Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона 2019 йилдан ҚҚС тўлайди. Юклаб жўнатган тайёр маҳсулотларимиз турли сабабларга кўра қайтарилади.
ҚҚС бўйича ҳисоботнинг қаерида товарларни қайтаришга ҳисобварақ-фактура ва ҚҚС кўрсатилади?
– Товарлар қайтарилганда фойда солиғи ва ҚҚС бўйича солиқ солинадиган базага (реализация қилиш оборотларига) тузатиш киритилади (Солиқ кодексининг 131, 205-моддалари).
Тузатишни киритиш бир йиллик муддат ичида, кафолат муддати белгиланган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича эса – кафолат муддати доирасида амалга оширилади.
ҚҚС суммаси Қўшилган қиймат солиғи ҳисоб-китобига (3-илова, АВ томонидан 21.01.2019 йилда 3126-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 3-«Ҳисобга олинадиган қўшилган қиймат солиғи суммаси ҳисоб-китоби» иловасида тузатиш суммаси сифатида акс эттирилади.
Товарлар қайтарилганда (Солиқ кодексининг 205-моддаси) илгари рўйхатдан ўтказилган ҳисобварақ-фактураларга тузатиш киритиш чоғида тузатувчи ҳисобварақ-фактурани Реализация қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) реестрида (ҚҚС ҳисоб-китобига 5-илова) рўйхатдан ўтказиш зарур. Бу мазкур ўзгартириш киритилган ҳисобот (солиқ) даврида Реестрнинг қўшимча варағида қилинади. Реестрнинг қўшимча варақлари унинг ажралмас қисми ҳисобланади (Тартибнинг 19-банди, 3-илова, АВ томонидан 21.01.2019 йилда 3126-сон билан рўйхатдан ўтказилган).
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.