«А» фирмасининг балансида 2015 йилда автосалонда сотиб олинган автомобиль бор. «А» фирмаси муассислари 2019 йилда уни сотишга қарор қилдилар, бироқ ҳар йилги қайта баҳолашдан кейинги автомобилнинг қолдиқ қиймати ва эскириш суммаси уларга маъқул келмаяпти. Шу сабабли йиғилиш баённомаси асосида қолдиқ қийматни пасайтириш учун ўтказилган қайта баҳолашни бекор қилиш таклиф этилди. Баённомада автомобилга техник хизмат кўрсатиш қимматга тушаётганлиги сабабли, шунингдек Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритилгани, унинг 266-моддасига мувофиқ кўчмас мулк юридик шахслар учун солиқ солиш объекти эканлигига ҳавола қилиниб, қайта баҳолаш жамиятнинг молиявий кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатаётгани қайд этилди.
Фирманинг салбий молиявий кўрсаткичлари, автотранспортга техник хизмат кўрсатишнинг имкони йўқлиги сабабли ўтказилган қайта баҳолашнинг бекор қилиниши директор ва бош бухгалтер учун қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?
Муассислар розилиги билан буни амалга ошириш қонунийми?
– Муассисларингиз қайта баҳолашни бекор қила олмайдилар.
1 январь ҳолати бўйича асосий фондларни қайта баҳолашни ўтказиш тартиби Низом (АВ томонидан 4.12.2002 йилда 1192-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан белгиланган. Низомда асосий фондларни мажбурий қайта баҳолашнинг ягона тартиби белгиланган ва унинг амал қилиши, мулкчилик шакли ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг барча корхоналари, ташкилотлари ва муассасаларига татбиқ этилади.
Низомда 1 январь ҳолати бўйича асосий фондларни қайта баҳолаш даврийлиги назарда тутилган:
● йирик корхоналар учун – ҳар йили. Қайта баҳолашни, мулкчилик шакли ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар, барча хўжалик юритувчи субъектлар ўтказишлари шарт;
● микрофирма ва кичик корхоналар учун – 3 йилда 1 маротаба (1.01.2014 йилдан, 25.12.2013 йилдаги ПҚ-2099-сон қарорнинг 6-банди).
Қонун ҳужжатларида муассисларга корхона ўтказган асосий фондларни қайта баҳолашни салбий молиявий кўрсаткичлар ёки бошқа сабаблар боис бекор қилиш ҳуқуқи берилмаган. Бироқ сиз қайта баҳолашни қўллаш усулларини қайта кўриб чиқишингиз мумкин.
Асосий фондларнинг тўлиқ тикланиш қиймати ташкилотнинг хоҳишига қараб қуйидагича аниқланади:
● қайта баҳолашни ўтказиш даврида 1 январга шаклланган, баҳоланаётганларига айнан ўхшаш бўлган янги объектларга ҳужжатлар асосида тасдиқланган бозор нархлари бўйича алоҳида объектлар қийматини бевосита ҳисоблаш йўли билан (бевосита қайта баҳолаш усули);
● ёки асосий фондлар турлари бўйича ва уларни харид қилиш даврларига боғлиқликда табақаланган асосий фондлар қийматини ўзгартириш индексларини қўллаган ҳолда айрим объектларнинг дастлабки (тикланиш) қийматини индекслаш йўли билан (индекс усули).
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.