Norma.uz
Газета СБХ / 2019 год / № 11 / Устуворликлар

Ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида

 

Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби Кунио Микурия бошчилигидаги делегация ташриф билан мамлакатимизда бўлди.

 

Шу муносабат билан 6 март куни Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасида делегация аъзолари билан учрашув ўтказилди.

Давлат боежхона қўмитаси раиси М.Азимов ­Президент Шавкат Мирзиёев томонидан хорижий давлатлар билан олиб борилаётган конструктив ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик божхона соҳасида ҳам жадал ифодасини топаётганини таъкидлади.

Учрашувда Жаҳон божхона ташкилотининг «Бизнес учун божхона» (Customs to Business) йўналишида мамлакатимизда амалга оширилган ишлар ҳақида тўхталиб ўтилди.

200 га яқин давлатни бирлаштирган мазкур нуфузли ташкилотга Ўзбекистон 1992 йил 28 июлда аъзо бўлган. Ўзбекистон Жаҳон божхона ташкилотининг божхона амалиёти билан боғлиқ 20 дан ортиқ халқаро конвенциясига қўшилган.

Мамлакатимизда қатор давлатлар билан икки томонлама савдони ривожлантириш ва фуқароларга қулайликлар яратиш мақсадида Тожикистон Республикаси билан 10 та, Қозоғистон Республикаси билан 2 та чегара ўтказиш пунктлари, 55 та транзит йўлаклари ишга туширилган.

Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Беларусь билан айрим товарлар учун соддалаштирилган божхона йўлаклари ташкил этиш бўйича битимлар имзоланган. Божхона хизматлари ўртасида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон божхона хизмати томонидан ишлаб чиқилган битим лойиҳалари бўйича 22 та давлатга таклифлар юборилган.

Учрашувдан сўнг Бош котиб қўмитада ташкил этилган видеоконференцияда ҳам иштирок этди.

Тадбирда Давлат божхона қўмитасининг фаол ходимларига Жаҳон божхона ташкилоти сертификатлари топширилди.

Жаҳон божхона ташкилоти делегацияси қўмитанинг Божхона экспертизаси ва ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатурасини юритиш бошқармаси қошидаги лаборатория ва «Божхона тарихи» музейи фаолияти билан танишди.

Куннинг иккинчи ярмида меҳмонлар Тошкент вилояти Зангиота туманидаги «High Way Logistics Centre» замонавий транспорт логистика марказига ташриф буюрди.

Марказда бир вақтнинг ўзида 300 та юк автомашинасини қабул қилиш имконияти ва божхона назорати остида товарларни сақлаш учун божхона омбори фаолияти йўлга қўйилган. «Арк булоқ» ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ҳам мазкур логистика марказида иш бошлагани тадбиркорлар учун қулайлик яратмоқда.

Постда рухсатнома берувчи турли идоралар, банк, логистика ва брокерлик ташкилотлари бир дарча тамойили асосида иш юритаётгани, «фронт-офис»лар хизмати йўлга қўйилгани, юкларни сканер қилувчи замонавий рентген қурилмалари билан жиҳозлангани божхона назорати ва расмийлаштирувининг қисқа муддатларда амалга ошириш имконини беради.

Меҳмон марказда яратилган шароит ва имкониятларга юқори баҳо берди.

Божхона институтида ташкил этилган тадбирда меҳмонлар мамлакатимизда соҳада кадрлар тайёрлашдаги илғор ёндашувлар, таълим жараёни билан танишди.

Шу куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби Кунио Микурия билан учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқотда Жаҳон божхона ташкилоти ва Ўзбекистоннинг кўп йиллик ҳамкорлигини ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди.

Ҳаракатлар стратегияси доирасида божхона тартиботларини соддалаштириш ва бизнес юритиш учун қулай шарт-шароит яратиш борасида изчил чоралар кўрилмоқда. Жумладан, 2018 йилда божхона органларини ислоҳ этиш, тадбиркорлик ва туризмни жадал ривожлантириш учун қулай шароит яратиш мақсадида божхона фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган 46 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.

Учрашувда қайд этилганидек, Жаҳон божхона ташкилоти билан ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон божхона хизматига товарларни таснифлаш, халқаро савдо тартиботларини соддалаштириш, божхона соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, қалбаки маҳсулотлар олиб кирилиши ва коррупцияга қарши курашишда амалий кўмак кўрсатилмоқда.

Ўзбекистон 2017 йилда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини тиклади. Шу билан бирга, мамлакатимиз божхона органлари фаолиятини халқаро стандартларга мувофиқлаштиришда ҳали кўп ишлар қилиниши лозимлиги таъкидланди. Хусусан, 2025 йилга бориб Жаҳон банкининг «Doing business» рейтингида, 2022 йилгача эса Халқаро молиявий корпорация рейтингида энг илғор йигирма мамлакат қаторига кириш марралари қўйилган.

Ушбу мақсадларга эришишда божхона органлари муҳим ўрин тутади. Шу жиҳатдан, Жаҳон божхона ташкилотининг Ўзбекистон божхона хизмати имижи ва салоҳиятини ошириш борасидаги фаол кўмаги юқори баҳоланди.

К.Микурия Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишга қаратилган ислоҳотларни, бу борадаги очиқ ташқи сиёсатини тўла қўллаб-қувватлашини билдирди. Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишида Жаҳон божхона ташкилоти ҳам ўз ҳиссасини қўшишини маълум қилди.

 

ЎзА материали асосида.

Прочитано: 1143 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика