Norma.uz

Адолатли пенсия ва нафақа таъминоти

 

Мазкур сонда Пенсия жамғармасининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида билиб оласиз. Яшаш жойини ўзгартираётганлар ва бошқа давлатга кетаётганлар учун алоҳида маълумотлар берилган.

Пенсия жамғармаси бўлимларидан бирида бўлиб, пенсионерларни қандай саволлар кўпроқ қизиқтириши ҳақида билдик. Бўлим бошлиғидан уларга жавоблар олдик.

 

Экспертларга саволларингиз бўлса, norma.uz сайтидаги «Жавоб берамиз» хизматидан фойдаланинг.

 

 

Адолатли пенсия ва нафақа таъминоти

 

Мамлакатимизда кексаларга ҳурмат-эҳтиром, меҳр-оқибат кўрсатиш, уларнинг дуосини олиш яхши анъанага айланган. Ёши улуғ нуронийларимиз доимо давлатимиз ардоғида. Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳам пенсия ва нафақа олувчиларнинг ижтимоий таъминотини яхшилаш, уларга муносиб турмуш шароитини яратишга алоҳида эътибор қаратиб келади.

 

2019 йил 1 август ҳолатига кўра, мамлакатимизда пенсия ва нафақа олувчилар 3 миллион 608 минг 988 нафарни ташкил этди. Улардан 3 миллион 259 минг 185 фуқаро пенсия ва 349 минг 803 фуқаро ижтимоий нафақа олади. Пенсия ва нафақалар таъминотини янада яхшилаш, ҳужжатларни оптималлаштириш, адолатли пенсия ва нафақа тайинланиш тизимини йўлга қўйиш, аҳолига кўрсатилаётган интерактив хизматлар сифатини ислоҳ қилиш фуқароларимизнинг ижтимоий таъминотини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

– Пенсия ва нафақаларни тайинлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиши тизим ривожига хизмат қилмоқда, – дейди Пенсия жамғармаси Пенсия ҳисоблаш услубиётини мувофиқлаштириш ва фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўлими бошлиғи ўринбосари Ф.Сулаймонов. – Аввало, ­Президентимизнинг 2018 йил 12 декабрдаги «Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш ва пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ўртача иш ҳақининг энг юқори миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг саккиз баробаридан ўн баробарига оширилганини айтиш мумкин. Натижада 2019 йил 1 январдан 519 мингдан ортиқ фуқароларнинг пенсия миқдори қайта ҳисобланди.

Шунингдек, соҳага тегишли қонун ҳужжатларига мувофиқ ногирон фарзанди бор оналарга 55 ёшда, зарур иш стажига эга бўлмаса ҳам нафақа тайинлаш ҳуқуқи берилди. Бугунги кунга қадар нафақанинг мазкур тури 1 минг 458 фуқарога тайинланди.

Пенсия ва нафақалар тўлови ҳар ойнинг 27 санасига қадар молиялаштирилмоқда. Пенсия жамғармаси Маблағларни бошқариш ва пенсия, нафақалар тўловини мониторинг қилиш бўлими бошлиғи ўринбосари Т.Қосимовнинг таькидлашича, 2019 йилда пенсия ва нафақа олувчиларга бир қатор имкониятлар яратилди. Хусусан, жамғарма томонидан шу йил 1 январь ҳолатига пенсияларни тўғри тўлаш бўйича текширишлар натижасида аниқланган, фуқароларга ортиқча тўланган пенсия суммаси қолдиқлари ҳисобдан чиқарилди.

Президентимизнинг тегишли Фармонига асосан жорий йил 1 январдан барча ишловчи пенсионерларга пенсия пули 100 фоиз миқдорда тўланадиган бўлди. Ҳозирда 41 минг пенсионер шу тартибда ишлаб келмоқда.

Аҳолига интерактив хизматлар кўрсатиш мақсадида «SMS-Pensiya» тизими йўлга қўйилган. Бугун мазкур хизматдан фойдаланувчилар сони 2 миллион 340 мингга яқинни ташкил қилмоқда.

– Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий қатламини қўллаб-қувватлаш, айниқса, ногирон фарзандни тарбиялаётган оилаларга алоҳида эътибор қаратилаётгани барчамизни қувонтиради, – дейди пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида яшовчи Зуҳра Тошпўлатова. – Менга 2019 йил апрель ойидан ногирон фарзандни тарбиялаётган оналар учун бериладиган нафақа тайинланди. Нафақа пули ҳар ойда уйимизга ўз вақтида етказиб берилмоқда. Авваллари фарзандимга дори-дармон олишга имкониятим етмаган пайтлар ҳам бўлар эди. Бундай ғамхўрлик ва эътибор туфайли қийинчилигимиз унут бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари фуқаролар билан очиқ мулоқотлар ўтказиш, тизимдаги муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида сайёр қабуллар ўтказмоқда. Юридик ҳамда жисмоний шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ҳамда тегишли тартибда кўриб чиқиш бўйича жамғарманинг «1140» қисқа рақамли «ишонч телефони» хизмати йўлга қўйилган. Аҳолига кўрсатилаётган хизматларнинг адолатли йўлга қўйилганини назорат қилиш, коррупция ҳолатларининг олдини олиш мақсадида «Сирли мижоз» хизмати ишлаб турибди.

Бу саъй-ҳаракатлар фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш ва пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

 

Абдулазиз Мусаев, ЎзА.

 

 

Бизга мактуб йўллабсиз

 

Бадаллар қайтарилмайди

 

Отам пенсияга чиқмасдан вафот этган. Сўнгги 25 йил Пенсия жамғармасига бадал тўлаган. Унинг жамғармасидан бирор қисмини олишга ҳақлиманми? Қаерга мурожаат қилишим ва қандай ҳужжатларни топширишим лозим?

 

– Солиқ кодексига мувофиқ солиқлар қайтарилмаганидек, Пенсия жамғармасига тўланган суғурта бадаллари ҳам қайтарилмайди, чунки улар доимий, қайтарилмайдиган ва беғараз тусга эга бўлади.

Бироқ вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз оила аъзолари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва миқдорда боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқига эга бўлади («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддаси).

Сиз Халқ банкининг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига тушган бадалларни олишингиз мумкин. Бунинг учун вафот этган шахс яшаган жойдаги Халқ банки филиалига мурожаат этиш лозим.

 

 

Шубҳа пайдо бўлганда

 

Пенсионер 84 ёшда. У II гуруҳ ногирони, 560 минг сўм пенсия олган. Янги қўшимча тўлов қўшилгач, 576 минг сўм бўлди.

Пенсия тўғри қайта ҳисобланганми? Ногиронлик учун қўшимча тўлов тўланадими ёки йўқми?

 

– Президентнинг 12.07.2019 йилдаги ПФ-5765-сон Фармонига мувофиқ 2019 йил 1 августдан бошлаб:

♦ II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг ногиронлик пенсиялари энг кам миқдори ёшга доир энг кам пенсиянинг 50%идан 75%ига оширилди;

♦ I гуруҳ ногиронлиги бўлган ёлғиз шахслар – пенсионерларнинг пенсияларига устама миқдори энг кам иш ҳақининг 50%идан 75%ига оширилди.

Пенсионернинг пенсияси миқдори ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилмаган, шу боис қайта ҳисоблаш тўғри-нотўғри эканлигини аниқлашнинг иложи бўлмайди. Бироқ янги юзага келган асослар бўйича қайта ҳисоблашлар инсон омили иштирокисиз марказлаштирилган дастур даражасида амалга оширилмоқда. Айни пайтда Пенсия жамғармаси «Пенсия» дастурий таъминотидан фойдаланмоқда.

Ҳисоб-китоблар тўғрилигига шубҳа қилсангиз, пенсия миқдорининг қайта ҳисобланиши бўйича батафсил маълумот олиш учун Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) хизмат кўрсатиш бўлимига мурожаат қилишингиз мумкин. Номувофиқлик аниқланган тақдирда зарар белгиланган тартибда тўлиқ қопланади.

 

 

Қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган

 

Пенсионер 30 ёшга тўлган ногирон фарзандига васийликни расмийлаштиришга ва унинг мол-мулкини ўз ихтиёри билан тасарруф этишга ҳақлими?

 

Вояга етган шахс муомалага лаёқатсиз ёки муомалага лаёқати чекланган деб эътироф этилган тақдирда васийлик суд тартибида белгиланади.

Васийнинг (ҳомийнинг) васийликни (ҳомийликни) қабул қилиш мажбурияти унинг васий (ҳомий) томонидан белгиланадиган шахсий қонуни бўйича аниқланади. Шахс қайси мамлакатнинг фуқароси бўлса, шу мамлакат ҳуқуқи унинг шахсий қонуни ҳисобланади (ФКнинг 1168, 1174-моддалари).

Бунда пенсионерлар учун қонун ҳужжатларида васийликни расмийлаштириш чекланмаган.

 

 

Иш берувчидан ШЖБПҲ

 

Яқинда олий ўқув юртида ўқишни тамомлаган, илгари ҳеч қаерда ишламаган талаба давлат муассасасига ишга кираётганда ҳужжатлар билан бирга ШЖБПҲ рақамини тақдим этиши лозим. ўзи асли Бухородан, Тошкентда вақтинча прописка қилинган.

ШЖБПҲ рақами қаердан олинади?

 

– Қонун ҳужжатларига мувофиқ иш берувчи биринчи марта ишга келаётганларни шахсий жамғариб бориладиган пенсия тизимига ҳисобга қўяди, шунингдек ходимга жамғариб бориладиган пенсия дафтарчасини беради.

Халқ банкининг филиали фуқаро жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга олингандан бошлаб 2 иш куни мобайнида жамғариб бориладиган пенсия дафтарчасини расмийлаштиради.

Иш берувчи тегишли хабарнома келган кундан бошлаб 5 иш куни мобайнида Халқ банки жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаларини, илова қилинадиган ведомостни олади ва улар олинган кундан бошлаб 3 иш куни мобайнида ходимларга беради. Ходим жамғариб бориладиган пенсия дафтарчасини олганлиги тўғрисида илова қилинадиган ведомостга имзо чекади, илова қилинадиган ведомость тўлдирилгандан кейин 5 кун муддатда Халқ банки филиалига қайтарилади (Низом, ВМнинг 21.12.2004 йилдаги 595-сон қарорига 1-илова).

 

 

Болага ёрдам

 

Ўзим ишлайман, вояга етмаган фарзандим бор. Яқинда турмуш ўртоғим вафот этди. У пенсионер эди.

Боқувчимни йўқотганлигим муносабати билан давлатдан бирор-бир ёрдам олишим мумкинми?

 

– Вояга етмаган фарзандингизга боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тайинлашлари учун Пенсия жамғармаси бўлимига мурожаат қилишингиз мумкин, чунки 16 ёшга тўлмаган болалари, шунингдек ўқувчилар 18 ёшга тўлгунга қадар меҳнатга лаёқатсиз оила аъзолари ҳисобланади ва ушбу пенсияни олиш ҳуқуқига эгадирлар («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддаси).

Зафаржон Хўжаев, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

Маълумот учун!

1 сентябрдан ЎЗИНИ ЎЗИ БАНД ҚИЛГАН фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари тақдим этилади, гувоҳнома эгаларига эса меҳнат стажини ҲИСОБГА ОЛИШ ва рағбатлантирувчи имтиёзлардан фойдаланиш ҲУҚУҚИ берилади.

* * *

Энг кам иш ҳақи миқдори ўрнига қуйидагилар жорий этилади:

♦ 577 170 сўмга тенг бўлган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори;

♦ 223 000 сўм миқдорида базавий ҳисоблаш миқдори;

♦ 223 000 сўмни ташкил этадиган пенсия ҳисоблашнинг базавий миқдори.

 

 

Билиб қўйган яхши

 

Пенсия жамғармаси бўлими: ҳуқуқ ва мажбуриятлар

Пенсия тайинлаш  ва тўлаш, шунингдек фуқароларнинг пенсия таъминоти билан боғлиқ бошқа масалаларни кўриб чиқиш Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимлари томонидан амалга оширилади. Бунинг учун пенсия тайинлаш бўйича комиссия тузилади. Унинг фаолият юритиш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади.

 

Пенсия тайинлаш учун тақдим этилган ҳужжатларнинг асосланганлиги ва ишончлилигига шубҳа пайдо бўлган тақдирда, Пенсия жамғармаси бўлими уларни текширувдан ўтказиш тўғрисида қарор чиқаради.

 

Пенсия жамғармаси бўлими тегишли ташкилотлардан зарур ҳужжатларни талаб қилиб олишда кўмак кўрсатади.

 

Пенсия тайинлаш учун топширилган ҳужжатларда нотўғри маълумотлар борлиги ёки иш ҳақи тўғрисидаги маълумотларга нотўғри тузатишлар киритилганлиги аниқланганда Пенсия жамғармаси бўлими пенсия тайинлангунига қадар уларни текшириб чиқиши ёхуд қўшимча маълумотлар ёки иш ҳақи тўғрисида берилган маълумотномаларга тушунтиришлар тақдим этилиши тўғрисидаги ёзма сўровни юбориши зарур.

 

Пенсия жамғармаси бўлими пенсия тайинлаш учун ҳужжатларни тақдим этиш ва расмийлаштириш масалалари бўйича тушунтиришлар ва маълумотномалар бериши зарур, шунингдек ташкилотдан ёки бўлғуси пенсионердан қабул қилинган ҳужжатларнинг тўлиқ расмийлаштирилган бўлишини талаб қилишга ҳақли.

 

Иш стажи тўғрисидаги ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, меҳнат фаолияти даврлари суд қарори билан белгиланади. Пенсия жамғармаси бўлими судларга даъволарни тайёрлашда кўмак кўрсатади.

 

Пенсия тайинлаш тўғрисидаги ариза ва барча зарур ҳужжатлар келиб тушгандан сўнг, комиссия 10 кун муддат ичида тегишли қарорни (пенсия тайинлаш ёки тайинлашни рад этиш, тақдим этилган ҳужжатларнинг асослилигини текшириш ва бошқалар тўғрисида) қабул қилади.

 

Ариза берувчи шубҳа туғдирмайдиган, мавжуд ҳужжатлар бўйича пенсия тайинланишига рози бўлмаса, комиссия тақдим этилган ҳужжатлар текширувдан ўтказилгандан сўнг пенсия тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилади.

 

Пенсия тайинлаш рад этилганда (пенсия бир турдан бошқасига ўтказилганда, пенсия миқдори қайта ҳисоб-китоб қилинганда) Пенсия жамғармаси бўлими қарор чиқарилган кундан кейин 5 кундан кечиктирмасдан ташкилотга ёки ариза берувчига рад этиш сабаблари, шикоят қилиш тартиби кўрсатилган хабарномани бериши ёки юбориши ҳамда тақдим этилган барча ҳужжатларнинг асл нусхаларини пенсионерга (ота-онасига, қонуний вакилига) ҳужжатларни олганлиги тўғрисида тилхат олган ҳолда қайтариши лозим.

 

Маълумот учун!

Пенсия жамғармасига ЯККА ТАРТИБДАГИ ТАДБИРКОР (хорижда ёлланиб ишлайдиган шахс, деҳқон хўжалиги аъзоси, оилавий тадбиркорлик субъектининг оила аъзоси, шунингдек якка тартибдаги тадбиркор меҳнат шартномаси бўйича ёллаган ҳар бир ходим учун) томонидан суғурта бадаллари тўланганлигини тасдиқловчи маълумотнома солиқ органларига тақдим этилган маълумотларга мувофиқ расмийлаштириладиган суғурта бадаллари тўловини ҳисобга олиш карточкаларига асосан УНИНГ ЯШАШ ЖОЙИДАГИ Пенсия жамғармаси бўлими томонидан берилади.

 

 

Навбати келган саволлар

 

Ҳужжатлар, жарима санкциялари ва стаж тўғрисида

 

Одатда, Пенсия жамғармаси бўлимларида фуқаролар қабули кунларида одам гавжум бўлади. Ҳар бир мурожаат қилувчининг ўзига яраша масаласи бор. Бироқ ҳаммадан ҳам кўпроқ ташрифчиларни қизиқтираётган саволлар тез-тез учраяпти. Уларнинг айримларига Мирзо Улуғбек тумани бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимининг бошлиғи Жаъфар Тўланов жавоб беради.

 

– Маълумки, стажга киритиш ёки киритмаслик тўғрисидаги қарор ПЖ бўлимининг махсус комиссияси томонидан қабул қилинади. Стаж ҳисобга олинмаслигига қандай ҳолатлар сабаб бўлиши мумкин?

– Фаолият тури, мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса, иш стажига қўшиб ҳисобланади («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 37-моддаси). Тегишинча, суғурта бадаллари тўланмаган ҳолда ишланган даврлар стажга қўшилмайди.

Таъкидлаш жоизки, Пенсия жамғармаси бўлими иш стажини тасдиқлаш учун тақдим этилган ҳужжатларнинг мазмунини ва зарур тарзда расмийлаштирилганлигини баҳолайди ҳамда зарурат бўлганда улар берилишининг асосланганлигини текшириш тўғрисида қарор қабул қилади. Натижаларга қараб меҳнат фаолиятининг айрим даврларини иш стажи даврига ҳисобга олиш ёки ҳисобдан чиқариб ташлаш тўғрисида қарор чиқаради (Низомнинг 57-банди, ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 1-илова).

 

– Дафн этиш маросимига нафақа олиш учун қандай ҳужжатлар зарур бўлади ва қайси муддат давомида мурожаат қилиш керак?

– Дафн этиш маросими учун нафақа олиш учун дафн этиш мажбуриятини зиммасига олган шахс ФҲДЁ органи томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда берилган ўлим тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси ва ўлим тўғрисидаги маълумотноманинг асл нусхасини илова қилган ҳолда ариза билан яшаш жойидаги ПЖ бўлимига мурожаат қилиши лозим (Низомнинг 17-банди, ВМнинг 14.06.2011 йилдаги 174-сон қарорига 1-илова).

Нафақа мурожаат қилинган кунда тайинланади. Бу ишларни 60 календарь кун ичида амалга ошириш кераклигини унутмаслик лозим. Акс ҳолда нафақа тайинлаш рад этилади (Низомнинг 18, 19-бандлари).

 

– Пенсионер узоқ муддатга Ўзбекистондан ташқарига жўнаб кетаётган тақдирда, ишончли шахс қандай муддат давомида пенсияни олиши мумкин? Ўзбекистонга келмасдан ишончнома муддатини узайтирса бўладими?

– Ишончли шахс 12 ой давомида пенсияни олиши мумкин. Хорижий давлатда бўлган пенсионер Ўзбекистондан ташқарида расмийлаштирилган ишончномана апостил қўйдириш учун Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасасига мурожаат этиши мумкин. Бунда ишончнома берган шахс Пенсия жамғармаси бўлимларидан бирига бир йилда камида 1 марта келиб, тайинланган пенсияга бўлган ўз ҳуқуқини тасдиқлаши керак. Пенсионер хорижий давлатда бўлган ва соғлиғи туфайли Ўзбекистонга келиш имкониятига эга бўлмаган ҳолатларда, у Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасасига мурожаат этиши мумкин ва хорижий давлат ҳудудида доимий яшаш ҳолати мавжуд эмаслигини, шунингдек пенсия ёки ижтимоий нафақа олмаслигини тасдиқлаши лозим (252-сон Низомнинг 160-банди). Маълумотнома ишончнома билан бирга ПЖ бўлимига тақдим этилади.

 

– Пенсия тўловлари пластик карточкаларига ўтказиладиган пенсионерлар ҳар 6 ойда ПЖ бўлимига келиб буни тасдиқлашлари лозим. Пенсионер ушбу муддатда ПЖ бўлимига келмаган ҳолатлар учун санкциялар мавжудми?

– Мазкур ҳолатда жарима санкциялари қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган. Бироқ пенсия олиш ҳуқуқи тасдиқланмаган ҳолатларда уни тўлаш тўхтатиб қўйилиши мумкин. Пенсия жамғармаси бўлими томонидан маҳалла вакиллари ва қўшнилар иштирокида тузилган, пенсия тўлаш асослилигига ва тўланадиган миқдорга таъсир этувчи ҳолатларни (масалан, унинг тирик эканлиги, ишга жойлашганлиги, яшаш жойи ўзгарганлиги ёки чет элга кетганлиги ва бошқалар) тасдиқлайдиган далолатнома тўхтатиб туриш учун асос бўлиши мумкин (252-сон Низомнинг 158-банди).

 

 

Телефон орқали савол

 

Хизмат – пулли

 

Ногиронлиги бўлган шахслар ва пенсионерлар муддати ўтиб кетган пластик картани бепул алмаштирсалар бўладими ёки банкка тўлов тўланадими?

 

– Халқ банкининг (71) 200-00-55 рақамли ишонч телефони орқали жавоб беришларича, ногиронлиги бўлган шахслар ва пенсионерлар пластик картани ўзгартирганларида умумий асосларда ушбу хизматлар учун ҳақ тўлайдилар. Унинг қиймати – 33 500 сўм.

 

Маълумот учун!

Ўқиш даврида АКАДЕМИК ТАЪТИЛДА БЎЛГАН ДАВР, шунингдек ТАЙЁРЛОВ КУРСЛАРИДА ўқиш даври иш стажига ҚЎШИЛМАЙДИ.

 

 

Янгилик

 

Фуқароларга нафақа тайинлашда СТИР талаб қилиш тартиби бекор қилинди

 

Президентнинг «Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари ҳақида»ги қарори (15.02.2019 йилдаги ПҚ-4193-сон) 6-бандига асосан 2019 йил 1 августдан бошлаб давлат хизматлари кўрсатишда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан жисмоний шахслардан жамғариб бориладиган пенсия дафтарчалари, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотномалар, солиқ тўловчининг ҳисобга қўйилганлиги тўғрисида гувоҳномалар, тўланган даромадлар ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммалари тўғрисида маълумотномалар талаб қилиш тақиқланган. Ушбу ҳужжатларни давлат солиқ хизмати органлари, АТБ «Халқ банки«, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасидан электрон ўзаро ҳамкорлик орқали фақат идоралараро интеграциялашув платформасига ахборот олиш учун уланиш йўли билан мустақил равишда сўраб олишлари белгиланди. Бу ҳақда Пенсия жамғармаси расмий сайтида хабар берилган.

 

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг «Жисмоний ва юридик шахслар марказий маълумотлар базаларини шакллантириш ва «электрон ҳукумат» тизими фойдаланувчиларини идентификациялашнинг ягона ахборот тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қароридан (17.12.2015 йилдаги 365-сон) келиб чиққан ҳолда Пенсия жамғармасининг «Пенсия» дастури «Электрон ҳукумат» тизими билан боғланди.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, фуқароларга пенсия (нафақа) тайинланишда СТИР талаб этиш бекор қилинди.

 

ЎзА асосида.

 

 

Октябрнинг биринчи ҳафтаси «Кексалар ҳафталиги» этиб белгиланади

 

Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг «Кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

 

Қарорда келтирилишича, кекса авлод вакилларини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларга эътибор ва ғамхўрликни кучайтириш, турмуш шароитини яхшилаш, фаол ва мазмунли ҳаёт кечиришларини таъминлаш, уларнинг бой ҳаётий тажрибасидан кенг фойдаланиш мақсадида БМТ Бош Ассамблеясининг 1990 йил 14 декабрдаги резолюцияси билан эълон қилинган 1 октябрь – «Халқаро кексалар куни»ни Ўзбекистон Республикасида ҳам ҳар йили ушбу санада кенг нишонлаш мақсадида октябрь ойининг биринчи ҳафтаси «Кексалар ҳафталиги» этиб белгиланади.

Қарорга мувофиқ:

♦ вазирликлар, идоралар ва хўжалик бошқаруви органларида фаолият йўналишидан келиб чиқиб раҳбар ўринбосаридан бири жамоатчилик асосида кексалар масалалари бўйича масъул этиб белгиланади ва «фахрийлар кенгашлари» фаолиятини мувофиқлаштиради;

♦ меҳнат жамоаларида пенсияга чиқиш арафасида бўлган меҳнат фахрийларини узоқ йиллик самарали фаолияти учун тақдирлаш ва нафақага кузатиш тадбирларини ўтказиш жорий этилади.

Қарорга кўра, Президентнинг 2019 йил 2 апрелдаги «Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони билан ташкил этилган «Кексалар маслаҳати» гуруҳларининг Намунавий низоми тасдиқланади.

«Кексалар маслаҳати» гуруҳи жисмоний шахсларнинг ихтиёрийлигига асосланиб, ўз фаолиятини жамоатчилик асосида олиб борадиган, доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаши органи ҳисобланади.

Гуруҳ Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика, ҳудудий (вилоят, туман ва шаҳар) кенгашлар қошида ҳамда барча фуқаролар йиғинларида ташкил этилади.

Республика гуруҳи вазирлик ва идоралар қошида ташкил этилган фахрийлар кенгашлари билан яқин ҳамкорликда фаолият олиб боради.

Гуруҳ қарорлари тавсиявий хусусиятга эга. Унинг Низоми ва унга киритиладиган ўзгартириш ҳамда қўшимчалар тегишли республика, ҳудудий кенгашлар бошқаруви ҳамда фуқаролар йиғинлари қарори билан тасдиқланади.

Гуруҳ ошкоралик, коллегиаллик, ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик, ихтиёрийлик ва жамоат фикрини ҳисобга олиш тамойиллари асосида фаолият юритади.

ЎзА асосида.

 

 

Хорижда қандай

 

Бепул тўхташ ҳуқуқи

 

Россия Давлат думаси ногиронлиги бўлган шахсларни буни қоғоздаги ҳужжатлар билан тасдиқлаш заруратидан озод этадиган ҳукумат қонунини қабул қилди. Бунда Россия Федерациясининг қайси минтақасида бўлишидан қатъи назар, Давлат хизматлари порталига ариза бериш орқали ногиронлар учун тўхташ жойларида автомобилни бепул тўхташ ҳуқуқи билан рўйхатдан ўтказиш имконияти ҳам назарда тутилган.

 

Қонун имконияти чекланган 11 миллиондан ортиқ россияликларга тааллуқлидир. У ногиронлиги бўлган шахсларга мамлакатнинг турли минтақаларида бепул тўхташ ҳуқуқини тўлиқ амалга ошириш имконини беради.

РФ Давлат думасининг раиси Вячеслав Володин таъкидлаганидек, қонун кучга киргандан кейин минтақавий ва муниципал ҳукумат федерал реестр маълумотлари билан ўзлари солиштирадиган бўладилар, ногиронлар учун эса 2020 йилнинг ёзидан бошлаб бепул тўхташ учун алоҳида маҳаллий рухсатномаларни олиш зарурати ва буни билмаслик юзасидан тўлов тўламаганлик учун жарима солиниши хавфи бекор бўлади.

Кўрсатилган маълумотларни Пенсия жамғармаси (РПЖ) бепул электрон шаклда ягона форматлардан фойдаланган ҳолда, шу жумладан идоралараро электрон ҳамкорликнинг ягона тизимидан фойдаланиб, шунингдек маълумотларни криптографик ҳимоялаш воситаларини қўллаган ҳолда тақдим этади.

Ҳукуматнинг аниқлик киритишича, қонун «Ногиронлар федерал реестри» федерал давлат ахборот тизими ишга туширилиши билан асосланади. Бунда ногиронлар федерал реестрида зарур маълумотлар мавжуд бўлмаган шароитда, ногиронларга қоғоз шаклидаги ҳужжатларни тегишли органларга тақдим этиш имконияти берилади.

Айтиб ўтилган транспорт воситаларида «Ногирон» таниш белгиси ўрнатилган ҳамда улар ҳақидаги маълумотлар ногиронлар федерал реестрига киритилган бўлиши лозим.

РПЖга, шу жумладан давлат хизматлари портали орқали тақдим этиладиган ногироннинг ёки унинг қонуний вакилининг аризасига кўра тўхташ жойларидан бепул фойдаланиш ҳуқуқини амалга ошириш учун маълумотлар  ногиронлар федерал реестрига жойлаштирилади.

Ногиронлар федерал реестрига ногирон бошқарадиган ёки уни олиб юрадиган битта транспорт воситасига доир маълумотлар киритилади.

Қонун 2020 йил 1 июлдан кучга киради. Бунда 6 ойлик ўтиш даври белгиланади, бу давр ичида ногиронларга ёки уларнинг вакилларига тегишли реестрга ўз транспорт воситалари ҳақидаги маълумотларни жойлаштириш учун ариза бериш имконияти тақдим этилади.

 

Манба: Новости РАА.

 

 

 

Криминал лавҳа

 

Пенсионер – фирибгар

 

Доғистонда қишлоқдаги раҳбар ўринбосари меҳнат пенсиясини олиш учун ёшини 34 га оширди. Бу ҳақда ТАСС республика прокуратураси маълумотларидан ҳавола келтирган ҳолда хабар қилади.

 

«Кулецма қишлоғи муниципал тузилмаси раҳбарининг ўринбосари бўлиб ишлайдиган, 1989 йилда туғилган маҳаллий фуқаро қалбаки РФ фуқароси паспортини олди, унга туғилган санаси ҳақида 34 йилга оширилган ёлғон маълумотлар киритилган эди» – деб айтишди прокуратурада.

Шунингдек амалдор қалбаки меҳнат дафтарчасини ҳам тўғрилаган, унда хусусан, 1985 йилдан 1996 йилгача колхозда ишлаганлиги қайд этилган.

Маълум қилинишича, фирибгар 2018 йил мартдан бошлаб 155 минг рубллик пенсия тўловини олган.

Кулецма қишлоғи раҳбарининг ўринбосарига нисбатан фирибгарлик тўғрисидаги жиноий иш қўзғатилган. Шунингдек мансаб ваколатларини суиистеъмол қилганлиги ва Россия Пенсия жамғармаси туман бўлими ва Федерал миграция хизмати мансабдор шахсларига нисбатан ҳужжатни қалбакилаштирганлиги тўғрисида жиноий иш қўзғатилган.

 

Маълумот учун!

Меҳнатда майибланганда ёки касб касаллигига учраганда бериладиган ногиронлик ПЕНСИЯЛАРИ иш стажидан ҚАТЪИ НАЗАР ТАЙИНЛАНАДИ.

 

 

Мавзувий сонни Алла Ромашко олиб боради. 

Прочитано: 889 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика