Хўжалик юритувчи субъектлар тушум ва бошқа пул тушумларини асосан нақд пулсиз шаклда оладилар. Бироқ вақти-вақти билан ҳисоб-китоб счётидан нақд пул ечиш зарурати туғилади. Буни қандай қилиб тўғри амалга ошириш, бунинг учун нималар қилиш кераклигини «Norma» МЧЖ экспертлари эслатиб ўтадилар.
Хорижга хизмат сафари учун валюта
Талаб қилиб олунгунча депозит счётдан нақд хорижий валютани олиш учун ташкилот хизмат кўрсатувчи ваколатли банкка қуйидаги ҳужжатларни (ёки улардан кўчирмаларни) тақдим этиши зарур:
● хизмат сафари харажатларини қоплаш учун маблағларни бериш ҳақида ариза;
● хизмат сафарига юбориладиган ходимларнинг фамилиялари, исми-шарифининг бош ҳарфлари, хизмат сафарига юбориладиган жой ва хизмат сафарининг муддати кўрсатилган ҳолда хизмат сафарига юбориш тўғрисидаги буйруқ нусхаси;
● ташкилотнинг раҳбари ва бош бухгалтери (бухгалтери) томонидан тасдиқланган хорижий валютада олиниши лозим бўлган сумманинг ҳисоб-китоби;
● ташкилотнинг раҳбари томонидан тасдиқланган хизмат сафари режа-топшириғи;
● таклиф қилаётган томоннинг мазкур сафарни молиялаштириш шартлари (улар мавжуд бўлганда) кўрсатилган хатлари, факслари ва телексларининг нусхалари;
● Вазирлар Маҳкамаси қарори нусхаси (Вазирлар Маҳкамасининг қарори бўйича жўнаб кетаётган шахслар учун) (АВ томонидан 19.11.2015 йилда 2730-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 36-банди).
Ташкилот счётида хорижий валюта бўлмаган тақдирда банклар хизмат сафари харажатлари учун Марказий банкнинг хизмат сафари харажатлари бериладиган кундаги курси бўйича АҚШ долларидаги эквивалентини беришига рухсат этилади.
Шунингдек ташкилотда валюта маблағлари бўлмаган тақдирда у валютани ваколатли банклардан ёки биржадан ташқари валюта бозорида сотиб олиши мумкин (Низомнинг 37-банди).
Хизмат сафарига юборилган ходим хизмат сафари харажатларига берилган маблағлардан фойдаланганлик тўғрисидаги аванс ҳисоботини бухгалтерияга хизмат сафаридан қайтиб келингандан кейин 3 иш кунидан кечиктирмай аванс олинган валютада тақдим этиши шарт.
Хизмат сафари натижалари бўйича якуний ҳисоб-китоб ҳужжатлар билан тасдиқланган ҳақиқий харажатлар бўйича, белгиланган меъёрлар ва қўшимча тўловларни ҳисобга олган ҳолда, аванс ҳисоботини қабул қилиш кунидаги Марказий банк курси бўйича амалга оширилади (Низомнинг 43-банди).
Ходимларга ортиқча харажатларни қоплаш учун ташкилотлар счётидан маблағ олиш учун у хизмат кўрсатувчи банкка қуйидагиларни тақдим этади:
● маблағларни бериш ҳақида ариза;
● ташкилот раҳбари ва (ёки) бош бухгалтер (бухгалтер) томонидан тасдиқланган хизмат сафарига юборилган шахснинг аванс ҳисоботи;
● хизмат сафарига юборилган шахснинг Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги харажатларини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари;
● қопланиши лозим бўлган сумма ҳисоб-китоби (Низомнинг 52-банди).
Хўжалик фаолияти учун нақд пул
Президентнинг «Банклардаги депозит ҳисобварақлардан нақд пул тўловларини узлуксиз таъминлаш кафолатлари тўғрисида»ги қарорида (5.08.2005 йилдаги ПҚ-147-сон) нақд пул маблағларини мунтазам олиш имкони белгиланган.
ПҚ-147-сон қарорнинг 2-бандида хизмат кўрсатувчи банклар зиммасига аҳоли, хўжалик юритувчи субъектлар, жисмоний ва юридик шахсларга уларнинг талаби бўйича нақд пул узлуксиз берилишини таъминлаш вазифаси юклатилган.
Эътибор беринг!
Нақд пул қолдиғининг белгиланган лимитига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тайёрловчи ва қайта ишловчи хўжалик юритувчи субъектлар томонидан аҳолидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш мақсадида банкдан олинган нақд пул киритилмайди (АВ томонидан 1.05.2018 йилда 3003-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 18-банди).
Барча хўжалик юритувчи субъектларга (аҳолига ҳам) банклар кассаларидан нақд пул уларнинг банклардаги депозит счётларидаги маблағлари доирасида, касса ҳужжатларида кўрсатилган мақсадларга берилади (Йўриқноманинг 30-банди).