Norma.uz

ҚҚС – камайтирилади, ўрта бизнес тоифаси жорий этилади

 

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 11 сентябрь куни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш ҳамда давлат бюджетига кафолатланган тушумларни таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

 

Жорий йилнинг ўтган 8 ойида 70 мингта янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 баробар кўпдир. Бош вазир қабулхоналари ташкил этилганидан кейин ўтган 3 ой мобайнида уларга 12 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган, уларнинг асосий қисми кредит, ер ажратиш ва бошқа масалалар билан боғлиқ. Мурожаатларнинг аксарияти Тошкент, Қашқадарё, Андижон, Самарқанд вилоятларига тўғри келган. Улардан 9 мингтаси (75 фоизи) жойида, шундан 40 фоизи бевосита туман даражасида ҳал бўлган. Бу ҳолат илгари қуйи бўғин раҳбарлари тадбиркорлик соҳасидаги муаммолар билан умуман шуғулланмаганидан далолат беради. Вазирлар Маҳкамасига Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги билан бирга Бош вазир қабулхоналарига тадбиркорлик субъектларидан тушаётган мурожаатларда кўтарилаётган муаммолар имкон қадар жойида ҳал этилишини доимий равишда муҳокама қилиб бориш топширилди.

Мажлисда, жумладан, бизнес юритиш, лицензия ва рухсатномаларни олиш бўйича киритилган янгиликлар амалиётда ҳали тўлиқ ишга тушиб кетмаётгани танқид қилинди. Хусусан, Давлат хизматлари ягона реестрига киритилган 693 та хизмат туридан атиги 103 таси ёки 15 фоизи Давлат хизматлари марказлари орқали ва электрон тарзда кўрсатилмоқда, холос. Бу эса тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган шахсларга қийинчилик туғдирмоқда. Шунинг учун Адлия вазирлигига тадбиркорларга онлайн тизимда ахборот-маслаҳат хизматларини жорий этиш, қоғозда кўрсатилаётган барча давлат хизматларини электрон кўринишга ўтказиш бўйича бир ой муддатда тегишли қарор лойиҳасини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси топширилди.

Кўплаб чет мамлакатларда бизнес субъектлари 3 тоифага (кичик, ўрта ва йирик) бўлинган ва давлат томонидан ҳар бир тоифага нисбатан алоҳида қўллаб-қувватлаш сиёсати олиб борилади. Лекин Ўзбекистонда иқтисодиёт ривожида алоҳида роль ўйнайдиган «ўрта бизнес» тушунчаси, афсуски, умуман йўқ. Шуни ҳисобга олиб, Вазирлар Маҳкамаси ва тегишли вазирликларга ўрта бизнес тоифасини жорий этиш, кичик, ўрта, йирик бизнес мезонларини қайта кўриб чиқиш, уларни алоҳида механизмлар асосида давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

Йиғилиш кун тартибидаги иккинчи масала – давлат бюджетига тушумларни таъминлаш. Ўтган 8 ойда бу борадаги кўрсаткичлар прогнозга нисбатан юқори бўлгани алоҳида қайд этилди. Даромадларни ошириш бўйича фойдаланилмаган захираларни ишга солиш, солиққа тортиладиган базани кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Якка тартибдаги тадбиркорлардан ундириладиган қатъий белгиланган солиқ бўйича тушумларни таъминлаш, яширин иш ўринларини легализация қилиш муҳимлиги таъкидланди. Йирик солиқ тўловчилар билан ишлаш бўйича инспекция солиқ резервларини ўрганиш ва тушумларни кўпайтиришда муҳим омил бўлаётгани қайд этилди. Ушбу ишларнинг самарасини ошириш учун йирик солиқ тўловчиларни электрон ҳисоб фактураларига ўтказиш ва уларни бухгалтерияни компьютерда юритиш дастурларига боғлаш кераклиги таъкидланди. Бу ўринда кўп миллиард сўмлик солиқ қарздорлиги ундирилмагани, қатор туман ва шаҳарлар раҳбарлари изланмай, йирик солиқ тўловчилар ҳисобига прогноз кўрсаткичларини бажаришда давом этаётгани танқид қилинди. Давлат бюджетининг даромадлар қисмини бажаришда сусткашликка йўл қўяётган ҳудудий солиқ идоралари раҳбарлари огоҳлантирилди. Президент прогнозни олдиндан тўлов ҳисобига бажариш қатъиян ман этилишини таъкидлади.

Молия вазирлигига ҚҚС ставкасини камайтириш бўйича аниқ асосланган таклиф киритиш топширилди. Тадбиркорлар, экспертлар ва илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари иштирокида ўтказилган муҳокамаларда билдирилган таклифларни инобатга олиб, Солиқ кодексининг янги таҳрири лойиҳасини пухта ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.

 

ЎзА материали асосида.

Прочитано: 246 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика