Сентябрь ойида иш соатлари сони:
5 кунлик (40 соатлик) иш ҳафтасида – 159;
6 кунлик (40 соатлик) иш ҳафтасида – 159;
36 соатлик иш ҳафтасида – 143.
Иш кунлари сони:
5 кунлик иш ҳафтасида – 20;
6 кунлик иш ҳафтасида – 24.
♦ 2019 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахсларнинг айрим турдаги даромадларига энг кам ставка бўйича ЖШДС солиниши бекор қилинди. Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган жисмоний шахсларнинг барча даромадларига 12%лик ставка бўйича солиқ солинади (Солиқ кодексининг 181-моддаси 1-қисми).
♦ 2019 йил 1 сентябрдан солиқлар ва молиявий-иқтисодий кўрсаткичлар миқдорини белгилаш учун ЭКИҲ ўрнига базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ) 223 000 сўм миқдорида киритилди (21.05.2019 йилдаги ПФ-5723-сон).
♦ Бутун йил давомида ЖШДСни ва ЭКИҲ (2019 йил 1 сентябрдан – БҲМ) бараварида назарда тутилган имтиёзларни ҳисоблаб чиқаришда 2019 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра белгиланган ЭКИҲ – 202 730 сўм қўлланади (Солиқ кодекси 186-моддасининг 1-қисми).
♦ 2019 йилда фуқароларнинг ШЖБПҲга мажбурий ойлик бадаллари ставкаси ходимга ҳисобланган иш ҳақи (даромад) солиқ солинадиган суммасининг 0,1%ини ташкил этади (26.12.2018 йилдаги ПҚ-4086-сон қарорнинг 5-банди).
♦ ШЖБПҲга мажбурий бадаллар ҳисоблаб ёзилган ЖШДСдан чегирилади (АВ томонидан 6.10.2005 йилда 1515-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 3-банди).
♦ Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси доирасида 2019 йил 1 январдан бошлаб фуқароларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш туридаги даромадларидан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган суғурта бадаллари тўлови бекор қилинди (29.06.2018 йилдаги ПФ-5468-сон Фармоннинг 2-банди «а» кичик банди).
I. АНЪАНАВИЙ ҲИСОБ-КИТОБ
Ходимга ойлик иш ҳақи январь-июль ойларида 1 000 000 сўмдан, август-сентябрь ойларида эса – 1 100 000 сўмдан тўланган. Йил бошидан даромад – 9 200 000 сўм (1 000 000 х 7) + (1 100 000 х 2).
Олинган даромадга 12%лик ставка бўйича солинадиган ЖШДС:
9 200 000 х 12% = 1 104 000 сўмга тенг.
Январь-август ойларида 972 000 сўм ушлаб қолинган. Сентябрь ойи учун солиқ суммаси 132 000 сўмга (1 104 000 – 972 000) тенг.
Январь-сентябрь ойлари учун ШЖБПҲга мажбурий бадаллар суммаси 9 200 сўмни (9 200 000 х 0,1%) ташкил қилади.
Январь-август ойлари учун ШЖБПҲга 8 100 сўм ўтказилган, сентябрь ойи учун ажратмалар 1 100 сўмни (9 200 – 8 100) ташкил этади.
Сентябрь ойи учун бюджетга 130 900 сўм (132 000 – 1 100) ўтказилади.
ЖШДС ва мажбурий бадаллар ушланганидан кейин ходимга 968 000 сўм (1 100 000 – 132 000) тўланади.
II. ИМТИЁЗЛАРНИ ҲИСОБГА ОЛГАН ҲОЛДА
1-ВАЗИЯТ
Даромаддан ЭКИҲнинг 4 бараварига тенг сумма чиқариб ташланадиган имтиёз қўлланилган ҳолда ЖШДС ҳисоб-китоби
Солиқ кодексининг 180-моддасига мувофиқ имтиёзга эга бўлган ходимнинг январь-июль ойларидаги меҳнат ҳақи 12 600 000 сўмни (1 800 000 х 7), август-сентябрь ойларида эса – 4 000 000 сўмни (2 000 000 х 2) ташкил қилди. Йил бошидан даромад – 16 600 000 сўм.
♦ Солиқ кодексининг 180-моддаси 2-қисмига мувофиқ ушбу имтиёзга эга бўлган фуқароларнинг (масалан, 16 ёшдан ошмаган икки ва ундан ортиқ болалари бўлган ёлғиз оналар) жами даромадидан ҳар ойда ЭКИҲнинг 4 бараварига тенг сумма чиқариб ташланади.
Солиқ солинадиган даромадни ҳисоб-китоб қиламиз:
16 600 000 – (1 824 570 х 4) = 9 301 720 сўмга тенг.
Январь-сентябрь ойлари учун солиқни ҳисоблаб ёзамиз:
9 301 720 х 12% = 1 116 206,4 сўм.
Январь-август ойларида 973 516,8 сўм солиқ ушлаб қолинган. Сентябрь ойи учун солиқ суммаси 142 689,6 сўмга (1 116 206,4 – 973 516,8) тенг.
ШЖБПҲга мажбурий бадаллар 9 301,72 сўмни (9 301 720 х 0,1%) ташкил қилади.
Январь-август ойларида ШЖБПҲга 8 112,64 сўм ўтказилган, сентябрь ойи учун ажратмалар 1 189,08 сўмни (9 301,72 – 8 112,64) ташкил қилади.
Сентябрь ойи учун бюджетга 141 500,52 сўм (142 689,6 – 1 189,08) ЖШДС ўтказилади.
Ходим қўлига 1 857 310,4 сўм (2 000 000 – 142 689,6) иш ҳақи олади.
2-ВАЗИЯТ
Моддий ёрдам олинганда имтиёзни ҳисобга олган ҳолда ЖШДС ҳисоб-китоби
Ходимнинг меҳнатига январь-июль ойлари учун 1 400 000 сўмдан, август-сентябрь ойларида эса – 1 540 000 сўмдан ҳақ тўланган. Унга фарзандли бўлганлиги муносабати билан 2 600 000 сўм моддий ёрдам кўрсатилган. Йил бошидан даромад – 15 480 000 сўм.
Солиқ кодексининг 179-моддаси 1-бандининг 3 ва 4-хатбошиларига кўра бир йил давомида ЭКИҲнинг 12 бараваригача миқдорда бериладиган қуйидаги моддий ёрдам суммаларига: вафот этган ходимнинг оила аъзоларига ёки оила аъзоси вафот этганлиги муносабати билан ходимга бериладиган тўловлар; ходимга меҳнатда майиб бўлганлик, касб касаллиги ёхуд соғлиққа бошқача шикаст етганлиги билан боғлиқ тўловлар; бола туғилиши, ходим ёки унинг фарзандлари никоҳдан ўтиши муносабати билан бериладиган тўловлар; қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бериш ёки уларни сотиб олиш учун маблағлар бериш тарзидаги тўловларга ЖШДС солинмайди (Солиқ кодексининг 178-моддаси 16-банди). Йил мобайнида ҳисоб-китоб қилишда йил бошида амал қилган ЭКИҲ қўлланилади (202 730 х 12 = 2 432 760 сўм).
Солиқ солинадиган даромад январь-сентябрь ойлари учун 13 047 240 сўмга (15 480 000 – 2 432 760) тенг.
Январь-сентябрь ойлари учун солиқни ҳисоблаб ёзамиз:
13 047 240 х 12% = 1 565 668,8 сўм.
Январь-август ойларида 1 380 868,8 сўм солиқ ушлаб қолинган. Сентябрь ойида солиқ суммаси 184 800 сўмга (1 565 668,8 – 1 380 868,8) тенг.
Январь-сентябрь ойлари учун ШЖБПҲга мажбурий бадаллар суммаси 13 047,24 сўмни (13 047 240 х 0,1%) ташкил этади.
Январь-август ойларида 11 507,24 сўм ўтказилган, сентябрь ойи учун ажратмалар 1 540 сўмни (13 047,24 – 11 507,24) ташкил қилади.
Сентябрь ойи учун бюджетга 183 260 сўм (184 800 – 1 540) ЖШДС ўтказилади.
Ходим 1 355 200 сўм (1 540 000 – 184 800) иш ҳақи олади.
3-ВАЗИЯТ
Қимматбаҳо совға олинганда имтиёзни ҳисобга олган ҳолда ЖШДС ҳисоб-китоби
Ходимнинг меҳнатига январь-июль ойларида 1 500 000 сўмдан, август-сентябрь ойларида эса – 1 650 000 сўмдан иш ҳақи тўланган. Унга январь ойида 2 000 000 сўмлик смартфон совға қилинди.
Солиқ кодексининг 179-моддаси 14-бандига кўра бир йил мобайнида юридик шахслардан ЭКИҲнинг 6 баравари миқдоригача бўлган суммада олинган совғаларнинг қийматига солиқ солинмайди. Бунда йил мобайнида ҳисоб-китоб қилишда йил бошида амал қилган ЭКИҲ қўлланилади (202 730 х 6 = 1 216 380 сўм).
Январь-сентябрь ойлари учун солиқ солинадиган даромад 14 583 620 сўмга ((1 500 000 х 7) + (1 650 000 х 2) + 2 000 000 – 1 216 380)) тенг.
Январь-сентябрь ойлари учун солиқни ҳисоблаб ёзамиз:
14 583 620 х 12% = 1 750 034,4 сўм.
Январь-август ойларида 1 552 034,4 сўм солиқ ушлаб қолинган. Сентябрь ойи учун солиқ суммаси 198 000 сўмни (1 750 034,4 – 1 552 034,4) ташкил қилади.
Январь-сентябрь ойлари учун ШЖБПҲга мажбурий бадаллар суммаси 14 583,62 сўмга (14 583 620 х 0,1%) тенг.
Январь-август ойларида ШЖБПҲга 12 933,62 сўм ўтказилган, сентябрь ойи учун ажратмалар 1 650 сўмни (14 583,62 – 12 933,62) ташкил қилади.
Сентябрь ойи учун бюджетга 196 350 сўм (198 000 – 1 650) ЖШДС ўтказилади.
Ходим қўлига 1 452 000 сўм (1 650 000 – 198 000) иш ҳақи олади.
4-ВАЗИЯТ
Бир нечта имтиёзни ҳисобга олган ҳолда (ҳар ойда даромаддан ЭКИҲнинг 4 бараварига тенг суммани чегириш, моддий ёрдам ва қимматбаҳо совға олинганда) ЖШДС ҳисоб-китоби
Солиқ кодексининг 180-моддасига кўра имтиёзга ҳақли бўлган ходимга январь-июль ойларида 1 500 000 сўмдан, август-сентябрь ойларида эса – 1 650 000 сўм иш ҳақи тўланган. Унга январь ойида никоҳдан ўтиши муносабати билан 3 000 000 сўм моддий ёрдам кўрсатилган ва 1 800 000 сўмлик қийматга эга совға топширилган. Январь-сентябрь ойлари учун жами даромад 18 600 000 сўмни ((1 500 000 х 7) + (1 650 000 х 2) + 3 000 000 + 1 800 000) ташкил қилди.
Қуйидагиларга мувофиқ:
Солиқ кодексининг 180-моддаси 2-қисмига мувофиқ имтиёз олиш ҳуқуқига эга бўлган ходимнинг солиқ солинадиган даромадидан ҳар ойда ЭКИҲнинг 4 бараварига тенг сумма (1 824 570 х 4 = 7 298 280 сўм) чиқариб ташланади;
Солиқ кодексининг 179-моддаси 1-бандига мувофиқ, бир йил давомида ЭКИҲнинг 12 бараваригача (202 730 х 12 = 2 432 760 сўм) миқдорда бериладиган моддий ёрдам суммасига ЖШДС солинмайди;
Солиқ кодексининг 179-моддаси 14-бандига кўра юридик шахслардан бир йил мобайнида ЭКИҲнинг 6 баравари (202 730 х 6 = 1 216 380 сўм) миқдоригача олинган совғаларнинг қийматига ЖШДС солинмайди.
Солиқ солинадиган даромадни аниқлаймиз:
13 800 000 – 7 298 280 + 3 000 000 – 2 432 760 + 1 800 000 – 1 216 380 = 7 652 580 сўм.
Январь-сентябрь ойлари учун солиқни ҳисоб-китоб қиламиз:
7 652 580 х 12% = 918 309,6 сўм.
Январь-август ойларида 817 620 сўм ЖШДС ушлаб қолинган. Сентябрь ойи учун солиқ суммаси 100 689,6 сўмга (918 309,6 – 817 620) тенг.
Январь-сентябрь ойлари учун ШЖБПҲга мажбурий бадаллар суммаси 7 652,58 сўмни (7 652 580 х 0,1%) ташкил этади.
Январь-август ойларида ШЖБПҲга 6 813,5 сўм ўтказилган, сентябрь ойи учун ажратмалар 839,08 сўмни (7 652,58 – 6 813,5) ташкил қилади.
Сентябрь ойида бюджетга 99 850,52 сўм (100 689,6 – 839,08) солиқ ўтказилади.
Ходим қўлига 1 549 310,4 сўм (1 650 000 – 100 689,6) олади.
III. ОДАТДАН ТАШҚАРИ ҲОЛАТЛАР
1-ВАЗИЯТ.
Ўриндош ходим даромадларидан ЖШДС ҳисоб-китоби
Солиқ кодексининг 180-моддаси 2-қисмида назарда тутилган имтиёзга эга ўриндош ходимга январь-июль ойларида 800 000 сўмдан, август-сентябрь ойларида эса – 880 000 сўмдан иш ҳақи тўланган. Январь-сентябрь ойлари учун жами даромад 7 360 000 сўмни ((800 000 х 7) + (880 000 х 2)) ташкил қилди.
Асосий бўлмаган иш жойидан ёки бошқа юридик шахслардан олинган даромадларга тўлов манбаида ЖШДСни ҳисоблаб чиқариш Солиқ кодексининг 180-моддасида назарда тутилган имтиёзни қўлламасдан жами даромад суммасидан амалга оширилади (Солиқ кодексининг 186-моддаси 8-қисми).
Январь-сентябрь ойлари учун солиқни ҳисоб-китоб қиламиз: 7 360 000 х 12% = 883 200 сўмга тенг.
Январь-август ойларида 777 600 сўм солиқ ушлаб қолинган. Сентябрь ойи учун солиқ суммаси 105 600 сўмга (883 200 – 777 600) тенг.
Январь-сентябрь ойлари учун ШЖБПҲга мажбурий бадаллар 7 360 сўмга (7 360 000 х 0,1%) тенг.
Январь-август ойларида ШЖБПҲга 6 480 сўм ўтказилган, сентябрь ойи учун ажратмалар 880 сўмни (7 360 - 6 480) ташкил қилади.
Сентябрь ойи учун бюджетга 104 720 сўм (105 600 – 800) ЖШДС ўтказилади.
Солиқ ушланганидан кейин ходим 774 400 сўм (880 000 – 105 600) иш ҳақи олади.
2-ВАЗИЯТ.
Юридик шахсга турар жойни ижарага берувчи ходимнинг даромадларидан ЖШДС ҳисоб-китоби
Ходимнинг меҳнатига январь-июль ойлари учун 1 100 000 сўмдан, август-сентябрь ойларида эса – 1 200 000 сўмдан ҳақ тўланган. Ходим Тошкент шаҳрида жойлашган, майдони 40 кв.м бўлган турар жой биносини 1 январдан бошлаб ижарага бериш тўғрисида иш берувчи билан шартнома тузди ва ҳар ойда 1 000 000 сўм ижара ҳақи олди.
Жисмоний шахсларнинг турар жойни ижарага топширишдан оладиган даромадларига солиқ солиш ижара (ёллаш) шартномасида назарда тутилган тўловдан келиб чиқиб амалга оширилади, бироқ у турар жойни ижарага берадиган жисмоний шахслар учун белгиланган энг кам ижара ҳақи ставкаларидан ҳисоблаб чиқарилган миқдордан кам бўлмаслиги керак (ПҚ-4086-сон қарорга 24-илова).
Тошкент шаҳрида бир ойлик ижара тўловининг энг кам миқдори этиб 1 кв.м турар жой учун 10 000 сўм; Нукус ва вилоят бўйсунувидаги шаҳарларда – 6 500 сўм; бошқа аҳоли пунктларида – 3 000 сўм белгиланган.
ШЖБПҲга бадаллар иш берувчи ва ходим ўртасида тузилган меҳнат шартномаси ёки фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома бўйича бажарилган ишлар учун олинган даромадлардан ҳисоблаб ёзилади. Ижара ҳақи тарзидаги даромадлар мулкий даромад бўлганлиги ва ишлар бажариш билан боғлиқ бўлмаганлиги боис, ундан ШЖБПҲга ажратмалар қилинмайди.
Ижара ҳақидан ЖШДС суммасини ҳисоблаймиз. Мазкур ҳолатда энг кам ижара ҳақи суммаси 400 000 сўмни (10 000 х 40) ташкил этади, у ҳақиқатдаги ижара ҳақидан камлиги боис шартномада назарда тутилган суммадан солиқ ҳисобланади:
1 000 000 х 12% = 120 000 сўм.
Январь-сентябрь ойлари учун меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромаддан солиқни ҳисоблаймиз:
10 100 000 х 12% = 1 212 000 сўм.
Январь-август ойларида 1 068 000 сўм ЖШДС ушлаб қолинган. Сентябрь ойи учун солиқ суммаси 144 000 сўмни (1 212 000 – 1 068 000) ташкил қилади.
Январь-сентябрь ойлари учун ШЖБПҲга мажбурий бадаллар 10 100 сўмга (10 100 000 х 0,1%) тенг.
Январь-август ойларида ШЖБПҲга 8 900 сўм ўтказилган, сентябрь ойи учун ажратмалар 1 200 сўмни (10 100 – 8 900) ташкил қилади.
Сентябрь ойи учун бюджетга 142 800 сўм солиқ (144 000 – 1 200) ўтказилади.
Солиқ ушлаб қолинганидан кейин ходимга 1 936 000 сўм иш ҳақи (1 200 000 + 1 000 000 – 144 000 – 120 000) тўланади.
3-ВАЗИЯТ.
ШЖБПҲга ихтиёрий бадаллар ўтказувчи ходимнинг даромадларидан солиқ ҳисоб-китоби
Ходимга январь-июль ойларида ойига 1 200 000 сўмдан, август-сентябрь ойларида эса – 1 320 000 сўм иш ҳақи тўланган. Йил бошидан жами даромад 11 040 000 сўмни ((1 200 000 х 7) + (1 320 000 х 2)) ташкил қилди. Февраль ойида ходим бухгалтерияга ҳар ойда унинг иш ҳақидан 500 000 сўмни ШЖБПҲга ихтиёрий бадал сифатида ўтказишни сўраб ариза тақдим этди.
ШЖБПҲга ихтиёрий бадаллар суммаси ходимнинг солиқ солинадиган даромадларини аниқлашда чегириб ташланади (Солиқ кодексининг 179-моддаси 31-банди).
Солиқ солинадиган даромадни аниқлаймиз:
11 040 000 – 4 000 000 = 7 040 000 сўм.
Январь–сентябрь ойлари учун солиқни ҳисоблаймиз:
7 040 000 х 12% = 844 800 сўм.
Январь-август ойларида 746 400 сўм ЖШДС ушлаб қолинган. Сентябрь ойи учун солиқ суммаси 98 400 сўмга (844 800 – 746 400) тенг.
Январь-сентябрь ойлари учун ШЖБПҲга мажбурий бадаллар суммаси 7 040 сўмни (7 040 000 х 0,1%) ташкил этади.
Январь-август ойларида ШЖБПҲга 6 220 сўм ўтказилган, сентябрь ойи учун ажратмалар 820 сўмни (7 040 – 6 220) ташкил қилади.
Сентябрь ойи учун бюджетга 97 580 сўм (98 400 – 820) ЖШДС ўтказилади.
Солиқ ва ШЖБПҲга ихтиёрий ўтказилган бадал чегирилгандан кейин ходимга 721 600 сўм (1 320 000 – 500 000 – 98 400) иш ҳақи тўланади.
*Жисмоний шахсларнинг даромадидан олинадиган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ҳисоб-китоби услубияти январь ойи учун «СБХ»нинг 29.01.2019 йилдаги 5 (1277)-сонида, февраль ойи учун 26.02.2019 йилдаги 9 (1281)-сонида, март ойи учун 26.03.2019 йилдаги 13 (1285)-сонида, апрель ойи учун 23.04.2019 йилдаги 17 (1289)-сонида, май ойи учун 21.05.2019 йилдаги 21 (1293)-сонида, июнь ойи учун 25.06.2019 йилдаги 26 (1298)-сонида, август ойи учун 27.08.2019 йилдаги 35 (1307)-сонида чоп этилган.