Бухгалтерия 2018 йил учун импорт қилинган ТМЗ қолдиқлари бўйича ҚҚС суммасини ҳисобга олмаган, тегишинча, мазкур суммалар 2019 йил 1 апрелга қадар ҚҚС бўйича ҳисоботда ҳам акс эттирилмаган.
Импорт қилинган ТМЗ қолдиқлари бўйича солиқ суммасини кўрсатган ҳолда ҚҚС бўйича ҳисоботни қайта топширса бўладими?
– Умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтар экан (ҚҚС ставкаси 20% бўлганда) корхона шу тартибга ўтган пайтдан бошлаб товарлар (ишлар, хизматлар) қолдиғи бўйича ҚҚСнинг суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга, агар бунда қуйидаги шартлар бажарилса:
товарлардан (ишлардан, хизматлардан) солиқ солинадиган оборотлар, шу жумладан ноль даражали ставка қўлланиладиган оборотлар мақсадида фойдаланилса;
олинган товарларга (ишларга, хизматларга) етказиб берувчи томонидан ёзилган ҳисобварақ-фактура ёки ҚҚС алоҳида ажратиб кўрсатилган бошқа ҳужжат мавжуд бўлса;
товарлар импорт қилинганда ҚҚС бюджетга тўланган бўлса (Солиқ кодексининг 218-моддаси).
Юқоридаги шартлар бажарилган тақдирда, корхона умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтган пайтидан бошлаб ҚҚСнинг суммасини, шу жумладан товарлар қолдиғи бўйича ҚҚСнинг суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга.
Агар сиз ҚҚСни тўлашга январь ойидан ўтган бўлсангиз, 1 январь ҳолатидаги ТМЗ қолдиқлари бўйича ҳисобга олишни ҳисоботда шу ойнинг ўзидан акс эттиришингиз керак бўлади.
Шунинг учун ҳисоботда ишончли маълумотни акс эттириш мақсадида сиз жорий йилнинг январь–март ойлари учун ҚҚС бўйича ҳисоботни қайта топширишингиз лозим.
Бу бошқа солиқларда ҳам ўз аксини топиши мумкин. Шу туфайли улар бўйича ҳисоб-китоблар тўғрилигини текширинг ва зарурат бўлса, тузатиш киритилган ҳисоб-китобларни топширинг.
Жавобларни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.