Корхона дори воситаларини ишлаб чиқаради ва реализация қилади. 2019 йилдан умумбелгиланган солиқлар тўловчисига айландик. Электр энергияси ва сувни ҚҚС билан оламиз. Ушбу ҚҚСни ҳисобга олмаймиз, сабаби имтиёзга эгамиз (Солиқ кодексининг 208-моддаси 13-банди). Уни электр энергияси ва сув қийматига киритамиз, кейин эса ишлаб чиқарилган маҳсулот таннархига ҳисобдан чиқарамиз.
1. Барча оборотлари ҚҚС тўлашдан озод этилган корхона ҚҚС ҳисоб-китобига 3-«Ҳисобга олинадиган қўшилган қиймат солиғи суммаси ҳисоб-китоби» иловасини тўлдириши керакми?
2. 4-«Харид қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) реестри» иловасини тўлдириш керакми? Агар керак бўлса, ҚҚС қайси устунда ажратиб кўрсатилади?
1 |
Корхонангиз умумбелгиланган тизимдаги солиқларни тўловчи сифатида ҚҚС тўловчиси ҳам ҳисобланади. Корхонанинг ўзи эмас, балки тиббиёт буюмларини реализация қилиш обороти ҚҚС тўлашдан озод этилган (Солиқ кодексининг 208-моддаси 13-банди). Айни пайтда 100% оборотингиз имтиёзли тушумдан ташкил топган бўлса ҳам, бу ҚҚС тўловчиси сифатида ҳисобот топширмаслигингиз мумкин дегани эмас. Сизда исталган даврда ҚҚС солинадиган оборот юзага келиши эҳтимоли бор. Масалан: кераксиз асосий воситалар ёки ТМБни сотасиз, ҳадя қиласиз, УФга киритасиз ва ҳ.к.
Умуман ҚҚС тўлашдан озод қилинган корхоналаргина у бўйича ҳисобот тўлдирмайдилар. Бу ҳолда улар ҚҚС тўламайдиган шахслар ҳисобланади.
Шу сабабли ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботининг барча, шу жумладан Қўшилган қиймат солиғи ҳисоб-китобига (3-илова, АВ томонидан 21.01.2019 йилда 3126-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 3-«Ҳисобга олинадиган қўшилган қиймат солиғи суммаси ҳисоб-китоби» ва 4-«Харид қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) реестри» иловаларининг ҳам бланкаларини тўлдиришингиз зарур.
2 |
Аввало «Харид реестри»ни (ҚҚС ҳисоб-китобига 4-илова) тўлдириш лозим. Реестр, ҳисобга олиниши ёки ҳисобга олинмаслигидан қатъи назар, ҚҚС ажратиб кўрсатилган ҳисобварақ-фактуралар бўйича тўлдирилади.
Электр энергияси ва сув олиш чоғида тўланган ҚҚСни Реестрнинг 7-«ҚҚС суммаси» устунида акс эттиринг. Сизда қурилиш ишлари бажарилмаётган ва кейинги устунларда кўрсатилган операциялар амалга оширилмаётган бўлса, Реестрнинг 8–19-устунларига ноль қўйилади.
Асосий фаолиятингиз ҚҚС бўйича имтиёзга эгалигидан келиб чиқиб, солиқ солинадиган оборот юзага келганда кирувчи ҚҚСни мутаносиб ҳисобга олиш усулидан фойдаланишингиз лозим бўлади. Бу ҳолда ҚҚС ҳисоб-китобига 3-иловани тўлдирмайсиз. У ерда барча сатрлар автоматик равишда тўлдирилади. Электрон ҳисоботда реализация қилиш оборотларининг салмоғи «Товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш бўйича оборотлар» шаклида (ҚҚС ҳисоб-китобига 1-илова) автоматик равишда ҳисобланади. Бунда 0204-«ҚҚС солинмайдиган реализация қилиш оборотларининг салмоғи» сатрида сизда январда 100% бўлади. Тегишинча, Реестрнинг 7-устунида акс эттирилган бутун ҚҚСни электрон ҳисобот дастури ҚҚС ҳисоб-китобига 3-илованинг олинган ва ҚҚС солинмайдиган реализация қилиш оборотлари учун фойдаланилган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҚҚС суммаси (мутаносиб усулдан фойдаланганда) акс эттириладиган 0504-сатрида кўрсатади. Сўнг 3-илованинг 070-«Ҳисобга олинмайдиган ҚҚС суммаси» сатрида ҳам январда автоматик равишда «Харид реестри» 7-устунидаги бутун ҚҚС суммаси акс этади.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.