи кўрсатувлар ҳам талайгина. Олдинлари эркакларни футбол, аёлларни турк сериаллари билан тортадиган телеканаллар эндиликда жамият учун фойдали, халқимизнинг тизимли муаммоларини олиб чиқадиган кўрсатувлар ўрнига қимор кўринишидаги бор кучини «Акцияли» кўрсатувларга ўраётгани ачинарли.

«Омад шоу», «Олтин калит», «Борига борака», «Миллионер шоу», «Ситро шоу» ва шунга ўхшаш кўрсатувларнинг мухлиси бўлмаганлар кам.

«…Сотиб ол, Тошкент cитидан квартира ютиб ол...»

Ҳа, сиз ҳам қизиқишни бошладингизми? Албатта, ким ҳам бундай чорловлардан кейин қизиқмайди. Ҳатто айрим юртдошларимиз маҳсулотнинг таъми ва таркибини билмасдан туриб, кўр-кўрона сотиб олмоқда.

Энг ҳайратланарлиси шундаки, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлардаги гуруҳларда ҳамда шахсий саҳифаларда «Ситро»нинг 6-қисмини топиб беринг, суюнчиси бор, эвазига 2 000 $ бераман» ёки «Илтимос, WFдан 5 та қопқоқ қисмини топишга ёрдам беринглар», деган «пост»ларни тез-тез учратяпмиз.

Ачинарлиси, бунга ҳеч қандай меҳнатсиз, осонгина бир нималик бўлиб қолишни истайдиган ёшлар муккасидан кетяпти. Чиндан ҳам бу қопқоқлар ютуқлими?!

Акцияларда қатнашиб, топганингиздан йўқотганингиз кўп бўлади. Биринчидан, энг қимматли вақтингизни бой берасиз, иккинчидан, вақтга қўшиб орзуларингизни ҳам рўёларга қориштираётганингиз қолади.

– Энергетик ичимликларни хуш кўрмайман, – дейди тармоқ фойдаланувчиси Алишер Полвонов (21 ёш). – Аммо акциясига қизиқиб, харид қиламан. Чамамда шу пайтгача сарфлаган пулларимга ўша акциядаги автомобиль ёки уйга бошланғич тўлов, умуман, ўзимга керак бўлган маиший техникаларни бемалол сотиб олсам бўларди.

Буни кечроқ англаб етдим. Негаки, бу ичимликларнинг омадли қопқоқлари кам. Бир куни «Facebook» ижтимоий тармоғи орқали «Ютуқли қопқоққа суюнчи бор», деб «пост» қўйдим.

Кўпчилик «Менда бор, қанча берасиз?» деб ёзди. Бошида ҳазиллашяпти деб ўйладим. Аммо қизиқишим устунлик қилиб, улар билан учрашдим. Айтган пулларини бердим. Ўзимда йўқ хурсандман. Компанияга борсам, бу қопқоқлар сохта эканини айтишди. «Уддабурон»ларни эса ҳалигача қидираман. Пешона терим билан топилган пулларимга ачиндим.

Бу қопқоқ йиғиш шунчаки қизиқиш эмас, эндиликда ишқибозлар учун асосий мақсадга айланиб улгурди. Албатта, ҳар куни телевидение орқали ҳамюртларимизнинг машина, турли маиший техникалар ютганини кўриб, кўпчиликнинг ҳаваси ортиши табиий. Сиз ҳам беихтиёр ўша «топилмас қопқоқ»ларни топишни истаб қоласиз. Аммо ҳар бир нарсада меъёр бўлгани яхши. Ахир инсон саломатлигига салбий таъсири бўлган маҳсулотларни кенг аҳоли ўртасида бундай оммалаштириш аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин.

Европа давлатлари аллақачон бундай ичимликлардан воз кечмоқда. Улар энергетик ичимликларни «ўлим коктейли» деб аташади.

Маълумот учун шуни айтиш лозимки, тилга олинаётган бу ичимликлар организмга қўшимча қувват бермайди. Фақат бу воситалар таркибидаги моддалар организмнинг ички резервига йўл очади. Соддароқ қилиб айтганда, ичимлик ҳеч қандай қувватга эга эмас, у ўз ички ресурсларингиздан фойдаланади.

 

Шифокорлар энергетик ичимликларни тавсия қиладими?

– Энергетик ичимликларни умуман харид қилмайман, – дейди Маҳбуба Камолова. – Бунинг ўзига яраша жиддий сабаблари бор. Укам икки йил аввал битта корхонага қоровул сифатида ишга кирди. Тунда ухлаб қолмай, деб энергетик ичимликларни кўп ичарди. Оқибатини билмаган эканмиз... Билганимизда эътиборсизлик қилмасмидик...

Афсуски, мазкур ичимликлар укамнинг ҳаётига зомин бўлди. Эсласам, ҳалигача қалтираб кетаман. Укам энергетик ичимликларни ҳаддан зиёд кўп истеъмол қилгани учун юраги ўйноқи бўлиб қолган экан. Бу тиббий экспертизада маълум бўлди!!!

Энергетик ичимликлар таркибида инсон организми учун хавфли кофеин, гуарана, таурин каби моддалар борлигини билдик.

 

Айнан ушбу моддалар организмга қанчалик таъсир қилади?

Таурин, – бу каби ичимликларда албатта бўлиши керак бўлган моддалардан бири. У мушак тўқималарида тўпланадиган аминокислота бўлиб, ичакдаги ёғлар эмульсиясига ёрдам беради. Бу энергетик ичимликнинг бир банкасида 400 – 1 000 мг миқдоргача бўлиб, асаб бузилишига олиб келади.

Кофеин – организм зўриқишига, турли асаб ва юрак касалликлари келиб чиқишига омил бўлади.

Мелатонин, инозит, – бу воситалар уйғунлигидаги ичимлик организмни жисмоний ва ақлий зўриқиш билан ишлашга мажбур қилади.

Энергетик ичимликлар (шу тоифадаги барча маҳсулотлар) бугунги кунда жаҳон бозоридан чиқарилмоқда. Чунки инсон саломатлиги ҳар нарсадан устундир.

Вақтинчалик чарчоқлардан халос бўламиз, деб доимий касалликларни орттирганимиздан кўра, табиий маҳсулотларни истеъмол қилиб, танага дам берганимиз яхши.

Тўғри, жисмоний меҳнат билан шуғуллангандан сўнг бундай ичимликлар истеъмолидан одам чарчоқ ҳиссини туймаслиги мумкин, аммо ушбу ичимликлар чарчоқни йўқотмайди, балки уни ортга суради. Ичимлик таъсири ўтгандан сўнг чарчоқ икки баробар ортади.

 

Ҳамма нарсанинг меъёри бор

«Қовун қовундан ранг олади», деганларидек, бугун хусусий телеканалларимизга бундай шоулар «юқиб» бўлган.

Маърифат, маънавият мавзуси эса тош босмайди. Россия телеканалларида ҳам қиморбозликка ўхшаган кўрсатувлар бунчалар «болалаб» кетмаган. Бу фуқароларга нима беради? Балки телеканалга, ишлаб чиқарувчига даромад келтирар. Аммо фуқароларда истеъмолчилик кайфиятидан бошқа нарсани шакллантирмайди.

Мактаб, коллеж ўқувчиси ота-онаси тушликка деб берган пулидан тежаб, ютуқ чиқиш эҳтимоли бор товарлар харидига шошади. Орзу майдалашади.

Бирданига катта маблағ, буюм ёки автомобилга эга бўлиш мақсади бошқа ниятларни «чанги»да қолдиради. Енгил-елпи ҳаётга ўрганади. Бефарқлик, лоқайдлик, худбинлик шаклланади. Хўш, шундай руҳда камол топаётганларга ватанпарварликдан сўз очсангиз, таъсир қилармикан? Хулоса ҳар кимнинг ўзига ҳавола!

 

Қаҳрамон Шерматов,

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси бош мутахассиси.

ЎзА асосида.

Прочитано: 646 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика