Norma.uz
Газета СБХ / 2019 год / № 11 / Янги қонун

Ердан оқилона фойдаланиш бўйича масъулият кучайтирилади

 

Ўзбекистон Республикасининг «Ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни матбуотда эълон қилинди.

 

2019 йил 4 март куни Президентимиз томонидан имзоланган мазкур қонун уч ойдан сўнг кучга киради.

Умуммиллий бойликларимиздан бири, шубҳасиз, ердир. Ер кодексининг 16-моддасига асосан ер давлат мулки ҳисобланиб, у давлат томонидан муҳофаза этилади.

Мамлакатимизда экин майдонлари, томорқа ерлардан самарали фойдаланиш, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг бандлиги ва фаровонлигини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, айрим туманларда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ер участкаларидан оқилона фойдаланиш бўйича ишлар ҳолатини ўрганиш натижалари ушбу йўналишдаги фаолиятни ташкил этишни янада такомиллаштириш бўйича аниқ чоралар кўришни тақозо қилмоқда.

Таҳлиллар сўнгги йилларда экин, шу жумладан, қишлоқ хўжалигидаги суғориладиган ер майдонларини ҳисобдан чиқариш ҳолатлари ўсиши кузатилаётганини кўрсатмоқда. Бунинг асосий сабаби ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар томонидан ўзбошимчалик ва бепарволикка йўл қўйиб келинаётганлигидир.

Бундай қонун бузилиши ҳолатларига асосан ер майдонлари, шу жумладан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, ноқонуний қурилишларга нисбатан эгалик ҳуқуқини бериш шаклида йўл қўйилмоқда. Ачинарлиси, бу каби қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан бирор-бир шахснинг жавобгарлик масаласи ҳал этилмасдан қолаётганидир.

Ер майдонларини сотиш эвазига пора олганлиги ҳолати бўйича мансабдор шахсларга Жиноят кодекси 210-моддаси ва мансабдор бўлмаган шахсларга Жиноят кодекси 168-моддаси билан жиноий жавобгарлик назарда тутилган.

Фермер хўжаликлари раҳбарлари фуқаролар билан тил бириктирган ҳолда ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳолатлари кузатилмоқда. Демак, қонунчиликда маълум маънода бўшлиқ мавжуд бўлган.

Прокуратура органлари томонидан 2018 йилда ўтказилган назорат тадбирларида 837 ҳолатда жисмоний ва юридик шахслар томонидан ўзбошимчалик билан 331,1 гектар ер майдонлари эгаллаб олинганлиги аниқланган бўлса-да, бунга йўл қўйган доимий ва ижара асосида ерлардан фойдаланувчи мансабдор шахсларга нисбатан жиноят қонунчилигида жавобгарлик белгиланмаганлиги сабабли уларнинг қилмишлари жазосиз қолган.

Шу боис, «Ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.

Қонун 8 моддадан иборат бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги 6 кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Қонунчиликка киритилган янгиликларнинг энг муҳимларига тўхталиб ўтамиз. Маълумки, ерга оид қонун талабларининг жиддий бузилиши жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Амалдаги Жиноят кодекси 197-моддасида шу ҳолат ўз ифодасини топган бўлиб, бу модда «Ер, ер ости бойликларидан фойдаланиш шартларини ёки уларни муҳофаза қилиш талабларини бузиш», деб номланади. Унга кўра, ер, ер ости бойликларидан фойдаланиш шартларини ёки уларни муҳофаза қилиш талабларини бузиш оғир оқибатларга сабаб бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Эндиликда Жиноят кодекси ердан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатлар янада аниқ акс этган янги 197-1-модда билан тўлдирилди. «Суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича чоралар кўрмаслик» деб номланган мазкур моддага кўра, суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича ер эгаси, ердан фойдаланувчи ёки ижарачи томонидан чоралар кўрмаслик, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бунда эътибор қилиш керакки, мазкур нормада айнан суғориладиган ер назарда тутилмоқда. Чунки бундай ерлар нафақат фойдали, балки айрим шахсларнинг улардан ўз манфаати учун фойдаланиш объекти ҳамдир. Янги норма эса суғориладиган ерларни муҳофаза қилишга хизмат қилади.

Янги модда билан юқорида тилга олинган қилмиш такроран, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, жавобгарлик янада оғирлашади. Яъни, бу энг кам ойлик иш ҳақининг бир юз эллик бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Мазкур моддада, албатта, қилмишни енгиллаштирувчи ҳолатлар ҳам назарда тутилган. Яъни, жиноятни биринчи маротаба содир қилган шахс, агар ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасининг қайтарилишини таъминласа ҳамда ўзбошимчалик билан эгаллаб олишнинг оқибатларини бартараф қилса, жавобгарликдан озод этилади.

Ер билан боғлиқ муносабатларда янада аянчли ҳолат ер ажратиш тартиби бузилаётганида. Чунки бунинг оқибатида қишлоқ хўжалигидаги суғориладиган ерлар муомаладан чиқиб кетмоқда. Бу эса сон жиҳатдан ўсиб бораётган аҳолини озиқ-овқат ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлашга жиддий таҳдид солмасдан қолмайди.

Жумладан, прокуратура органлари томонидан 2018 йилда ўтказилган назорат тадбирларида 1,8 мингдан зиёд ҳолатда мансабдор шахслар томонидан 30 минг 755 гектар ер майдони ноқонуний ажратилганлиги аниқланган.

Шу боис, Жиноят кодекси «Ер бериш тартибини бузиш» деб номланган 229-4-модда билан тўлдирилди. Унга кўра, ер бериш тартибини бузиш, шундай ҳаракат учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг бир юз эллик баробаридан уч юз баробаригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракат такроран содир этилса, суғориладиган ерларнинг қишлоқ хўжалиги оборотидан чиқишига сабаб бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз баробаридан олти юз баробаригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Қонуннинг 3-моддаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча киритилди. Кодекс 60-моддаси диспозициясидаги «худди шунингдек ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш» деган сўзлар чиқариб ташланди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс қуйидаги мазмундаги иккинчи ва учинчи қисмлар билан тўлдирилди: ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни биринчи маротаба содир қилган шахс, агар ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасининг қайтарилишини таъминласа ҳамда ўзбошимчалик билан эгаллаб олишнинг оқибатларини бартараф қилса, жавобгарликдан озод этилади.

Хулоса қилиб айтганда, қонун ердан оқилона фойдаланишда фуқаролар масъулияти ва жавобгарлигини оширишга ҳамда бу борадаги қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг такомиллашувига хизмат қилади.

 

Турғун ИСКАНДАРОВ,

Олий Мажлис Сенати аъзоси. ЎзА.

Прочитано: 1888 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика