Умумбелгиланган солиқларни тўловчи корхона ҚҚС солинадиган ва солинмайдиган оборотларга эга. Корхона ҳисобга олинадиган ҚҚС суммасини алоҳида-алоҳида аниқлаш усулини қўллайди. Бунда алоҳида-алоҳида ҳисобини юритиб бўлмайдиган умумий харажатлар мутаносиб усулда бўлинади.
1. ҚҚС ажратиб кўрсатилган, улар бўйича солиқ суммаси солиқ солинмайдиган оборотларга кирадиган олинган ҳисобварақ-фактураларни ҚҚС ҳисоб-китобига 4-иловага киритиш зарурми?
2. Ҳисобга олинмайдиган ҚҚС суммаси ҚҚС ҳисоб-китобига қайси иловаларда кўрсатилади?
1 |
Ҳа, «Харид қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) реестри»га (ҚҚС ҳисоб-китобига 4-илова, АВ томонидан 21.01.2019 йилда 3126-сон билан рўйхатдан ўтказилган) барча ҳисобварақ-фактураларни киритиш зарур. Реестрга изоҳда кўрсатилганидек, у ҚҚС ажратиб кўрсатилган ҳисобварақ-фактуралар бўйича тўлдирилади. Яъни фақат улар бўйича ҚҚС ҳисобга олинадиган ҳисобварақ-фактураларни киритиш керак дейилмаган, балки айнан ҚҚС ажратиб кўрсатилган барча ҳисобварақ-фактуралар айтилган.
Алоҳида-алоҳида (тўғри) ҳисобга олиш усулини қўллаганда, солиқ солинмайдиган оборот учун олинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралардаги ҚҚСни бухгалтерия ҳисобида дарҳол олинган товарлар (ишлар, хизматлар) таннархига киритинг. Яъни ушбу ҚҚС маҳсулот таннархига киритилади.
2 |
Ҳисобга олинмайдиган ҚҚС суммасини ҚҚС ҳисоб-китобига 3-«Ҳисобга олинадиган қўшилган қиймат солиғи суммаси ҳисоб-китоби» иловасида акс эттириш зарур. Ушбу шаклда ҳисоб маълумотларингиз асосида 040-«Олинган ва реализация қилиш оборотлари учун фойдаланилган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҚҚС суммаси (алоҳида-алоҳида ҳисобга олиш усулидан фойдаланганда)» сатрини қўлда тўлдиринг:
● 0401-сатр – 20%лик ставкада солиқ солинадиган;
● 0402-сатр – 0%лик ставкада солиқ солинадиган (товарлар экспортидан ташқари);
● 0403-сатр – 0%лик ставкада солиқ солинадиган товарларнинг чет эл валютасидаги экспорти учун;
● 0404-сатр – ҚҚС солинмайдиган. Ушбу сатрда ҳисобга олмай, таннархга киритган ҚҚСни акс эттирасиз. Тўғри усулда бўлинмайдиган харажатлар бўйича ҚҚС 050-сатрда автоматик равишда салмоқларга қараб ҳисобланади. Реализация қилиш оборотларининг салмоғи ҳам ҚҚС ҳисоб-китобига 1-«Товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш бўйича оборотлар» иловаси 020-сатрида автоматик равишда ҳисобланади.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.