Ходим 29 августда таътилга чиқди. Августда унга кўп йил ишлаганлик учун пул мукофоти, озиқ-овқат қиймати, бир неча лавозимда ишлаганлик учун пул мукофоти ва мукофот ҳисобланди.
Таътил пулини ҳисоблаш учун ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблашда бу эътиборга олинадими?
– Ўртача ойлик иш ҳақи ҳисоблаб чиқариш кунидаги тарификация бўйича белгиланган иш ҳақи ёки лавозим маошидан келиб чиққан ҳолда уларни ҳисоблаш даврида тарификация бўйича белгиланган иш ҳақи ёки лавозим маошидан ошган сумманинг 1/12 га оширган ҳолда ҳисоблаб чиқарилади. Бунда ошган суммага ишбай асосида ишлаб топилган қўшимча иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, иш ҳақига қўшимча ҳақлар ва ижтимоий суғурта бўйича бадаллар ҳисобланадиган бошқа тўловлар киради (Тартиб, ВМнинг 11.03.1997 йилдаги 133-сон қарорига 6-илова).
Меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар таътил пулларини ҳисоблашда эътиборга олинади.
Сиз келтирган:
- кўп йил ишлаганлик учун пул мукофоти (Солиқ кодексининг 173-моддаси 5-банди);
- озиқ-овқат қиймати (Солиқ кодексининг 174-моддаси 13-банди);
- бир неча лавозимда ишлаганлик учун пул мукофоти (Солиқ кодексининг 174-моддаси 4-банди);
- мукофотлар (Солиқ кодексининг 173-моддаси 7-банди) меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга киради ва уларга ЯИТ солинади (Солиқ кодексининг 172, 306-моддалари).
Бу ўринда иш ҳақининг (лавозим маошининг) тариф қисмидан ошадиган тўловларни аниқлаш учун ходимнинг таътилга чиқиш пайтидан олдинги 12 ойга тенг бўлган ҳисоблаш даври эътиборга олинади. Сизнинг ҳолатингизда – 2018 йилнинг августидан 2019 йилнинг июлига қадар бўлган давр. Шунинг учун 2019 йил августида ҳисобланган қўшимча тўловларни ҳисоб-китобда эътиборга олмайсиз.
Лекин 2018 йилнинг августидан 2019 йилнинг июлига қадар давр учун тўловларни иш ҳақининг тарифдан ошган қисмини (1/12) ҳисоб-китоб қилишда эътиборга оласиз.
Жавобларни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.